BBC navigation

Ўзбекистонда бозорлар тўғрисида янги қоидалар эълон қилинган

Сўнгги янгиланиш 8 сентябр 2012 - 11:43 GMT

Қарорга асосан, энди бозорларда пул айирбошлаш шаҳобчаларидан ташқари ҳориж валютасини сотиш тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 253-сонли қарори билан Ўзбекистонда бозорлар ва савдо мажмуалари фаолиятини ташкил этиш қоидалари тасдиқланган.

Белгиланган қоидаларга биноан, деҳқон бозори, чорва, парранда ва бошқа ҳайвонлар билан савдо қилувчи бозор, шунингдек буюмлар бозори алоҳида бўлиши ва ёзувлар билан кўрсатиб қўйилиши айтилмоқда.

Қарорда кўрсатилишича, бундан буён республикадаги бозорлар ҳудуди электр билан ёритилганлиги, атрофи тўсилганлиги, бозорга кириш ва чиқиш жойлари бўлиши кераклиги, савдо расталари рақамланганлигига эътибор қаратилади.

Бозор ҳудудидаги эълонлар давлат тилида ёзиб қўйилиши ҳам таъкидланган.

Савдо мажмуалари ва бозорларда белгилангандан ташқари қўшимча савдо жойларини ташкил этиш, шунингдек контейнерлар, автомашиналардан озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш мумкин эмас.

Шунингдек, алкогол ичимликларни, қимматбаҳо тақинчоқлар ва буюмларни, аудио-видео ёзувлар, компютер дастурлари, дори воситаларини бозор савдо нуқталаридан ташқарида сотишга йўл қўйилмайди.

Бозорда 1,2 метрдан ортиқ жойни эгаллаган киши қўшимча ҳақ тўлашига тўғри келади.

Шу билан бирга, ўзига тегишли жойни бошқа кишига савдо қилиш учун бериб туриши қонунга зидлиги таъкидланган.

Қоидага биноан, тадбиркорлардан ижара тўловлари ва бошқа хизматлар учун тўловлар фақат банк тизими орқали автоматлаштирилган ҳисоб йўли билан олинади.

Бунда йиғимнинг тўлиқлиги давлат солиқ хизмати органларининг ходимлари томонидан ҳар куни текшириб борилиши айтилган.

Шуниси эътиборлики, қарорга асосан бундан буён бозор ҳудудида пул айирбошлаш шаҳобчаларидан ташқари ҳориж валютасини сотиш тақиқланади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар эса, келтирган импорт товарлари ва ўзи тайёрлаган маҳсулотларни сотиш ҳуқуқига эгалиги сақланиб қолади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.