BBC navigation

"Независимая газета" : Ўзбекистонда иқрор таҳдид ва қийноқлар остида олинади

Сўнгги янгиланиш 28 август 2012 - 15:18 GMT

МТС билан рўй берган ҳодиса Ўзбекистон ички сиёсий аҳволига чуқурроқ назар ташлаш учун баҳонадир

Москвада нашр қилинадиган "Независимая газета" Россия раҳбариятини, жамоатчилик ва бизнесменларни Ўзбекистондаги инсон ҳақларининг поймол этилиши ҳолларидан огоҳлантирган.

Россия рўзномаси бугун эълон қилган мақола "Иқрор - ҳамон исботнинг маликаси" деб номланади, унда Ўзбекистонда қийноқлар ва босимлар остида инсон бўйнига олган айбловлар 1930 йилларда бўлгани сингари унинг қамалишига хизмат қилаяпти, деб ёзилади.

Бир пайтлар Кремлнинг стратегик шериги деб эълон қилинган Ўзбекистон шу ёзда икки марта оммавий ахборот воситаларининг диққат марказига тушди, деб бошланади "Независимая газета"нинг янги мақоласи.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Тошкентга сафаридан кўп ўтмай республика раҳбарияти ОДКБ аъзолигини тўхтатиши ҳақида эълон қилди. Ушбу сиёсий қарордан кейин дарҳол МТСга тегишли Ўзбекистондаги етакчи мобил алоқа ширкати жиддий муаммоларга дуч келди, россиялик сармоядорнинг бу мамлакатдаги бизнесидан айрилиш таҳдиди пайдо бўлди, деб ёзади рус рўзномаси.

МТСнинг Ўзбекистондаги бўлими фаолияти бугун буткул фалаж ҳолга келган: барча лицензиялари бекор қилинган, ширкатнинг бир неча менеджери молиявий қонун бузилишлари айбловлари билан ҳибсга олинган. Шу жумладан, ширкат бош директори вазифасини бажарувчи Россия фуқароси Радик Даутов ҳам.

МТС ва Радик Даутов билан рўй берган ҳодиса Ўзбекистон ички сиёсий аҳволига янада чуқурроқ назар ташлаш учун баҳонадир, деб ёзади "Независимая газета".

"Ҳокимият вертикалини ушлаб туриш учун Ўрта Осиё мамлакатларида жорий этилган шафқатсиз тартибларни бугунга келиб ҳеч кимни ҳайратлантирмайди... Россиялик бизнесменлар вакилларининг фикрича, МТСга қарши айбловлар асосида сўроқ қилинганларнинг босимлар ва таҳдидлар остида берган кўрсатмалари сабаб бўлган. МТС ширкатидан айтишларича, ушбу ҳодисада мамлакатдаги қудратли тизимларнинг даромадли бизнесни тортиб олиш истакларини кўрмоқдалар".

"Куч тизимларини ишга солиб Ўзбекистонда бизнесларни рейдерлик тажовузлари билан тортиб олиш мисолларини кўплаб келтириш мумкин". Ушбу ҳолатлар Ўзбекистондаги инсон ҳақлари аҳволининг ўта абгорлигини кўрсатади. Матбуот хабарлари ва инсон ҳақлари ҳимоячиларининг ҳисоботларидан шуни тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистонда СССРнинг 1930 йилларида бўлгани каби гумондорнинг айбдор эканининг асосий исботи иқрорий кўрсатмалар бўлиб қолмоқда, булар эса терговчиларнинг таҳдид ва қийноқлари остида олинади, деб ёзади "Независимая газета".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.