BBC navigation

Мустақиллик байрами: мухолифат кайфияти кўтаринки эмас

Сўнгги янгиланиш 29 август 2012 - 14:00 GMT

Ўзбекистон Шўролар Иттифоқидан ажралиб чиққанининг 21 йиллиги тантаналари арафасида Ўзбек мухолифати баёнотлар эълон қилган.

Уларда мустақиллик байрамидан оддий ўзбекистонликлар баҳраманд бўлмаслиги айтилган, аҳолини ҳукуматга бўйсунмаслик чақириқлари янграган.

Мухолифатдаги аксар аъзолари хориждаги муҳожир ўзбекистонликлардан иборат Ўзбекистон Халқ Ҳаракати мамлакат мустақиллигининг 21 йиллиги муносабати билан баёнот эълон қилган.

Бу баёнотга кўра, аксар ўзбекистонликларнинг ҳозирги аҳволи шод-хуррамликка асос берадиган эмас.

"Мустақиллик эълон қилинганидан 21 йил ўтиб, юртимиз аҳволи худди абсурд саҳна асарининг энг чиркин бўёқ ва шаклларини эслатади: Конституцияси масхара мавзусига айланган, қонунсизлик ҳукми ўрнатилган бир давлат. Порахўрликдан илма-тешик бўлган иқтисод, қашшоқликдан қобирғаларини санаш мумкин бўлган оддий халқ, оиласига бир парча нон топиш илинжида чет элларга қуллик учун чиқиб кетаётган миллионлаб инсонлар, аксарияти учун ҳақсизлик, ҳақорат ва хўрлик оддий турмуш тарзига айланган бир жамият", дейилади Ўзбекистон Халқ Ҳаракати баёнотида.

Баёнотга кўра, Тошкентда августнинг охирги кунида ўтказиладиган байрам тантаналарида оддий инсонлар қатнаша олмайди.

"Ўзбек халқи 21 йил кузатгани каби, бу зиёфатни бир чеккада жим кузатажак", дейилади Ўзбекистон Халқ Ҳаракати эълон қилган баёнотда.

Мухолифатдаги "Бирдамлик" Халқ Ҳаракати ҳам чақириқ билан чиққан, унда ўзбекистонликлар оммавий тинч норозилик намойишларига даъват қилинган.

"Бирдамлик" баёнотида ҳаракатнинг Ўзбекистондаги ҳокимиятга қарши нозўравон йўллар билан қарши чиқаётган мухолифат экани эслатилган.

Ҳаракат бундан олдин Ўзбекистон ичкарисида куч ёки зўравонлик қўлламасдан норозиликни изҳор этиш амалларига қўл ургани, бироқ кўзлаган сондаги инсонларни бу тадбирларига жалб этишнинг уддасидан чиқмаганларини айтган.

"Бирдамлик" ўзбекистонликларни 1 сентябр куни оқ либосларга бурканиш билан ўз норозиликларини изҳор этишга чақирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.