BBC navigation

Россияда мингдан ортиқ муҳожир ҳибсга олинди, аксарияти ўзбекистонликлар

Сўнгги янгиланиш 24 август 2012 - 12:04 GMT

Пойтахт Москва ва Россиянинг айрим минтақаларида ўтказилган икки кунлик рейд чоғида мингдан ортиқ ноқонуний меҳнат муҳожирлари ҳибсга олинишган.

Воқеадан хабардор фаолларга кўра, улардан аксарияти Ўзбекистон фуқароларидир.

Аён бўлишича, энди расмий тартиб-қоидаларга мувофиқ, улар хорижий фуқароларни тутиб туриш марказига олиб келинади.

Бармоқ изларидан нусха олинади. Шахсларини аниқлантириш учун ўз мамлакатларига сўровнома юборилади ва шундан сўнг, ҳибсдагилар ортга депортация этилишади.

Маҳаллий фаолларнинг айтишларича, бу каби рейдлар ҳар ой ўтказилса-да, Россияга келувчи меҳнат муҳожирлари оқими кучаядиган август-сентябр ойларида янада фаоллашади.

"Масъуллар ўзларининг ҳисоб-китобларига мувофиқ, меҳнат муҳожирлари сонида мувозанат сақлаш учун ҳам бу каби рейдларни ўтказишади", дейди Москвадан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаол Баҳром Ҳамроев:

Баҳром Ҳамроев

Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя этувчи фаол

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Россияда меҳнат қилаётган ноқонуний муҳожирларни ушлашга қаратилган рейдлар, одатда, маҳаллий полиция кучлари ва Федерал Муҳожирлик Хизмати ходимлари билан ҳамкорликда уюштирилади.

Ноқонуний муҳожирликми ё сиёсат?

Фаол Баҳром Ҳамроевнинг меҳнат муҳожирлари билан суҳбатларига таяниб айтишича, Россияга уч ой ичида кириб, чиқиш одамларга қимматга тушади.

"То бир ишнинг бошини тутгунларича, уч ой муддат ўтади-кетади. Шунинг учун ҳам, уларнинг аксарияти Россияда ноқонуний юришга мажбур бўлишади", дейди фаол.

Унга кўра, ҳозир, ҳатто, Россияда қонуний юрган Ўзбекистон фуқаролари ҳибсга олиниб, Москва маҳкамалари уларни ортга депортация этишга оид бир томонлама ҳукмлар чиқармоқда.

Фаол сўнгги ҳибсга олишлар фақат меҳнат муҳожирларининг мақомига боғлиқ бўлмай, бунинг ортида сиёсий сабаблар ҳам ётган бўлиши мумкин, дейди.

"Ўзбекистон ҳукуматининг охирги сиёсий ўйинлари, Коллектив Хавфсизлик Ҳамкорлик Ташкилотидан чиқиб кетилиши, МТС билан боғлиқ можаролар, хуллас, шу охирги бир, икки ой ичида жуда кўп ҳолатлар бўлди. Умуман, Россияда Ўзбекистон фуқароларига қарши кайфият кескинлашаяпти. Буни бир акцияга ҳам ўхшатиш мумкин".

Маҳаллий кузатувчиларга кўра эса, Ўзбекистондан четга меҳнат муҳожирларининг оқими кун сайин ортиб бормоқда ва охирги пайтларда уларнинг бутун оиласи билан Россияга кетиши тенденцияси ҳам пайдо бўлган.

Аммо улар мавжуд вазиятга қарамай, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг четда тўқнаш келаётган муаммоларига нисбатан сиёсий бефарқлик мавжудлигини урғулашади.

Жавобгарлик кучайтирилади

Шу йил март ойида учинчи бор қудратга келган президент Владимир Путин эса, декабр ойи якунига қадар муҳожирлик қонунини бузганларга қарши маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи ҳужжатларни тайёрлашни ҳам талаб қилганди.

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра ҳам, жаноб Путиннинг ягона мақсади - меҳнат муҳожирларини депортация қилиш орқали, Марказий Осиё ҳукуматларига сиёсий таъсир ўтказишдир.

Уларга кўра, миграция қонунини бузганларга қарши маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш режаси меҳнат муҳожирларининг яна яширин ишлашга ўтишларига олиб келиши мумкин.

Россиядаги фаол Баҳром Ҳамроевнинг энг сўнггида айтишича, фуқароларининг ноқонуний меҳнат муҳожирлигига юз тутишларининг олдини олиш учун Ўзбекистон ҳукумати кескин сиёсий ўзгаришларга қўл уриши лозим.

"Россия билан ҳам мувозанатли сиёсат олиб бориш керак эди. Тўғри иқтисодий ислоҳотлар, Ўзбекистонда қоррупцияга барҳам бериш бу - энг асосий йўллар, биринчи қадамлардан...", дейди фаол.

Агар рақамларга қаралса

Жаҳон банкининг огоҳлантиришича эса, Россияда тобора қисқараётган ишчи кучининг ўрнини қоплаш учун яқин 20 йилда 12 миллион меҳнат муҳожири жалб этилиши лозим бўлади.

Аммо Россия расмийлари меҳнат муҳожирлари жалб этилиши лозимлигини тан олишса-да, жамиятда уларга бўлган муносабат ҳамон мураккаблигича қолаётир.

Агар хизмат маълумотларига қаралса, Россияга йилига 13-14 миллион хорижлик келади.

Улардан 80 фоизга яқинини эса, МДҲ давлатлари фуқаролари ташкил этишади.

Ўз рўзғорини тебратиш учун Россияда тер тўкаётганлар ўзбекистонликнинг сони эса, бир неча миллион кишини ташкил этиши айтилади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.