BBC navigation

Ўзбекистон: яна 8 киши диний-сиёсий айбловлар билан маҳкамага тортилди

Сўнгги янгиланиш 14 сентябр 2012 - 14:05 GMT

Тошкент вилоятида диний айбловлар билан қўлга олинган 8 киши устидан маҳкама жараёни бошланган.

Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳига кўра, 3 аёл дохил ушбу инсонларнинг барчаси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти яшовчилари бўлиб, уларнинг барчасига "Ваҳобийлик" оқимига алоқадорлик айблови қўйилмоқда.

Гуруҳ раҳбари Сурат Икромовнинг билдиришича, айбланувчилар 2012 йилнинг апрел-май ойларида қўлга олинган.

"Уларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси (жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 244-1 (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш), 159 (конституцион тузумни ағдаришга уриниш) модда билан айб қўйилган. Айблов хулосасида асослар аниқ қилиб кўрсатилмаган. Маълум бўлишича, кўпчилиги бир-бирларига у қадар яқин ҳам бўлишмаган. Диний оқимга тегишлилигича оид бирон бир далилий ашё айблов хулосаларининг ўзида йўқ. Бу Ўзбекистонда 15 йилдан бери давом этиб келаётган маҳкамалардан бири", - дейди Сурат Икромов.

Сурат Икромовга кўра, мазкур маҳкама жараёни уч марта қолдирилган ва ниҳоят 13 сентябр куни белгиланган вақтидан кечикиб бошланган.

"Кеча Тошкент вақти билан 2:00 да белгиланган судни 11 ўтказган. Бирон бир яқин қариндошлари, кузатувчилар, ҳуқуқ ҳимоячилар кира олмаган", - дейди у.

'Пора эвазига диний-сиёсий маҳбусларни озод қилиш имконсиз'

Хабарларга кўра, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати диний-сиёсий айбловлар билан қамалганларни озодликка чиқариб бериш ваъдаси билан уларнинг яқинларидан пул олиб юрган гуруҳ аъзосини қўлга олган.

Айтилишича, товламачилар ўзларини маҳбуслар яқинларига МХХ ходимлари сифатида таништиришган ва хизматларини 300-500 АҚШ доллари эвазига таклиф қилишган.

Хабарларда жиноят гуруҳининг қўлга тушган аъзоси ўрта ёшлардаги шахс экани ва у аввал ҳам судланган бўлгани ёзилади.

Ўзбекистонда минглаб эркак ва аёллар Ўзбекистон Жиноий Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-моддасига (Оммавий тартибсизликлар) биноан айбдор деб топилиб, кўп йилларга озодликдан маҳрум этилганлар.

Ўзбекистонда диний айбловлар билан қамалган одамларнинг авф этилиши одатий ҳол эмас.

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи ўтган 12 йил асносидаги кузатувлари давомида диний айбловлар билан қамалган 7 мингга яқин киши борасида маълумотлар тўплашга муваффақ бўлган.

Гуруҳ раҳбари Сурат Икромовга кўра, Ўзбекистонда диний-сиёсий мотивлар билан озодликдан маҳрум этилганларни пул ёки пора эвазига ҳам озодликка чиқариш ҳоллари шу пайтгача кузатилмаган воқелик.

"Биз анчадан бери кузатиб келганмиз учун айта оламан, қамалганларни, айниқса диний-сиёсий айбловлар билан қамалганларни бирон бир пора билан чиқариш имконсиз иш. Ҳеч қачон эшитмаганмиз. Лекин, хибсга олиш пайтларида жиноий иш ҳали қўзғатилмай туриб, 10 кишидан бир ёки иккитаси озод қилинган ҳоллари бор. Шунинг учун, айтмоқчиманки, бу фақат товламачиларнинг иши", дейди Сурат Икромов.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.