BBC navigation

Ислом Каримов ўзбекистонликларни огоҳ бўлишга чақирди

Сўнгги янгиланиш 31 август 2012 - 10:31 GMT

Мустақиллик тантаналари халқ шодиёнасидан кўра, сиёсийлашган тадбирга айланиб бўлган


Мустақилликнинг 21 йиллик танталарида халқига табрик йўллаган мамлакат президенти мустақиллик йилларини асрларга қиёслаган.

Ислом Каримов эришилган ютуқлар ҳақида гапириб, одамларни хушёр бўлишга, ёшларни ўз йўлидан адашмасликка чақирган.

Ўзбекистон тинчлигини кўролмаётган қора ниятли кучлар таъсирига тушиб қолмасликдан огоҳлантирган.

Президент Каримов Аллоҳдан барча ўзбекистонликларга соғлик ва оилаларига қут-барака тилашини билдирган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганининг 21 йиллигини нишонлар экан, бу тадбир халқ шодиёнасидан кўра ўта расмийлашган ва сиёсийлашган тадбирга айланиб қолганига мамлакат аҳолиси кўникиб бўлган.

Шу сабабли байрам тантаналари президент, сараланган раҳбарлар ва хорижий меҳмонларга бағишлангани учун одамлар байрам концертини телевизор орқали кўришига тўғри келади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Дилором Исҳоқовага кўра, одамларда унча ҳам байрам кайфияти сезилаётгани йўқ.

"Мен оддий халқда алоҳида бир байрам кайфиятини кўрмаяпман. Ўша турмуш ташвишлари билан югуриб юрган халқ. Эртага мустақиллик куни экан, деб қувонаётган одамларни шахсан мен кўраётганим йўқ. Қувонч фақат радио ва телевизорда. Халқимизнинг қандай фаровон яшаётгани жуда тантанадан ҳам кўра дабдаба билан бериляпти",- дейди Дилором Исҳоқова.

Бир тошкентликнинг айтишича, хавфсизликни ўйлаш яхши. "Лекин милицияларнинг кўплигидан Тошкент кўчаларида машинада юриш жуда қийин. Ҳар қадамда текширувлар. Машиналар навбатидан хуноб бўлмай десангиз, байрам куни уйда тинчгина ўтирган яхши",- дейди у .

"Мустақиллигимизнинг 21 йиллигини нишонлаяпмиз. Одамларга келсак, ҳамма хурсанд, байрамни хурсандчилик билан кутиб олишяпти. Кўчада, сайлгоҳларда ҳамма болаларини олиб байрамлани нишонлаяпмиз энди. Кайфиятлар аъло даражада десам бўлади. Кўпчиликнинг боласи биринчи синфга чиқади, қайсидир ота-оналарнинг боласи олий ўқув юртларига кирган. Уларга хурсандчилик. Қўшалоқ байрам бўляпти десаям бўлади", -дейди тошкентлик бошқа бир аёл.

Ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқуловага биноан, шаҳарда одамлардан кўра милиция кўп.

"Милиция ходимлари жуда кўпайиб кетган, ҳар қадамда ҳужжат текширишяпти. Яна бугун бозорга борсам, қовун-тарвузлар "бадарға" қилинган. Билмадим қовун-тарвузларнинг байрамга қандай салбий таъсири бор экан. Одамлар пана-пастқамда сотиб ўтиришибди қовун-тарвузларини, - деб айтади Малоҳат Эшонқулова.

Мустақиллик байрами вилоятларда қандай ўтаётганлиги билан қизиққанимизда, жанубий вилоятлик суҳбатдошимиз хафсаласи пир бўлганини яширмади: -"Байрам байрамга ўхшамайди. Қаршида мана байрам бўлди, атроф милиция билан ўралган. Халқнинг байрамику - мустақиллик байрами?! Лекин халқ томоша қилишига ҳеч бир имкони бўлмади. Қўлига таклифнома берилганни қўйилди, оддий халқ кўчада қолаверди. Умуман байрамга ўхшамайди. Теварак-атроф тўла милиция, эмин-эркин юролмайсиз. Сал мундайроқ ҳаракат қилиб кўраман деб олдинроққа ўтсангиз, туртиб-туртиб нарига борингла, деб ҳайдаб чиқаради. Мана шу аҳвол. Мен байрамни байрам деб тасаввур қилолмайман. Ўзим ҳозир уй ташвиши билан ўтирибман. Мустақиллик байрами оддий кундек ўтиб кетди. Ҳамма ўзини ташвиши билан юрибди. Телевизорда ҳар доимгидек баландпарвозлик. Тўғри нималаргадир эришилгандир, лекин оддий халқ қийналиб яшаяпти. Бу бор гап",- деб фикрини билдиради қаршилик аёл.

Фарғона вилоятилик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоевнинг айтишича, одамлар кўчаларда байрам қилиб юришибди. Кеча марказий кўчалар тўсилгани учун одамлар маҳаллаларда байрам қилишган. Милиция ходимлари кучайтирилган. Бошқа кунлардан фарқли жиҳати, одамлар суҳбатни "байрамингиз билан" деб бошлашади.

Би-би-си суҳбатлашган яна бир ўзбекистонликка кўра, тинчлик бўлсагина ҳамма нарсага эришиш мумкин."Энди масалан, минтақадаги нотинчлик, дунёдаги бўлаётган жараёнларга диққат қилсангиз, Ўзбекистондаги барқарорлик энг муҳим нарса деб ўйлайман. Шу барқарорлик бўлиб турса, қолган ҳамма нарсага эришиш мумкин деб ўйлайман. Агар бизда ҳам нотинчликлар бўладиган бўлса, ўша кўзланган юксак демократик давлат қуришга ҳам эришолмаслигимиз мумкин, - дейди суҳбатдошимиз.

Навбатдаги тингловчимиз фикрларича, Ўзбекистон ҳукумати бошида халққа катта орзу-умидлар бериб, кейин қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирган: "Мустақиллик бошида биз ўйлагандек демократия, яхши бир ҳаёт бўлади, деб ўйлагандик. Шундай қилиб ташлашдики, Совет Иттифоқининг охирги йилларида ҳатто бундан кўп демократия бўлганлиги аниқ бўлиб қолди. Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Халқимизнинг бошига оғир кунлар солинди. Ҳозир Ўзбекистонда яшаб, ҳаётдан мамнунман деган одам фақат қўрққани учун гапиради. Ҳукумат халқни сўряпти. Неча миллион ўзбек сарсон-саргардонликда юрибди. Неча юз минги қамоқларда ётибди. Оқ подшонинг даврида ҳам бунақа зулм бўлмаган. Коммунистлар ҳам бунчалик қийнамаган. Менинг фикрим ана шу",- дейди у саволимизга жавобан.

Мустақиллик байрамига жиддий тайёргарлик бир неча ҳафта аввал бошланиб, Ўзбекистонда кўнгилли-мажбурий ҳашар ўтказилганди.

Расмий хабарларга кўра, унда 16 миллиондан зиёд киши қатнашган.

Мамлакат бўйлаб шаҳар кўчалари ва биноларини безашга ёшу-қари жалб этилган.

Президент Ислом Каримов ўтган икки кун ичида Мустақиллик байрамигача топширилиши лозим бўлган бир нечта биноларни, жумладан "Бунёдкор" ўйингоҳи ва Жарроҳлик марказининг янги қисмини бориб кўрган ва ўз маслаҳатларини берган.

Вилоятдан пойтахтга келган мардикорлар байрам олдидан ўз уйларига жўнатилган.

Тошкентга кириш ва чиқиш чегара нуқталарида ҳам текширув кучайган, хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган.

Ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова "Бирдамлик" ҳаракати аъзолари билан биргаликда мустақиллик байрамини ўзига хос тарзда кутиб олишни режалаштирган.

"Бирдамлик" ҳаракати ўз сайтида тузумга норозилигини изҳор этиш сифатида халқни оппоқ либосларда кўчага чиқишга чақирган эди.

Кўпчилик бугунги байрамдан ҳам кўра бошқа бир ташвиш, 2 сентябр куни бошланадиган янги ўқув йилига тайёргарлик билан бандлиги айтилади.

Шу билан бирга, сентябр ойининг бошидан ўқитувчилар, ишчи ва хизматчилар оммавий тарзда пахта йиғим-теримига жалб қилиниши ҳақида хабарлар бор.

Фаолларнинг айтишича, Тошкентдаги Жаҳон тиллари университетининг бир гуруҳ ўқитувчилари аллақачон пахта йиғим-теримига жўнаб кетишган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.