BBC navigation

"Ҳамюртларимиз инсонпарварлик туйғулари билан ўрнак бўла олади"

Сўнгги янгиланиш 5 сентябр 2012 - 15:29 GMT
Ватандош

Vatandosh газетаси Ню-Йоркда бир ойда бир марта 5 минг нухсада тарқатилади

Би-би-си меҳмони - Америка Қўшма Штатларида бир ярим йилдан буён нашр этилаётган биринчи ўзбекча газета - 'Vatandosh' муҳаррири Фарҳод Султон.

'Vatandosh' газетаси тил, миллат ва Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган АҚШдаги бир неча зиёли ўзбек ёшлари ташаббуси билан 2011-йил бошида ташкил этилди. Ушбу нашр хорижда ўз тили, миллати ва динини унутиб бораётган ўзбекистонликлар учун ватанга боғлиқликларини таъминловчи, тил ва миллий урф-одатларни ўрганишда ёрдамчи ҳамда ташна кўнгилларга маънавий озуқа бўлади, деб умид қиламиз, - дейди Фарҳод Султон.

Фарҳод Султоннинг айтишича, газета ҳозирда Ню-Йорк шаҳрида яшаётган ўзбекларга ойига бир марта 5000 нусхада тарқатилмоқда.

У айни номдаги веб саҳифага бир йил ичида дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатидан 300 мингдан зиёд ўқувчи кирганини айтади.

Фарҳод Султон Ўзбекистоннинг Бўка шаҳрида туғилган.

Жаҳон Тиллари Университети инглиз тили бўлими ва Тошкент Ислом Университети фиқҳ бўлимларида таълим олган.

Уч йил давомида Ислом Университети Литсейида араб тилидан дарс берган, Ислом Университети қошидаги "Зиё" студиясида ишлаган.

Фарҳод Султон шунингдек Ўзбекистонга оид бу ерга босинг uztimes.com номли инглиз тилида веб саҳифа ҳам очган.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба ва якшанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.


Беҳруз Алимов: "Газетани очиш жудаяма катта иш. Шунга газетани бир неча зиёли ёшлар ташаббуси билан очдик," дебсиз. Ким у ёшлар, қаерда ўқишади ёки қаерда ишлашади? Ҳалиям ёшлар ҳисса қўшиб келишаяптими? Газета очишдаги қўйилган мақсадларига эриштингизми? Раҳмат

Фарҳод Султон: Газета очилганидан бери эликка яқин журналист ва бошқа журналист бўлмаган ижодкорлар, ватандошларимиз газетада ўз мақолалари билан иштирок этишди. Мавлон Шукурзода, Беҳзод Мамадиев, Даврон Тожиалиев, Шоҳрух Кенжаев, Алишер Айматли, Тошпўлат Раҳматуллаевларга алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Ундан ташқари, Жўра Бўтакўз, Лутфулла Тўра, Норхўжа Содиқов, Абдураҳим Ҳамидов, Абдраҳмон Мамажонов, Ҳикмат Султон ва Тамара Назароваларга газетамиз фаолияти учун яқиндан хомийлик қилиб келаётгани учун алоҳида ташаккур айтишни истардим. Ижодкорларимизнинг асосий қисми АҚШда яшайди. Саволингизнинг иккинчи қисмига келадиган бўлсак, мақсадимизга аста-секин эришяпмиз.

Шуҳрат, Қарши: Фарҳод акага саволим қўйидагича: Америкадаги ўзбеклар истаган истаган темаларда мақола ёзиш қийинми? Улар қайси мавзуларни ёритишингизни исташади?

Фарҳод Султон: Аввал таъкидлаганимдек, "Ватандош"нинг асосий ўқувчилари - АҚШда истиқомат қиладиган ҳамюртларимиз. Шунинг учун АҚШдаги ижодкорларимизнинг асосий қисми, уларнинг талабидан келиб чиқиб, материаллар ёзишади. Дейлик, АҚШда миграция масалалари билан боғлиқ турли қонунчилик шарҳлари, турли социал таъминотдан фойдаланиш, Америка миграция қонунчилигидаги ўзгаришлар хусусида кўп материаллар берилади. Умуман, АҚШдаги ўзбеклар истаган мавзуларда ёзиш қийин эмас, бунинг учун кўпроқ ҳаракат қилиш, интилиш керак бўлади, холос. Қолаверса, Америкадаги, умуман, чет элдаги ўзбеклар учун Ўзбекистонда юз бераётган энг муҳим воқеалар, ижтимоий, сиёсий масалаларда, фан, маданият ва спорт соҳасига оид ахборотларни катта қизиқиш билан кузатиб боришади. Ўзбекистонлик спортчилар эришаётган ютуқлар ҳам ўқувчиларнинг диққат марказида туриб келади.

Шерзод Абдиев: Ассалому алайкум, "Ватандош" таҳририй мезонлари нималардан иборат?

Фарҳод Султон: "Ватандош"нинг асосий мақсади - Ўзбекистон тарихи, бугуни ва келажаги хусусида таҳлилий чиқишлар, фикрлар, адабий ва бадиий жараёнлар, сиёсий, иқтисодий, маданий ўзгаришларни ёритиб бориш. Аввало, таҳририй мезонларидан энг муҳими — соф ўзбек тилида материаллар бериб боришдир. Бош мезон — чет элдаги ватандошларга керакли ахборотларни етказиб бериш.

Муниса, Тошкент: Ассалому алайкум! Би-би-си меҳмонига саволим шундайки, хорижий ахборот воситалари ва ўзбек матбуоти қиёсланганда қандай фарқларни кўрасиз?

Фарҳод Султон: Ўзбек ва хориж оммавий ахборот воситаларини солиштирганда, албатта, хориж матбуотининг одамларга таъсир кўрсатиш доираси кенгайиб, улар изчил ривожланиб бораётганини тан олиш керак. Бугунги ўзбек оммавий ахборот воситалари тараққиётида турғунлик юзага келган. Албатта, UZ доменида пайдо бўлаётган турли сайтлар бу турғунликни имкон қадар қисқартиришга, одамларнинг ахборот олиш эҳтиёжларини қондиришда катта роль эгалламоқда. Бугунги жаҳон оммавий ахборот воситаларида кун мавзуларини хилма-хил ёритиш, таҳлиллар, айниқса, мутахассис ва экспертлар блогларидан кенг фойдаланилаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Бизнинг матбуотимизга ҳаёт ҳақиқатини ёритишдек бир вазифалар юкланганки, бу вазифалар бажарилмас экан, аудиторияни жалб қилиш сустлигича қолаверади.

Аброр Жўраев, Лондон: Газетани ва веб сайтни иш бошлагандан бери кузатиб бораман. Фарҳод акага саволим:

Фақат Америка билан боғлиқ ватандошларимиз ҳақида маълумот оламиз, қолган давлатлардаги ҳамюртларимиз ҳақида ҳам маълумотлар беришни иложи борми?

Фарҳод Султон: Албатта, ҳозирги кунда асосан АҚШдаги ҳамюртларимиз фаолияти, турмуш тарзи, улар ўтказаётган турли тадбирлар, миллий ва маърифий кечалардан репортажлар, ахборотлар бериб бораяпмиз. Бугунги кунда АҚШнинг қарийб барча нуқталарида ҳамкор ижодкорлар билан мулоқот ўрнатганмиз. Истиқболда, албатта, Канада, Европа ва Осиёдаги ҳамюртларимиз ҳаётидан ҳам маълумотлар бериб бориш ниятимиз бор. Қолаверса, сайтимизда ана шундай қобилият эгалари учун “Сизда нима гап?” рукнини очиб қўйганмиз. Мазкур рукн орқали Ватандошда бемалол иштирок этиш мумкин.

Бахтиёр Расулов: "Ватандош" учун материалларни қандай тайёрлайсизлар? Муаллифларни ҳамкорликка чорлаганмисизлар? Агар шундай бўлса, "Ватандош" билан жиддий ҳамкорлик қилса бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат!

Фарҳод Султон: Бизнинг газета ва интернет сайтга материал тайёрлайдиган доимий муаллифларимиз бор, қолаверса, четдан муаллифлар ҳам жалб қиламиз. Айниқса, юрагида ёзишга иштиёқ кучли бўлган, Ватанимиз ҳақида, миллат ва халқ равнақига қаратилган, дунёда юз бераётган материаллар ёзадиган журналист ва журналист бўлмаган юртдошларимиз учун ҳар доим ҳамкорлик учун очиқмиз.

Муҳаммадсолиҳ, Швеция:АҚШлик доктор .... бир учрашувда сизни саҳифа ҳақида гапириб, уни ўзбек МХХси таёрлаган хориждаги олтита режимпараст лойиҳадан бири, деб атаганди. Бу гапга сизни сайтни кузатиб бориб ўзим ҳам амин бўлдим. Сайтда режимга қарши бирорта гап йўқ. Бунга нима дейсиз?!

Фарҳод Султон: Бу саволга биринчи марта дуч келаётгани йўқ. Ўзбекистондаги амалдаги ҳукуматни танқид қилаётган ҳар бир оммавий ахборот воситаси бошқа давлатлар махфий хизматларининг лойиҳаси бўлмаганидек, "Ватандош" ҳам МХХнинг лойиҳаси эмас. "Ватандош" АҚШда, қолаверса, чет элларда яшаётган ҳамюртларимизга маърифий, маданий, маънавий хизмат қилсин, деб очганмиз. Боз устига маънавий хизматни ўртага қўйиб, ёлғон гапирадиган даражада ахлоқсиз эмасмиз.

Жаҳонгир, Ню-Йорк: Фарҳод, мен 12 йилдан бери Ню-Йоркда яшайман. Сиз чоп этаётган газета ҳақида эшитганману лекин қўлимга олиб ўқиганим йўқ. Уни қаердан сотиб олиш мумкин? Олдиндан раҳмат.

Фарҳод Султон: Раҳмат, саволингиз учун. Газета Квинс ва Бруклинда 100дан ортиқ жойларда ҳар ойнинг 15 куни тарқатилади. Сиз info@vatandosh.com га электрон почта орқали ёзсангиз, сизга яқин дўконларнинг манзилларини юбораман.

Шариф, Фарғона: Америкада ўзбеклар орасида жиноят кўп содир этиладими? Охирги йилларда бир неча ўзбек диндор йигитнинг қамоққа олиниши ўзбеклар обрўсига таъсир қилдими?

Фарҳод Султон: Ўзбекистонлик бошқа давлатлар фуқароларига қараганда, анча қонунга итоаткор халқ. Буни АҚШ мисолида айтаяпман. Албатта, сўнгги йилларда ўзбекистонликлар билан боғлиқ бутун дунё шов-шув бўлган суд ишлари АҚШда бўлиб ўтган бўлса-да, бу Ўзбекистон халқи ҳақида умумий тасаввурни бермайди. Албатта, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақида жуда кам ахборотга эга америкаликлар тасаввурига бу салбий кўрсатиши мумкин. Аммо асосий ҳамюртларимиз хорижда меҳнатсеварлик, инсонпарварлик туйғулари билан бошқаларга ўрнак бўла олади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.