Ўзбекистонда 1,5 миллиард долларга нима иш қилиш мумкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Марказий банкка кўра банкларнинг ички заҳиралари ҳисобига кичик бизнесга кредитлар ажратилган.

Ўзбекистон банклари ярим йил давомида кичик бизнес учун 1,5 миллиард доллардан ортиқ кредит ажратган. Бу ҳақда республика Марказий банки Тошкентда хусусий банклар иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилган.

Марказий банк ушбу маблағнинг аксарияти банкларнинг ички заҳиралари ҳисобига ажратилганини таъкидлади. Кузатувчилар ушбу сумманинг жуда ҳам катталигини ва маблағларнинг аксари тадбиркорлар даромади ва меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар эвазига тўғри келиши мумкинлигини айтишмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки томонидан хусусий банклар раҳбарлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ўтган 6 ой давомида кичик тадбиркорлик тузилмаларига ажратилган кредитлар миқдори 2,9 трлн. сўмни ташкил этгани ҳақида билдирилди.

Бу ҳақда Марказий банк веб-саҳифасида жойлаштирилган материалдан хабардор бўлиш мумкин. Ушбу маблағни Марказий банк курси бўйича чақса 1,5 миллиарддан кўпроқ долларни ташкил қилади.

Марказий банк кичик бизнес департаменти директори Актам Сайфуллаев Би-би-си билан суҳбатда ушбу рақамларни тасдиқлади.

"3 триллион сўмга яқин маблағ йил бошидан буён берилган. Ушбу маблағ банкларнинг ўз устав капитали, аҳолидан жалб қилинган депозитлар, банкда шаклланадиган маблағлар ҳисобига берилган. Ўзбекистонда тадбиркорлик жуда қаттиқ ривожланаяпти, шунинг учун мана шундай кредитлар берилаяпти", - дейди Актам Сайфуллаев.

Марказий банк ҳисоботида айтилишича, бу йилги кўрсаткич ўтган йилнинг шу вақтгача бўлган кўрсаткичидан 1,4 баробар кўпдир.

Ўзбекистондаги банкларнинг бирида ишловчи мутахассиснинг айтишича, бу йил кредит бериш анча енгил йўлга қўйилган ва тадбиркорлар кўп миқдорда кредит олишмоқда.

"Бу йил кичик тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор берилаяпти. Фоизлар ҳам имтиёзли берилаяпти. Олдинги йилларга қараганда анча яхши", дейди банк ходими.

Кузатувчилар 6 ой давомида кичик бизнес учун 1,5 миллиард доллардан ортиқроқ маблағнинг ажратилишии жуда катта рақам эканлигини айтишади. Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайинов ушбу маблағ банкларга аҳолининг ўзидан чиққан бўлиши мумкин, дейди.

"Менимча, ажратилган миллиард долларларнинг катта бир қисми кичик бизнеснинг, фермерларнинг ўз сармоясидир. Бу ерда банклар шу тадбирни ташкил қилувчи бўлиб чиққан. Бу ишда Ўзбекистонда энг кўп жон куйдираётганлар бу прокуратуралар", дейди Анвар Ҳусайинов.

Меҳнат муҳожирлари юборган пуллар ҳам бизнесга

Иқтисодчига кўра бундай катта маблағларнинг шаклланишида четдан меҳнат муҳожирлари юбораётган капиталнинг ҳам ўрни катта.

- Хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан келаётган маблағлар. Биз биламизки ўзбекистонлик 100 минглаб, миллионлаб ёшлар хорижда ишлаяпти ва улар топган пулларининг асосий қисмини ўз оилаларига юбораяпти, - дейди Анвар Ҳусайинов.

Таҳлилчига кўра шу вақтгача юборилган маблағлар тўй-ҳашам, уй солиш ва машина олиш каби нарсаларга ҳарж қилинган бўлса, энди пул юбораётганларнинг орасида қариндошлар бириккан ҳолда кичик бизнесни йўлга қўйиш ҳоллари кўпроқ учрамоқда.

Банклар томонидан кичик тадбиркорларга кўп миқдорда кредит берилгани айтилаётган бўлса-да, таҳлилчилар Ўзбекистон иқтисодида уларнинг ўрни сезиларли даражада эмаслигини айтишади.

Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайновга кўра кичик тадбиркорлар томонидан етиштирилган маҳсулотларнинг экспорти ҳажми жуда озлиги кузатилади.

"Афсуски, статистикасиз жонли ҳаётга қараганда, хорижга мол чиқариш ошмаяпти. Чунки бир қатор қийинчиликлар бор. Жумладан, Ўзбекистон божхона тизимлари шартномасига кирган бўлса ҳам, хорижга мол чиқариш учун айниқса, кичик тадбиркорларга, фермерларга енгил имтиёзлар кўзга ташланмаяпти", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Бу мавзуда батафсилроқ