Ўзбекистонда энди 'фан номзоди' даражаси берилмайди

Ўзбекистонда бундан буён "фан номзоди" атамаси ва унвони берилмайди.

Президент Ислом Каримов 24 июл куни бу борадаги махсус фармонга имзо чеккан.

Айни соҳада халқаро меъёрларга мос янги икки босқичли тизим - бакалавриат ва магистратура бунёд этилади.

Эски тизим - фан номзодлиги эса, аксар ҳолатларда илм фанга хизмат қилмаслиги, балки шахсий мақсадлар йўлида суъистеъмол қилиб келингани айтилади.

"Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонда ҳам амалдаги тизим "замонавий, халқаро тан олинган талабларига мос келмаслиги" урғуланган.

Таниқли тарихчи олим Гога Ҳидоятов уни "ўз вақтида чиқарилган фармон" сифатида кўришини айтди.

"Манимча, жуда тўғри фармон. Мен аллақачон шу номзодлик унвони керак эмаслигини айтиб юрардим. Чунки, ҳозир даражаси жуда пасайиб кетган. Мен 20 йил Илмий кенгашнинг раиси бўлгандим, кейин аъзо бўлгандим бир неча бошқа кенгашларга. Ҳайрон қолиб ўтирардим номзодларнинг кириш сўзларини эшитиб. Ҳозир интернет бор. Интернетда нима хоҳласангиз топасиз. Шунинг учун, номзодлар шу ердан кўчириб олган. Бекор пул сарф қилиб буларга кандидадлик бериш керак эмас", дейди тарихчи.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бундан буёғи Ўзбекистонда фан номзоди институти тугатилиб, ривожланган мамлакатлардаги каби фақат битта - фан доктори институти жорий этилиши айтилади.

Ўзбекистондаги фан номзодларидан бири ҳам Би-би-сига гапираркан, буни "тўғри қабул қилинган фармон" эканини айтди.

"Чет эл андазаларига яқинлашаяпмиз шекилли, чунки дунёнинг бошқа ҳеч қаерда бунақа фан номзоди деган фармон йўқ", дейди у.

Ҳозиргача номзодлик илмий ишини ёқлаганлар ва ёқлаш арафасида юрганларга мазкур янгилик қандай таъсир қилиши борасида гапираркан:

"Фармон бугун овоза бўлди. Уни шахсан ўқиб кўрганимиз йўқ. Ҳамкасбларим билан гаплашганда, шундай дейишдики, ҳозиргача илмий иш ёқлаганларнинг мақоми ҳам, уларга бериладиган имтиёзлар ҳам сақланиб қолар экан. Аммо, кўпчилик ҳали фармон билан танишиб чиққани йўқ, шунинг учун ҳам, унинг кенг миқёсда қандай акс-садо бераётгани ҳақида гапиришга эрта", дейди ўзбекистонлик фан номзоди Би-би-си билан суҳбатда.

Шунингдек, у фармон амалга тадбиқ этилиши билан илмий иш ҳимоя қилишга оид талаблар ҳам кучайиши ва бунинг ортидан эса, айни соҳада фақат "ҳақиқий илмга қизиққан инсонлар" қолишига умид билдиради.