BBC navigation

Ингушетияда катта муштлашув, ўзбекистонлик ўлдирилган

Сўнгги янгиланиш 7 сентябр 2012 - 07:43 GMT

Ингушетиянинг Долаково қишлоғида юз берган йирик муштлашув бир Ўзбекистон фуқаросининг умрига зомин бўлган, бошқаси тан жароҳати олган.

Ўзбекистонлик касалхонага кетишда, йўлда ҳаётдан кўз юмган.

Унинг 1986 йилда туғилган Рустам Алимардонов экани айтилмоқда.

Жанжал чоғида яраланган яна бир ўзбекистонлик республиканинг Назран шаҳар касалхонасига ётқизилган.

Жиноятга алоқадорлик гумони билан ўндан ортиқ ўзбекистонлик республиканинг Назран тумани Ички ишлар бошқармасига олиб кетилган.

Улар барчасининг оммавий муштлашув иштирокчилари эканликлари айтилмоқда.

Долаково қишлоғида бир уйни ижарага олиб яшаган ўзбекистонлик муҳожирларнинг сони ўттизга яқин дейилмоқда.

Хабарларга кўра, ҳодиса ўтган кун тунда юз берган.

Ингушетиялик масъулларнинг айтишларича, кутилмаганда келиб чиққан жанжал йирик муштлашувга айланиб кетган.

Можаро ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўз ораларида юз берган.

Маҳаллий Тергов қўмитаси веб саҳифасидаги хабарлардан аён бўлишича, жанжал ортидан, яна бир ўзбекистонлик - 22 ёшли Ойбек Зиёевга қарши жиноий иш очилган.

У эҳтиётсизлик оқибатида бир инсоннинг умрига зомин бўлиш даражасида қасддан тан жароҳати етказишда гумон этилмоқда.

Масъулларга кўра, юз берган ҳодиса юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Шу ой бошида Россиянинг Саратов вилоятида ферма ишчилари орасида келиб чиққан жанжалда қурбон бўлганлардан икки нафарининг ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эканликлари айтилганди.

Ўшанда вилоятнинг Александровка қишлоғидаги фермада ишлаб юрган ўзбекистонликларнинг асли доғистонлик бўлган хўжайинлари билан тортишиб қолганликлари айтилганди.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаол Баҳром Ҳамроевга кўра, бу каби жанжалларга аксаран иш устидан келиб чиққан рақобат, ишга ёлловчилар ёки воситачилар томонидан меҳнат ҳақларининг берилмаслиги сабаб бўлади.

Москвада бўлган мухбиримиз Давлат Қудратнинг айтишича, сўнгги йилларда Шимолий Қафқозга меҳнат муҳожирлиги учун бораётган ўзбекистонликларнинг сони сезиларли даражада ортган.

Мухбиримизга кўра, улар аксаран қурилиш ишлари ва кичик-кичик ошхоналарда ишлашади.

"Ҳозир Шимолий Қафқозда ўзбекча нон, сомса пишириш яхши бизнесга айланиб бормоқда", дейди мухбиримиз.

Унга кўра, тирикчилик илинжи марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини минтақада кучайиб бораётган исломий жангарилик муаммосидан ҳам чўчита олмаган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.