BBC navigation

Паралимпиада: Ўзбекистон учун илк медал ва инглизларнинг бағрикенглиги

Сўнгги янгиланиш 1 сентябр 2012 - 14:38 GMT

Дзюдочи Шариф Халилов паралимпиада ўйинлари тарихида Ўзбекистонга илк медални олиб келган спортчи сифатида тарихга кирадиган бўлди.

Ушбу тарихий ютуқни Ўзбекистоннинг электрон оммавий ахборот воситалари қандай ёритаётгани билиш мақсадида кичик изланиш қилдим.

Шариф Хaлиловнинг тарихий ғалабаси ҳақида Ўзбекистоннинг энг йирик ахборот эгентлиги ЎзА ўз хабар лентасида ёзиб ўтган. Хабарда бир оғиз Шарифнинг ютуғи келтирилган ва асосий урғу президент Ислом Каримовнинг спортни ривожлантиришга қаратган раҳнамолиги ўз натижаларини бераётганига қаратилган.

Эътиборли томони Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги ушбу мусобақага ўз матбуот котибини юборган ва у бевосита спортчиларнинг орасидан туриб хабарларни етказмоқда.

Вазирлик вакили Шариф Халилов билан эксклюзив интервью олиб веб саҳифага жойлаганини кўриш мумкин.

Матбуот котиби Шавкат Жалилов билан суҳбатлашган Шариф Лондонга келишидан олдин дзюдо бўйича жаҳон чемпиони ва олимпиада бронза медал совриндори Ришод Собиров белини қисиб омад тилаганини айтган.

Бироқ Ўзбекистоннинг энг йирик спорт портали бўлмиш uff.uz да ушбу тарихий ғалаба ҳақида бир оғиз ҳам гапирилмади. Ушбу сайт Ўзбекистонда спортга оид энг оммабоп сайт ҳисобланади ва бир кунда ўртача 50 мингдан кўпроқ ўқувчи ташриф буюради.

23 ёшли Шариф Халилов бунгача ҳам қатор халқаро мусобақаларда иштирок этиб совринли ўринларни қўлга киритган.

Жаваднинг иштироки томошаларни янада қизиқарли қилди

Паралимпиада таъсуротлари

Келганимдан буён ўзбек спортчилари қатнашаётган спорт турларига чипта излаш билан овора эканлигимизни олдинги суҳбатимизда айтиб ўтгандим. Аммо уринишлар натижасиз кетаяпти. Кеча 56 килограммага вазнда тош кўтариш мусобақаларига боришга муваффақ бўлдим. Афсуски ушбу тоифа бўйича ўзбекистонлик спортчилар қатнашмади.

Боришдан олдин йўллар тирбанд бўлса, қандай етиб олар эканман деган ўй бор эди. Лондонда транспорт ҳудудларга бўлинган экан. 6 зонага бўлинган Лондонда қанча олис юрсангиз шунча қиммат тўлашга тўғри келади. Бироқ шаҳар маъмурияти ўйинлар бўлиб ўтувчи Эксел спорт мажмуасидан чиқувчи станцияни текин қилиб қўйишган.

Лондонда илк маротаба бўлиб турган одам ҳам Экселни ҳеч қийналмасдан топиб бориши учун шаҳарнинг ҳар бир қадамига кўрсатгичлар илиб қўйилган. Масъуллар сизга мулойимлик билан қаердан чиқиб қаердан тушиш лозимлигини тушунтиришади. Ҳеч қандай қийинчилиикларсиз тош кўтариш мусобақаси бўладиган жойга етиб олдим.

Мен томоша қилишга тушган 56 килограм вазнгача спортчиларнинг орасида британиялик полвон Али Жавад ҳам бор экан. Менимча айнан Жаваднинг иштироки томошаларнинг янада жонли ва қизиқарли ўтишига сабаб бўлди. Менинг олдимдаги қаторда Али Жаваднинг яқинлари ўтиришган эди. Аёлларнинг ҳаммаси ҳижобда эди. Деярли бутун зал “Али” “Али” деб қичқирарди. Албатта британияликларнинг бошқа маданият ва дин вакилини бунчалик фаоллик билан қўллаб қувватлаши мени ҳайратлантирди.

Бироқ ушбу вазн тоифасида жаҳон, паралиимпиада ўйинларида рекод даражада тош кўтарган мисрлик Шариф Усмон ҳам бор эди.

Шариф Усмоннинг Пекиндаги ўйинларда кўрсатган рекорди 202 килони ташкил қилган, Лондонга ушбу рекордни янгилаш мақсадида келганди. Рекорд янгиланмади. 197 килони қийналмай кўтарган Усмон Шариф 205 кило тошни икки уринишда ҳам кўтара олмади. Бироқ бу унга олтин медални қўлга киритишга тўсқинлик яратмади.

Бутун зални ўзига қаратган Али 185 килони кўтарди, аммо унга иккинчи ўринни кафолатловчи 189 кило тошни кўтаргани ҳакамлар томонидан ҳисобга олинмади.

Британ мураббийининг норозилиги ортидан ҳакамлар ҳайъати видео тасвирларни қайтадан кўриб чиқди. Али Жавадга яна бир бор тош кўтариш имкони берилди. Бироқ Жавад ушбу имкониятдан фойдалан олмади ва медаллардан қуруқ қолди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.