Артур Григорьян: ўзбекистонлик спортчилар кўп нарсага қодир

Профессионал боксда енгил вазн тоифасининг барча асосий версиялари бўйича бир неча карра жаҳон чемпиони Артур Григоряннинг айтишича, ўзбекистонлик боксчиларнинг Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида камида битта олтин медал олишларига ишончи комил.

Донгдор боксчининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Ўзбекистон кўплаб халқаро турнирлар ва чемпионатларда бокс бўйича нималарга қодирлигини амалда кўрсатиб қўйган.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Лондон Олимпиада Ўйинларига энг кўп йўлланма олган жамоалардан биридир.

Ўйинларда Ўзбекистонни олти нафар боксчи намоён этади.

Уларнинг орасида ҳаваскор боксда икки карра Жаҳон чемпиони Аббос Атоев, Осиё Ўйинлари кумуш медали совриндори Ўктам Раҳмонов, қатор халқаро турнирлар ғолиби Элшод Расулов ва Фазлиддин Ғоипназаровлар бор.

Ўзбекистонлик боксчилар совринли ўринлар учун курашларини расмий очилиш маросимининг эртаси куниёқ, яъни 28 июл куни бошлаб юборишган.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида Атланта, Сидней ва Афина Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин, кумуш ва бронза медаллари бор.

Биз ўзбекистонлик боксчиларнинг беллашувлари манзарасида донгдор боксчини суҳбатга чорлаб, унинг башоратлари билан қизиқдик:

Артур Григорян: Мен ҳам айнан Аббос Атоев ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эдим. Чунки Аббос Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медалига даъвогарлик қилиши мумкин бўлган илк умидларимиздан бири. Мен Аббос билан бир қаторда Ўйинларда иштирок этаётган бошқа боксчиларимизга ҳам совринли ўринларни қўлга киритишларини тилаб қоламан. Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтишим керакки, бу - бокс, бунга тайёр бўлиш керак. Аммо Ўзбекистон кўплаб халқаро турнирлар ва чемпионатларда бокс бўйича нималарга қодирлигини амалда кўрсатиб қўйган. Мен Лондон Олимпиада Ўйинларида боксчиларимиз камида битта олтин медал олишади, деб ўйлайман. Жуфт бўлишини ҳам тилаб қоламан.

Би-би-си: Лекин сўнгги Пекин Олимпиадасида боксчиларимизга нима панд бериб қўйди, деб ўйлайсиз?

Артур григорян: Бу - бокс. Боксда манаман деган боксчилар ҳам дастлабки учрашувларини бой бериб қўйишлари мумкин. Бунинг қўрқинчли ери йўқ. Чунки кўпчилик баҳо берганда, бокснинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олмайди. Лекин бу галги Олимпиада Ўйинларида медалларимиз кўп бўлишига ишонаман ва бунга умид қилиб қоламан. Ич-ичдан негадир боксчиларимиз камида битта олтин медалли бўлишади, деган ўйдаман.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Орзубек Шоимов 56 кг.ча бўлган вазн тоифасида дастлабки беллашувини бразилиялик рақибига бой берди.

Ўз вазн тоифасида икки карра жаҳон чемпиони , ўйинларнинг олтин медалига асосий даъвогар саналаётган Аббос Атоев кеча кечқурун бўлиб ўтган дастлабки учрашувини ғалаба билан бошлади.