BBC navigation

Руслан Чагаев: 'Энди қитъалараро чемпионлик учун рингга тушаман'

Сўнгги янгиланиш 15 сентябр 2012 - 15:28 GMT

Руслан Чагаев шу йил ҳисобидан ўтказган учта рейтинг жангининг ҳаммасини кетма-кет ғалаба билан якунлаган

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн бўйича собиқ Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаевнинг биз билан суҳбатида айтишича, қитъалараро чемпионлик камари учун жангини шу йил декабр ойига режаламоқда. Руслан Чагаев билан суҳбатимизни тинглаш учун плейерни ўйнанг:

Руслан Чагаев: 'Энди қитъалараро чемпионлик учун рингга тушаман'

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн бўйича собиқ Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаевнинг биз билан суҳбатида айтишича, қитъалараро чемпионлик камари учун жангини шу йил декабр ойига режаламоқда.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Руслан Чагаев шу йил ҳисобидан ўтказган учта рейтинг жангининг ҳаммасини кетма-кет ғалаба билан якунлаган.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи сўнгги бор жорий ойнинг илк кунида рингга чиққан ва олмониялик рақиби Вернер Крейскоттни еттинчи раунддаёқ техник нокаут билан енгишга муваффақ бўлганди.

Руслан Чагаев, "ҳар бир рақибига қарши рингга чиқишдан аввал барча масофалардан туриб, зарба беришга ҳозирлик кўраётгани боис, сўнгги жангини бирор бир бошоғриқсиз ўтказгани"ни айтади.

"Жанг пайтида зарбангиз аниқ тегиб, рақибингиз йиқиларкан, албатта, жангни тезда тугатишга ҳаракат қиласиз", дейди у.

Руслан ўтган ой Олмониянинг ўзи қарийб 10 йилдан буён шуғулланиб келган Universum Box-Promotion клуби билан шартномасини бузган ва охирги жангини ҳам эркин агент мақомида ўтказганди.

У эркин агент мақомида бўлгани учун ҳам илк бор спарринг ҳамкору мураббий топиш ўз зиммасида экани боис, сўнгги жанги бироз югур-югур билан кечганини айтади.

Ўзбекистонлик боксчининг айтишича, агар қитъалараро чемпионлик камарини қўлга киритса, яна бир саралаш жангини ўтказгандан сўнг, бемалол жаҳон чемпионлиги учун рингга чиқа олади.

Руслан Чагаев қатор жанглар ўтказиш билан ўз рейтингини яхшилаб, келаси йил куз ойларида яна энг оғир вазн тоифасида WBA йўналишида Жаҳон чемпионлиги камари учун даъвогарлик қилмоқчи.

"Ҳаммаси жойида"

Руслан Чагаев сўнгги ғалабаси ортидан кайфияти аъло даражада ва ҳамма ишлари жойида эканини айтади.

Унга кўра, ҳозир декабр ойидаги жангига ҳозирликларини бошлаш арафасида турибди.

Руслан мураббий топиш учун тез орада Америкага сафар қилиш режасида эканини ҳам билдирди.

"Мураббий топиш осон. Аммо яхши мураббий топиш қийин. Мураббий сизга яқин бўлиши керак. Мураббий сизга қанчалик мос эканини юрагингиз билан ҳис этишингиз керак", дейди у.

Чемпионлик тарихи

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни бошқа бир россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлганди.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони, украиналик боксчи Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик унвонидан буткул маҳрум бўлганди.

Аммо орада қатор жанглар ўтказиб, яна ушбу мақом учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтга қадар жаъми 33 та жанг ўтказган, шундан 30 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Ҳаваскор боксда ҳам бир неча бор Осиё ва Жаҳон чемпионлари бўлган ўзбекистонлик донгдор боксчи профессионал боксда ҳам энг оғир вазн тоифасида дунёдаги энг кучли боксчилардан бири саналади.

Агар шу йилнинг июл ойи маълумотларига қаралса, сўнгги жангига қадар Руслан Чагаев WBA рейтингида 7-ўринни эгаллаб турганди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.