Самарқандда "MAN" юк машиналари ишлаб чиқарилади

Image caption Завод йилига 5 мингдан ортиқ юк машинасини йиғиш қувватига эга дейилмоқда.

Самарқандда "MAN" русумли оғир юк автомашиналарини ишлаб чиқарувчи янги завод иш бошлаган.

Қўшма корхона "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси ва Олмониянинг "МАN Truck & Bus AG" компаниялари ўртасида барпо этилган.

Корхонада турли юк кўтариш қувватига эга қазиш соҳалари учун мосламалар, юк машиналари ва самосваллар чиқарилади.

Янги завод очилишига сабаб, минтақада тижорат транспортларига талаб катталиги ва Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш имкониятлари ошаётганлигидир.

"МАN" катта юк машиналари ишлаб чиқарувчи завод 15 минг кв. метр ҳудудни ўз ичига олади.

Завод йилига 5 мингдан ортиқ юк машинасини йиғиш қувватига эга, дейилмоқда.

Бундан олдин, Ўзбекистон юк машиналарини асосан Белоруссия ва Россиядан сотиб олганлиги маълум.

Янги ишга туширилган завод машиналари аввало Ўзбекистоннинг эҳтиёжлари учун ишлатилади.

Шунингдек, кейинчалик, иккинчи йиғув линиясини жойлаштириш режалаштирилган.

Расмийларга кўра, бу янги 1000 та ишчи ўринларини очишга имкон беради.

Ўзбекистонда "МАN транспорт воситаларини ишлаб чиқариш ва техник хизмат комплекси"ни тузиш лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилиши хабар қилинган.

Биринчи босқичда "МАN дилерлик ва хизмат кўрсатиш маркази" қурилган. 2011 йил декабрида очилган марказ йилига 1500 юк машиналарига хизмат кўрсата олади.

Янги завод лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳисобланади.

Учинчи босқичда юк машиналари учун кўтариш ва тортиш жиҳозлари тайёрлашни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

2010 йил май ойида Ўзбекистон ва немисларнинг бошқа бир ширкати - Daimler AG ҳамкорлигида, мамлакатда Mercedes Benz автобуслари йиғилиши эълон қилинган эди.

Лекин Ўзбекистондаги Анонс.Uz.интернет сайтининг ёзишича, Олмониянинг Daimler AG компанияси қўшма корхона тузиш ҳақидаги илгари келишилган

лойиҳадан воз кечган.

Transport-centre.ru веб-сайтининг хабар беришича, техник ва иқтисодий имкониятлар қайта чамалаб чиқилгач,"айни вақтдаги иқтисодий шароит мураккаблиги" боис шундай қарорга келинган.