Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Гулнора Каримова президентлик сайловолди кампаниясини бошлаб юбордими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мустақилликнинг 21 йиллик тантаналари чоғида Гулнора Каримова аёл тан қўриқчилари қуршовида кўрилган

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўзининг Twitter даги саҳифасида "Нима учун президентларнинг оиласи энг зўр?" деган саволга жавоб берган.

@MyAmericaBlog исмли Twitter фойдаланувчиси Каримова хонимга 26 август куни чоп этилган айни сарлавҳа остидаги мақолани ҳавола қилиб, унга фикр билдиришни сўраган.

Мақолада Озарбайжон Президенти Алиев ва Ўзбекистон Президенти Каримов сингари яккаҳоким раҳбарларнинг аёллари ва қизларининг дабдабали ҳаёти оддий халқнинг аянчли аҳволи билан қиёсланган.

Гулнора Каримова хоним мақолага муносабат билдираркан, "ўзингиз билган фактлар ҳақида ёзинг ва машҳур исмлар атрофида арзон обрў орттиришга уринманг, шунда сизни ҳурмат қилишади", дея маслаҳат беради.

Twitter даги баҳс Ўзбекистон телеканаллари Гулнора Каримова ва унинг "Фонд Форум" жамғармаси фаолиятини зўр бериб тарғиб қилишни бошлаган пайтга тўғри келган.

Айрим таҳлилчилар 74 ёшли Президент Каримов ҳокимиятни тўнғич қизига топширишга тайёргарлик кўраётганини башорат қилишмоқда.

Гулнора Каримованинг "Фонд Форум" жамғармаси жойларда ташкил этаётган "Ёшлар марказ"лари амалда Каримова хонимнинг сайловолди штаблари бўлиб хизмат қилиши ҳақида фаразлар айтилмоқда.

Мустақилликнинг 21 йиллик тантаналари чоғида Гулнора Каримова аёл тан қўриқчилари қуршовида кўрилган.

У тантаналардан тўғридан-тўғри твит қилган.

Оқ фотиҳа?

Тошкентдаги мустақил "Эксперт Ишчи Гуруҳи" раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра,бу башоратларда жон бўлиши мумкин.

Унинг айтишича, охирги йилларда Гулнора Каримованинг ўзини қўшиқчи, дизайнер ва дипломат сифатида тақдим этиб келган ва сиёсий ҳокимиятга меросхўрлигини яширишга уринарди.

"Каримовнинг ёши бир жойга бориб қолаётгани ва 2015 йилда президентлик сайловлари бўлиб ўтиши ҳақида қабул қилинган қарорлар олий ҳокимият учун курашни авжига чиқарган кўринади. Гулнора Каримованинг бу курашда энг фаол иштирокчига айланиш нияти борлиги кўриниб турибди"- дейди таҳлилчи.

40 ёшли Гулнора Каримова турли жабҳалардаги фаоллиги ва кўп сонли хайрия тадбирларига қарамай, оддий халқ орасида унчалик обрўга эга эмас.

АҚШ дипломатларининг Викиликсга сизган ёзишмаларида Каримова хоним Ўзбекистондаги "ҳамма нафратланадиган шахс" дея таърифланган.

Суҳроб Исмоиловга кўра, халқ орасида Каримова хоним ҳақида аллақачон жуда ҳам салбий фикр шаклланиб бўлган ва сўнгги пайтларда авжига чиққан тарғиботу ташвиқотлар ҳам бу образни ўзгартириши амримаҳол.

"Гулнора Каримова аллақачон салбий фигура сифатида танилиб улгурди, шунинг учун унинг акциялари қанчалик ҳайрия сифатида урғуланмасин, у ҳақида ижобий фикрни шакклантира олмайди", - дейди Суҳроб Исмоилов.

Унинг ишонишича, Гулнора Каримованинг давлат матбуотидаги тарғиботи Президент Каримовнинг "оқ фотиҳа"сисиз амалга ошмаган, аммо бу Президент Каримов ҳокимиятни тўнғич қизига топшириш ҳақида ниҳоий қарорга келганини англатмайди.

"Каримов тажрибали сиёсатчи сифатида энг сўнгги дақиқагача кимни меросхўр сифатида кўришини ошкор этмаса керак. У икки-учта номзодга ўзларининг салоҳиятларини кўрсатиш, Президент оиласига садоқатларини намойиш этиш учун имконият яратиб беради, лекин ҳеч биттасини фаворит даражасига кўтармайди", дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистонда навбатдаги Президент сайловлари 2014 йилда бўлиб ўтиши керак эди, аммо аввалроқ Сенат сайловларни 2015 йилнинг биринчи ярмига қолдириш ҳақидаги қонунга ўзгартиришни маъқуллаган.

Расмийлар сайловларнинг 6 ойга кечиктирилиш сабабини изоҳламаганлар.

74 ёшли Ислом Каримов Ўзбекистонни 1989 йилдан буён бошқариб келади.