BBC navigation

Мустақиллик байрами яқин: 'вилоятликлар Тошкентда бўлмасликлари лозим'

Сўнгги янгиланиш 15 август 2012 - 14:20 GMT
Neweurasia.net веб-саҳифаси фотосурати

Тошкент мардикор бозорларидагиларнинг аксари вилоятлардан пойтахтга келганлардир.

Мустақиллик байрами арафасида Тошкент шаҳрида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида 4 000 мингдан ортиқ одам вилоятларга чиқариб юборилган.

Ҳар йили йирик байрамлар арафасида такрорланадиган ушбу амалиёт бу йил Тошкент шаҳри ва вилоятига вақтинчалик рўйхатга олиш қарори қабул қилинган вақтга тўғри келмоқда.

Пойтахтга келиб ишлаётган шахслар қонунда вақтинчалик пропискага туриш кўрсатилган бўлса-да, порахўрлик ва коррупцияга дуч келишаётганини айтади.

Тошкент шаҳридан чиқариб юборилганлар орасида шахсий уйларнинг бирида мардикорчилик қилаётган исми ўзгартирилган Сафар ака ҳам бор.

"Маҳалланинг участка нозири келиб, байрам олди кетинглар, деди. Кейин биз ҳам қайтдик. Олдин келмаган эди, байрам олди кучайтирилган тартиб бошлангани учун келибди. Ҳар бир одам 73 минг сўмдан тўлаши керак экан. Пулни тўлаб бемалол ишлайверинглар деди. Номига давлатга деяпти, лекин ўша пулни ўзига олиб қолади", дейди Сафар ака.

Участка нозири ишчиларга Рамазон Ҳайити байрамигача чиқиб кетишга руҳсат берган ва акс ҳолда чора кўриш билан пўписа қилган.

- Бошқа танишларимиз билан ҳам хабарлашдик, ҳаммаси Тошкентдан қайтаяпти. Бизга ҳам ҳайитгача ишлаб туринглар, деди. Ҳайит куни келиб кўраман, агар ўшанда ҳам ишлаётганларингизни кўрсам, иш бошқача бўлади. Ҳайитдан кейин маҳаллада бир киши ҳам қолмаслиги керак, деди. Биз ҳайитга ҳам қолмасдан келиб қўйдик. Кўрадиган чораси паспортни олиб қўйиб "югуртиради", - дейди Сафар ака.

Мустақиллик байрами олдидан вилоятлардан келиб Тошкентда шаҳрида пропискасиз ишлаб юрганларни яшаш жойига юбориш амалиёти ҳар йили кузатилади. Аммо бу йилги амалиётларнинг фарқи шундаки, у Тошкент шаҳри ва вилоятига вақтинчалик рўйхатга олиш қарори қабул қилинган вақтда амал ошмоқда.

Тошкент шаҳри ва вилоятига олти ойлик пропискага қўйиш учун яшаб турган ҳудуддаги милиция таянч пунктига мурожаат қилиши етарли. Бироқ рўйхатдан ўтиш бўйича ваколатларнинг участка нозирларига топширилгани порахўрликнинг авж олишига сабаб бўлган.

Натижада вақтинчалик ишлашга келганлар рўйхатдан ўтмасдан ишлашни мақбул кўрмоқда.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов янги қабул қилинган чора-тадбирлар фуқароларнинг конституцияда кўрсатилган эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини бузишини айтади. Ҳуқуқбон "тегишли идоралар Тошкент шаҳар ва вилоятига фуқароларнинг келишини мураккаблаштиришнинг ўрнига жойларда иш ўринлари яратиш билан шуғулланса, муаммо барҳам топар эди", дейди.

- Бунинг учун одамларга ўзининг яшаш жойида шароит яратиб бериш керак. Асосийси иш билан таъминлаш. Тошкентда рўйхатсиз яшаб юрганларнинг кўпчилиги иш йўқлигидан келишади. Негаки Тошкент шаҳрида иш масаласи деярли осонроқ ҳал қилинади ва кўпроқ миқдорда пул топиш мумкин. Вилоятларда бу масала оғир, - дейди Суръат Икромов.

Расмий манбаларда Тошкент шаҳрининг аҳолиси 2009 йилги маълумотларга кўра 2 миллион 200 мингдан ортиқ экани кўрсатилади. Аммо кузатувчилар рўйхатдан ўтмаган ҳолда пойтахтда яшаб ишлаб юрган фуқаролар билан Тошкент шаҳрининг аҳолиси ушбу рақамлардан анча юқори эканини таъкидлашади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.