BBC navigation

Портлаб кетган машинадагиларнинг бири ўзбекистонлик бўлган

Сўнгги янгиланиш 24 август 2012 - 14:03 GMT

Россиялик мутахассисларга кўра, узоқ вақт тинч-осойишта кўринган минтақада вазият назорат остидан чиққан

Татаристонда шу ҳафта бошида машина портлаши оқибатида қурбон бўлган икки шахсдан бири Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда.

Россиянинг ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, ўзбекистонлик шахснинг тюменлик шериги билан бирга теракт уюштиришга ҳозирлик кўрганига оид фаразлар ҳам йўқ эмас.

Ахборот агентлигининг Татаристон Тергов қўмитаси матбуот хизматидан олган маълумотга таянилса, икковлон сўнгги пайтда Қозонда яшашган ва радикал исломий гуруҳ тарафдорлари бўлишган.

Хабарда сўз айнан қандай диний гуруҳ ҳақида кетаётгани очиқланмайди.

Портлаб кетган "ВАЗ-2110" русумидаги машина 20 август куни тунда Зеленодольск-Қозон трассаси яқинида аниқланганди.

Текширувлар чоғида машинадан 50 метрча узоқликда тахминан тўрт кишининг жасади ва "Калашников" автомати топилгани хабар берилганди.

Мутахассисларга кўра, портлаш кучи камида 1 кг тротилга тенг бўлган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, портловчи модданинг машинада бўлгани ҳам аниқланган.

Тергов фаразига кўра, номаълум шахслар портловчи ускунани ясаётган пайтларида у бехосдан портлаб кетган бўлиши мумкин.

Ҳозир воқеа қандай шарт-шароитда юз берганини аниқлаш учун тезкор-қидирув амалиётлари олиб борилаётгани айтилади.

Масъулларнинг маълум қилишларича, портлаш юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 30-банди 2-қисми бўйича жиноий иш очилган.

Ушбу модда олдиндан тил бириктириб, террорчилик амалига ҳозирлик кўриш, қурол ва ўқ-дориларни ноқонуний йўллар билан қўлга киритиш, айирбошлаш, сақлаш ва олиб юришни кўзда тутади.

Айрим маълумотларда Татаристонда уч мингдан зиёд радикал исломчилар борлиги айтилади.

Радикаллашган татарларни, ҳатто, чечен жангарилари ва Афғонистон толиблари орасида топилгани айтилган.

Россия стратегик тадқиқотлар институтининг Приволжск бўлими раҳбари Раис Сулаймоновнинг айтишича, узоқ вақт тинч-осойишта кўринган минтақада вазият назорат остидан чиққан.

"Бу ерда тинчлик ва барқарорлик ҳозир саробдан бошқа нарса эмас", дейди у .

Ўтган ой Татаристон муфтийси Илдус Файзовга суиқасд қилиш ва унинг собиқ ўринбосари Валиулла Ёқубовни ўлдирганлик гумони билан қўлга олинган беш кишидан бирининг ҳам ўзбекистонлик экани хабар берилганди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.