BBC navigation

МТС: 'Ўзбекистондаги қудратли кучлар бизнинг бизнесимизни тортиб олмоқчи'

Сўнгги янгиланиш 8 август 2012 - 11:54 GMT

"Уздунробита"нинг мобил алоқа хизмати кўрсатиш рухсатномаси 3 ойга тўхтатилди.

Ўзбекистондаги монополияга қарши ҳудудий идоралар ҳужжатлари билан танишган Россиянинг МТС ширкати сўнгги баёнотига кўра, бу буюртма ҳужжатлар олдиндан тайёрланиб тарқатилган ва охирги пайтда бўлаётган ҳодисалар Ўзбекистондаги таъсирли структураларнинг бизнесни тортиб олиш истагида эканликларидан далолат беради.

Би-би-си билан суҳбатда "Мобилные ТелеСистемы" ширкати матбуот котибаси Валерия Кузменконинг айтишича, антимонопол органларнинг мажлислари 6-7 август кунлари бирин-кетин ўтказилган ва бу мажлисларда МТСнинг Ўзбекистондаги бўлими ҳисобланган "Уздунробита" ширкати қатор қонунларни бузгани ҳақида қарорлар қабул қилинган.

Валерия Кузменко икки кун мобайнида Ўзбекистондаги 16 та монополияга қарши кураш идораси қарорлар қабул қилганини маълум қилади ва бу қарорларда "Уздунробита" мамлакатнинг антимонополияга тааллуқли, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва рекламага бағишланган қонунларини бузгани таъкидланган.

Хусусан, гап "Уздунробита"нинг сигналлари Ўзбекистоннинг ҳамма жойига етиб бормаса ҳам мижоздан 100 фоиз абонент тўлови тўлаш талаб қилингани ҳақида боради.

"Мобилные ТелеСистемы" матбуот котибаси Валерия Кузменконинг айтишича, мобил алоқа ширкатлари фаолияти учун бундай амалиёт нормал ва бу ҳам Ўзбекистон ва ҳам дунё амалиётида қўлланади.

Шунинг учун ҳам Россиянинг МТС ширкати Ўзбекистон аксилмонопол идораларининг бундай қонун бузилиши ҳақидаги айбловни "абсурд ва асоссиз" деб атайди, ушбу айбловлар битилган қоғозлар олдиндан бир жойда тайёрланиб, кейин минтақавий монополияга қарши органларига юборилган, дейди.

"Қонун бузилишлари аниқлангани ҳақидаги актларнинг матнлари тўла мос келиши, хусусан, жумлалар тузилиши ва йўл қўйилган хатолар бир хил экани бу ҳужжатларнинг буюртма характерга эга эканини англатади", дейилади МТС шу муносабат билан тарқатган матбуот хабарида.

Натижада Ўзбек монополияга қарши идоралар "Уздунробита"нинг етказган зарарлари 80 миллион доллардан зиёдни ташкил этади, деган қарор чиқарганлар.

"Бизнесга аввалдан режалаштирилган ва мувофиқлаштирилган ҳужум"

МТС Ўзбекистон Бош прокуратураси текширувлари ортидан чиқарилаётган аксилмонопол идораларнинг қарорларини, "Уздунробита" активларининг музлатиб қўйилишини ҳамда ширкат ходимларининг ҳибсга олинишини Ўзбекистондаги муайян таъсирли структураларнинг бизнесни тортиб олиш ниятидаги амаллари деб кўради.

Би-би-си билан суҳбатда "Мобилные ТелеСистемы" ширкати матбуот котибаси Валерия Кузменконинг айтишича, бундай жиддий айбловни илгари суришларига аксилмонополия идораларининг "Уздунробита"га ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга имкон ва фурсат бермагани ҳам туртки берган.

МТСга кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси ширкат фаолияти текширишларини мамлакат қонунларини бузган ҳолда амалга ошираётгани, ҳали маҳкаманинг қарори чиқмасдан туриб "Уздунробита" ҳисоблари музлатилиши, ширкатга ўз технологик ускуналаридан фойдаланишга изн берилмагани ва ширкат ходимларининг ҳибсга олинишидан кимдир "Уздунробита"нинг бизнесини тортиб олмоқчи бўлаяпти, деган хулосага ундаган.

"Биринчидан, бу асоссиз ҳибслар. Бизнинг тўрт ходимимиз ҳибсга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши очилган. Бу айбловларнинг маъноси ҳалигача бизга қоронғу, уларни нимада айблаётганлари ҳақида бизга бирорта ҳужжат тақдим этишгани йўқ. Кейингиси, тинимсиз давом этаётган текширувлар ва бу текширувлар асосида илгари сурилаётган мантиқсиз ва молиявий асосланмаган айбловлар. Ва суд бир қарорга келмасдан туриб "Уздунробита" ҳисоблари ва ускуналари тўхтатиб қўйилишидан биз бизнесимизга ҳужум бўлаяпти, деган хулосага келаяпмиз", дейди Валерия Кузменко.

"Ўзбекистондаги бу қудратли ё катта таъсирга эга структуралар ким бўлиши мумкин", деган саволга МТС матбуот котибаси Кузменко хоним, "ҳозирча бизда бу борада ахборот йўқ", дейди.

"Аммо биз бизнесимизга ҳужумнинг аввалдан режалаштирилган ва мувофиқлаштирилган амал эканини кўриб турибмиз", деди "Мобилные ТелеСистемы" матбуот котибаси Валерия Кузменко.

Шу йил апрелида МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси "Уздунробита" молиявий фаолиятини текшириш бошланган, бу текширишларда қонун бузилишлари аниқлангани ортидан "Уздунробита" раҳбарининг Ўзбекистондан қочгани ҳақида хабарлар тарқатилган.

Июл ойида Ўзбекистондаги масъул идора "Уздунробита"нинг мобил алоқа хизмати кўрсатиш рухсатномасини 10 кунга тўхтатиб қўйди, оқибатда 9 миллиондан ортиқ мижоз мобил алоқасиз қолди.

Мамлакатдаги бошқа мобил ширкатларнинг сим-карталари бир неча кун "талаш" бўлди, "Уздунробита"нинг рақиблари янги мижозлар учун тунлари билан ишлаш тартибларини жорий этдилар.

Июлнинг охирида "Уздунробита" фаолиятини уч ой тўхтатишга қарор қилинди.

Ўзбекистондаги айрим инсон ҳақлари фаоллари ўзларини мобил алоқасиз қолишларига масъул идораларни маҳкамага тортмоқчи эканлари ҳақида хабар тарқатганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.