BBC navigation

‘Ўзбекистон МДҲ давлатлари Қутқарув кучлари таркибида бўлмайди’

Сўнгги янгиланиш 4 сентябр 2012 - 09:18 GMT
МДҲ рамзи

Ўзбекистон ҳар қандай халқаро ҳарбий блок амалиётларида иштирок этмаслиги ҳақида қонун қабул қилган

Ўзбекистон МДҲ давлатлари Қутқарув кучлари корпуси сафларига кирмоқчи эмас.

Бу ҳақда Россиянинг РИА-Новости ахборот агентлиги Қозоғистон Фавқулодда Ҳолатлар бўйича вазири муовини Валерий Петровнинг сўзларига таяниб хабар тарқатган.

Жаноб Петров эса, бу ҳақда МДҲ мамлакатлари Фавқулодда ҳолатлар бўйича давлатлараро кенгашининг йиғини доирасида билдирган.

Журналистларга сўзларкан, қозоғистонлик мулозим, "Бу – Ўзбекистоннинг суверен ҳуқуқи экани ва бунинг ҳеч бир қўрқинчли ери йўқ экани"ни айтган.

"Қолган барча давлатлар МДҲ Қутқарув кучлари корпусига киришларини тасдиқлашди. Давлатлараро кенгашда овоз бериш тартиби йўқ. Шу боис, ҳеч бир мамлакат бунга мажбур қилинмайди. Бу иш томонларнинг розилигига қараб амалга оширилади. Агарки, Ўзбекистон иштирок этишни истамас экан, бу – унинг суверен ҳуқуқи", деб баён қилган жаноб Петров Қозоғистон пойтахти Остонада.

МДҲ давлатлари Қутқарув кучлари корпуси – давлатлараро тезкор мадад кучлари уюшмаси бўлиб, асосий фаолияти табиий офатлар ва техноген ҳолатлар оқибатларини бартараф этишга қаратилган.

Кенгашнинг ўзи эса, фавқулодда ҳолатлардан огоҳлантириш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича МДҲ давлатлари орасида ҳамкорликни таъминлаш йўлида иш олиб боради.

Унга 1993 йилда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг розилиги билан асос солинган. Ушбу келишувга Ўзбекистон ҳам имзо чеккан.

Бу – Ўзбекистоннинг сўнгги пайтларда МДҲ давлатлари билан боғлиқ ташаббуслардан илк бор ўзини четга тортиши эмас.

Расмий Тошкент Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Тезкор мадад кучлари тузиш ғоясига ҳам рўйхушлик бермай келган.

Шу йилнинг июн ойи охирида, ҳатто, ташкилот таркибидаги фаолиятини тўхтатиш ниятида эканини ҳам баён қилганди.

Айрим таҳлилчилар эса, бунинг сабабини Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти фаолиятининг самарасизлиги ва айрим минтақа давлатлари раҳбарлари орасидаги зиддиятли муносабатлар билан изоҳлашганди.

Улар бунга мисол қилиб 2010 йилги Ўш қирғини чоғи ташкилотнинг бир четда қўл қовуштириб қараб тургани ва Тожикистон билан Ўзбекистоннинг енгил бўлмаган муносабатларини тилга олишганди.

Баъзи кузатувчилар эса, буларнинг барчасини Ўзбекистоннинг яна Ғарб билан яқинлашиш истаги билан изоҳлашади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.