BBC navigation

Артур Таймазов 'Эл-юрт ҳурмати' ордени билан тақдирланади

Сўнгги янгиланиш 14 август 2012 - 14:52 GMT

Донгдор курашчи Лондон Олимпиада Ўйинларида эришган оламшумул ютуғи учун 150.000 АҚШ доллари билан бирга "Эл-юрт ҳурмати" ордени ҳам оладиган бўлди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Лондон Олимпиада Ўйинларида эришган ютуғи учун донгдор курашчи Артур Таймазовни "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлашга қарор қилди.

Артур Таймазов Ўйинларда Ўзбекистон ҳисобидаги ягона олтин медални қўлга киритган ва кетма-кет уч Олимпиада Ўйинларининг чемпионига айланганди.

Ўйинларнинг қолган уч бронза медали совриндорлари ҳам фахрий унвонлар оладиган бўлишди.

Бугун чоп этилган фармондан аён бўлишича, тўрттовлон Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида эришган юксак натижалари ва халқаро саҳнада Ўзбекистон обрўсини юксалтиришга қўшган катта ҳиссалари учун бу каби шарафга нойил деб топилишган.

Артур Таймазов Ўзбекистоннинг энг олий мукофотларидан бирига лойиқ деб кўрилган пайтда, таниқли дзюдочи Ришод Собиров ва эркин курашчиси Сослан Тигиевлар "Ўзбекистон ифтихори" нишони билан тақдирланадиган бўлди.

Лондон Олимпиада Ўйинларининг яна бир бронза медали соҳиби Аббос Атоевга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи" мақоми берилади.

Аббос Ўйинларнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган беш ўзбекистонлик боксчи орасидан якка ўзи ярим финалга йўлланма олган ва ҳал қилувчи жангида япониялик рақибига бой бериб қўйганди.

Икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев бундан аввал катта спортда эришган ютуқлари учун "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланган.

Аббос Атоев Ўзбекистонда "Йилнинг спортчиси", деб ҳам тан олинган.

Ўйинларда элликдан ортиқ спортчиси билан иштирок этган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Лондон Олимпиадасини бир олтин ва уч бронза медали билан якунлаганди.

Ўзбекистон сўнгги Пекин Олимпиада Ўйинларида бундан яхши натижа кўрсатган ва қўшимча иккита кумуш медали ҳам олганди.

Ўзбекистонлик спортчилар Лондон Олимпиадасида дзюдо ва бокс беллашувларида совринли ўринларга умид қилишганди.

Бунга уларнинг сафларида бир неча карра жаҳон ва қитъа чемпионлари бўлгани ҳам жиддий асос берганди.

Аммо ҳар икки спорт турида Ришод Собиров ва Аббос Атоевдан ташқари аксарият спортчилар Ўйинларни тўртинчи ва бешинчи ўринлар билан якунлашди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Лондон Олимпиадасида икки юздан ортиқ давлатдан ўн мингдан зиёд спортчи беш мингга яқин медал учун кураш олиб боришганди.

Аммо Ўзбекистон Ўйинларда қўлга киритган натижалари бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида иккинчи ўринни эгаллади.

Агар Қозоғистон назарда тутилмаса, Тожикистон битта бронза медали билан кифояланди.

Қирғизистон ва нефту газга бой Туркманистон эса, умуман совринсиз Лондон Олимпиадасидаги иштирокларига якун ясашди.

Ўзбекистон Президенти Ўйинларнинг олтин медали соҳибига 150.000, кумуш медали совриндорига 75.000 ва бронза медали эгасига 50.000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ваъда қилган.

Ўзбекистонлик олимпиячиларнинг эртага Тошкентга етиб боришлари кутилмоқда.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.