BBC navigation

Ота-оналар ўқувчиларнинг пахтага чиқарилмаётганидан норози

Сўнгги янгиланиш 12 сентябр 2012 - 16:49 GMT

Бизда пахта вақти бир-икки сўм ишлаб олиш имкони пайдо бўлади, дейишади ўзбекистонликлар.

Жиззах вилоятидаги айрим ота-оналар фарзандларининг пахта йиғим-теримига чиқмаганлари оқибатида болаларнинг ўзига кийим-бош сотиб олишга қийналаётганидан арз қилмоқдалар.

Вилоятнинг пахтага ихтисослашган туманларидан бирида истиқомат қиладиган кишининг Би-би-сига айтишича, ота-оналар ўзи билан боласини пахтага олиб чиқишни истаса ҳам жойларда милиция ходимлари бунга рухсат беришмаяпти.

"Жиззах вилояти аҳолиси пахта мавсумини интиқлик билан кутади. Сабаби мана шу вақти бизда бир-икки сўм ишлаб олиш имкони пайдо бўлади. Бизнинг ҳудудларда умуман иш йўқ. Одамлар фақат нафақа ва ёрдам пулига кун кўради", - дейди жиззахлик суҳбатдошимиз.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, мактаб бошланган бўлса-да, айрим ота-оналар маблағи йўқлигидан фарзандларига кийим-бош олиб бера олмаган. Бундан олдин ҳар йили ўқувчиларнинг ўзлари пахтага чиқиб ўзларига харид учун пул йиғишган.

Аммо бу йилги тақиқлардан сўнг ота-онасига ёрдам бермоқчи бўлган ўқувчилар милиция томонидан мактабга ҳайдалмоқда.

Ўқувчиларнинг ўрнини босиш учун шаҳарлардан турли тоифадаги ёрдамчиларни пахта далаларига сафарбар этиш шиддат билан давом этмоқда.

Шу кунгача олийгоҳ, коллеж ва лицейларнинг талаба ҳамда ўқувчиларининг пахтага чиқарилгани маълум. Бундан ташқари Тошкент шаҳридаги ҳар бир муассаса қанчадир сонда ҳашарчи юборишни ўз зиммасига олган.

Ҳаттоки ошхона, ресторан ва бозор маъмуриятлари ҳам ёрдамчи юбормоқда.

Ҳашарчилар пахта терадими?

Бироқ изланишлар натижасида шу нарса маълум бўлмоқдаки, ҳашарчиларнинг аксарияти пахта теришнинг ўрнига маҳаллий аҳоли вакили ёки мардикорларни ишга солишни афзал билмоқда.

Фермерлар ҳар бир кило пахта учун жойида 130-150 сўмдан ҳақ бераётган бўлса, ёрдамчилар маҳаллий аҳолига килосига 300 сўмдан пул бермоқда. Ёки кунига 10 минг сўм ва терган пахтасининг пули таклиф этилмоқда.

Тошкент шаҳри ва вилоятида пахтадан қолишни истаган лицей ё-да мактаб ўқитувчисидан директор ёлланган мардикорга 200 минг сўм нақд пул ва озиқ-овқати учун бир ойлик маошини талаб қилмоқда. Ўқитувчининг ўртача ойлиги шу кунларда 450-500 минг сўмни ташкил қилади.

Шифокор, ўқитувчиларнинг 30 фоизи пахтага навбати билан жалб қилинган бўлса, банк ходимларининг 50 фоизи навбати билан теримга чиқаётгани маълум.

"Шифокорларнинг 30 фоизи 10-15 кун муддат билан далага олиб чиқилади. Қолган қисми яна алмаштирилади. Мана шу тартибда ҳамма пахтага чиқади", - дейди бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов

Азон билан бирга "Ҳамма пахтага"

Би-би-си билан суҳбатлашган Жиззах вилоятилик кишининг айтишича, тонгги соат бешда ўт ўчиришга мўлжалланган машинанинг сиренаси баралла қўйилиб аҳолини уйғотади. То тушгача ушбу сирена овози бир тиниб-бир тинмай одамларни пахтага чиқиш кераклиги ҳақида эслатиб туради.

Айрим ҳудудларда масжидларнинг азонга мўлжалланган овоз кучайтиргичлари орқали аҳоли пахта теримига чақирилмоқда.

Унда "Пахта миллий бойлик, уни исроф қилмай териб олайлик" чақириқлари янграган. Илғор теримчилар мақталади ва кўчада бекор юрмасдан пахтага чиқиш лозимлиги уқтирилади.

Баъзи ҳудудларда маҳалла оқсоқоли, 4-5 нафар милиция ходимларини ёнига олиб кўчада юрганларни пахтага чиқишга мажбурламоқда.

Бозорлар ёпилган. Фақатгина кечки вақт ярмаркалар ташкил қилинаётгани айтилмоқда. Бироқ шунча тақиқларга қарамай жойларда тўйлар ўтаётгани маълум.

Пахта теримига ҳаттоки давлатдан ёрдам пули олувчи чақалоқли она ва нафақахўрлар ҳам жалб қилинган.

Пахтага чиқмаса уларнинг нафақа ва ёрдам пуллари узиб қўйилиши билан таҳдид қилинган.

Суҳбатдошларимиз энди туғилган чақалоғини пахта вақти кимга ташлаб кетиш катта муаммога айланганини айтишди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.