BBC navigation

Қашқадарёлик истеъмолчи маҳкамада газ корхонасини ютган

Сўнгги янгиланиш 14 сентябр 2012 - 13:40 GMT

Сўнгги йиллар қиш мавсумида газ босимининг кескин тушиб кетиши одатий ҳолга айланган

Қашқадарёлик истеъмолчи Миришкор туман газ корхонасидан маҳкама орқали 200 минг сўм товон пули ундириб олишга эришган. Olam.uz сайтининг ёзишича, туман газ корхонаси ишлатилмаган газ учун истеъмолчига қарздорлик ёзган ва таъминотни узиб кетган.

Қашқадарёлик Ниёзов истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотга мурожаат қилган ва туман газ корхонасининг ушбу ҳаракати соғлиғини йўқотишга сабаб бўлганини айтган.

“Маҳалладошлар билан келишиб 150 минг сўмдан пул йиғиб қишлоғимизга газ қувурини келтирдик. Бироқ “Миришкортумангаз” филиали томонидан газ етарли миқдорда босим билан берилмади. Шунга қарамай биз газ хизмати учун тўловларни ўз вақтида бериб бордик. Бироқ туман газ корхонаси томонидан асоссиз равишда қарздорлик ёзиш ҳоллари бўлди. Ҳаттоки менинг уйимни газ таъминотидан узиб ҳам қўйишди”, - деб ёзади миришкорлик истеъмолчи Ниёзов.

Қарздорлик ёзилиши ва газнинг узилиши ортидан Ниёзов соғлиғини йўқотганини ва 350 минг сўмдан кўпроқ пулга даволанишга мажбур бўлганини айтади.

Қашқадарё вилоят истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмаси ушбу ишни ўрганиб, истеъмолчи ёзган барча даъволар тўғри деган хулосага келади.

Маълум бўлишича туманда газ таъминотининг босими пастлигидан ушбу уйларга газ умуман етиб бормаган.

Маҳкама ушбу иш юзасидан истеъмолчининг фойдасига ҳукм чиқариб 200 минг сўм маънавий зарар ундиришга қарор қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бирлашмасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Бирлашмадан ўзини кадрлар бўлимидан деб таништирган ходим, ҳамма пахта теримига чиқиб кетганини маълум қилди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясидан мутахассиснинг Би-би-сига айтишича, сўнгги икки йилнинг ичида газ таъминотида истеъмолчиларнинг ҳуқуқи бузилаётгани ҳақидаги аризаларнинг кўлами ортган.

“Охирги икки йилнинг ичида газ таъминоти соҳасида шикоят аризалари кўпайиб кетди. Асоссиз қўйилаётган қарздорлик. Сабаби газ таъминоти корхоналари “давлат қиёслашидан вақтида ўтказмагансиз”, дейишаяпти. Шу ҳолатдан фойдаланиб истеъмолчиларга асоссиз қарздорлик қўйилиши ортидан келиб чиқаётган шикоятлар”, дейди федерация мутахассиси.

Шу йилнинг 6 ойи давомида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига газ таъминоти билан боғлиқ республика бўйича 1466 та ариза тушган. Аризаларнинг 90 фоизи истеъмолчининг фойдасига ҳал этилган.

Аризаларнинг асосий мазмуни асоссиз қўйилган қарздорлик эканлиги айтилади. 6 ой давомида 250 миллион сўмга яқин шундай аризалар келиб тушган.

Марказий Осиёнинг газга бой ўлкаси бўлмиш Ўзбекистонда сўнгги йилларда экспорт ҳажмининг оширилиши ортидан мамлакат ичида газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Айниқса қиш кунлари газ босимининг кескин тушиб кетиш ҳоллари Тошкент шаҳридан ташқари деярли бутун республика кузатилди.

Жойларда газ йўқлиги сабаб ҳокимиятлар томонидан кам таъминланган оилалар учун арзон баҳода кўмир сотиш йўлга қўйилди. Айрим мактаблар хоналарни иситиш учун ўқувчилардан сумкасига кўмир солиб келишни сўрашга мажбур бўлган ҳолатлар ҳам учради.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.