МТС Ўзбекистонда амал қиладиган барча лицензияларидан айрилган

Image caption МТС расмийларига кўра, олиб борилаётган барча амаллар бизнесни тортиб олиш мақсадида қилинмоқда

Ўзбекистон хўжалик маҳкамаларидан бирида Россиянинг йирик мобил алоқа таъминотчиси бўлмиш МТСнинг Ўзбекистонда иш юритиш учун берилган лицензиясини бутунлай бекор қилиш иши бугун кўриб чиқилган.

Ҳукм тафсилотлари ҳозирча маълум эмас, ўзбекистон мобил алоқа бозорида энг йирик ширкат бўлган МТС лицензияси йўл қўйилган ноқонуний ҳаркатлари туфайли дея, июл ойида дастлаб 10 кунга кейинчалик 3 ойга тўхтатилганди.

Ўзбекистон давлат алоқа инспекцияси "МТС Ўзбекистон" маркаси остида фаолият юритувчи "Ўздунробита" ширкати фаолиятида бир қатор қонунбузарликларни аниқлаган.

Давлат алоқа инспекцияси қонунбузарликлар ўз вақтида тўғриланмаса, ширкат фаолиятини тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини билдирган.

Бунгача МТСнинг Ўзбекистондаги раҳбари Беҳзод Аҳмедовнинг қочиб кетгани ҳақида хабар чиққан эди.

Ўзбекистон давлат алоқа инспекцияси текширувлар натижасида "Ўздунробита" ширкати республика бўйлаб 48 та станцияни ноқонуний равишда ишлатиб келганини аниқлаган.

Хабарларга кўра, лицензия талабларини бажармагани учун “МТС-Ўзбекистон” 210 миллион АҚШ доллари тўлаши лозим.

Бундан ташқари абонентлар томонидан келиб тушган мурожаатларда уяли алоқа компаниясининг айрим жойларда сифатсиз хизмат кўрсатгани кўрсатилган. Давлат алоқа инспекцияси, юқорида зикр этилган қонунбузарликлар ўз вақтида тўғриланмаса, компанияга берилган лицензия олиб қўйилиши мумкинлигини айтган.

Хўш, МТСнинг шу вақтгача бу айблов ва ҳаракатларга муносабати қандай бўлиб келган?

Ўзбекистондаги монополияга қарши ҳудудий идоралар ҳужжатлари билан танишган Россиянинг МТС ширкати сўнгги баёнотига кўра, бу буюртма ҳужжатлар олдиндан тайёрланиб тарқатилган ва охирги пайтда бўлаётган ҳодисалар Ўзбекистондаги таъсирли структураларнинг бизнесни тортиб олиш истагида эканликларидан далолат беради.

Би-би-си билан суҳбатда "Мобилные ТелеСистемы" ширкати матбуот котибаси Валерия Кузменконинг аввалроқ айтишича, МТС Ўзбекистон Бош прокуратураси текширувлари ортидан чиқарилаётган аксилмонопол идораларнинг қарорларини, "Уздунробита" активларининг музлатиб қўйилишини ҳамда ширкат ходимларининг ҳибсга олинишини Ўзбекистондаги муайян таъсирли структураларнинг бизнесни тортиб олиш ниятидаги амаллари деб кўради.

МТСга кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси ширкат фаолияти текширишларини мамлакат қонунларини бузган ҳолда амалга ошираётгани, ҳали маҳкаманинг қарори чиқмасдан туриб "Уздунробита" ҳисоблари музлатилгани, ширкатга ўз технологик ускуналаридан фойдаланишга изн берилмагани ва ширкат ходимларининг ҳибсга олинишидан кимдир "Уздунробита"нинг бизнесини тортиб олмоқчи бўлаяпти, деган хулосага ундаган.

МТС бу иш юзасидан халқаро маҳкамага ҳам мурожаат қилиши мумкинлиги билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ