BBC navigation

Ислом Каримов ўзбек муллаларини араб баҳоридан ваъз ўқишга чақирди

Сўнгги янгиланиш 7 октябр 2012 - 12:48 GMT

Президент Каримов араб давлатларидаги воқеалар борасида ўзбек муллалари жума намозларида ваъз ўқишини истамоқда

"Мусулмон дунёсидаги, араб дунёсидаги бу нотинчликни ҳеч ким қабул қилмайди. Кимдир четдан туриб уларнинг орасини бузаётгани ҳаммамизга маълум" - деб айтган Ислом Каримов ўзбек муллаларига қаратилган нутқида.

"Бу муаммоларга бизнинг муносабатимизни халқимизга етказишимиз зарур. Имом-хатиблар жума намозларида бизнинг қарашимиз мана бундай, деб тушунтириб берсак, ўз тинчлигимизга тинчлик қўшамиз" - деган Тошкент марказида диний уламолар билан учрашган Ислом Каримов.

Араб давлатларида бирин-кетин мустабид тузумлар ва узоқ йиллик яккаҳоким раҳбарларни кетказаётган оммавий исёнлар ҳақида Ўзбекистон президенти жуда кам гапиради.

Қатор араб давлатларини қамраб олган халқ ғалаёнлари Ўзбекистонда кенг ёритилмай келади.

Айрим журналистларга кўра, Мисрда узоқ йиллик авторитар раҳбар - Ҳусни Муборакка қарши халқ исёни бошланганида, ҳатто Ўзбекистон матбуотида "Миср" калимасини ишлатиш имконсиз бўлиб қолганди.

Бироқ кўплаб араб давлатларига сачраб кетган ғалаёнлар ва қуролли тўқнашувлар ҳақида Ўзбекистон аҳолиси ҳам аксар Россия матбуот воситалари ҳамда интернет орқали хабардор бўлмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистондаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий аҳвол кўплаб араб давлатларига ўхшашдир.

Узоқ йиллаб раҳбарларнинг алмашмаслиги, сўз эркинлиги чеклангани, мухолиф партияларга рухсат берилмаслиги ва халқнинг иқтисодий яшаш шароитлари яхшиланмаётгани шулар жумласидан, дейилади.

"Ҳокимият араб баҳори таъсиридан қўрқувда, чунки бу учун барча асослар мавжуд" - дейди жамиятшунос Камолиддин Раббимов - "Шу боис диний иборалар ва муллалар орқали ўзбек халқининг зеҳниятига таъсир қилиш учун ҳам уламоларга мурожаат этилмоқда".

Ўзбекистон президентига кўра, ушбу воқеалар борасида ҳукумат мавқеини халққа етказиш мамлакатдаги тинчлик учун муҳимдир.

Аммо араб давлатлари билан Ўзбекистоннинг алоқалари жипс эмас, жўғрофий узоқлик, тил ва ёзувдаги фарқлар боис ўзаро таъсирлар кучли эмаслиги айтилади.

"Қозоғистон ва Туркманистон каби аҳоли сийрак яшайдиган мамлакатларда ғалаёнларнинг қулоч ёйиб кетиш хавфи кам бўлади, аммо Ўзбекистонда аҳоли зич яшайди" - дейди Камолиддин Раббимов - "Интернет ва матбуотни чеклаб, вазиятни ушлаб туришибди. Бироқ тарихан Ўзбекистонда исёнлар кутилмаган пайт ва шароитларда юзага келган".

"Ҳукумат мураккаб вазият юзага келса ва яна куч билан бостиргудек бўлса, у ҳолатда Ғарб ҳам, Россия ҳам иккинчи Андижонни ҳазм қила олмаслигини яхши билади. Ҳокимият ана шундан қўрқувда".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.