BBC navigation

Россия: 'Аксилисломий фильм экстремистик деб топилсин'

Сўнгги янгиланиш 18 сентябр 2012 - 09:47 GMT

Россия Бош прокуратураси маҳаллий провайдерларни "Мусулмонларнинг бегуноҳлиги" фильмини тарқатмаслик билан огоҳлантириб, уни "экстремистик", дея эълон қилишини сўраб, маҳкамага мурожаат этган.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Россияга қадар ҳали дунёнинг бирор бир давлати бу каби сўров билан чиқмаган.

Агар маҳкама уларнинг сўровини қондирса, ушбу фильмни тарқатиш жиноят саналиб, бу ишни қилганлар жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин.

Улар аксилисломий фильмнинг Россия Федерацияси ҳудудида тарқалишининг олдини олиш учун маҳкамага айни мазмундаги мурожаат билан чиққанликларини айтишмоқда.

Ўтган ҳафта Youtube веб саҳифасида пайдо бўлган фильм ўшандан буён дунёнинг қатор давлатларида зўравон норозилик намойишларига сабаб бўлиб келади.

Норози мусулмонларга кўра, Америкада ишланган ушбу фильм Ислом дини ва пайғамбарини ҳажв этади.

Орада дунёнинг қатор мусулмон давлатлари ва нуфузли исломий ташкилотлари аксилисломий фильмни қоралаб, кескин баёнотлар билан ҳам чиқишди.

Аммо МДҲ давлатларидан бу борада энг кескин мавқеъни ҳозирча Россия намоён этмоқда.

Россиялик масъулларга кўра, айнан "Мусулмонларнинг бегуноҳлиги" фильми сабаб, 1 ноябрдан Youtube тўсиб ҳам қўйилиши мумкин.

Россияда сўнгги йилларда мусулмонларнинг сони кескин ошиб бораётгани, жорий пайтда эса, уларнинг сони йигирма миллиондан ортиши айтилади.

Аммо, шунда ҳам, Россия томонининг баёноти дунёнинг қатор давлатлариникидан анча кеч янграмоқда.

"Мусулмонларнинг бегуноҳлиги" фильми Вашингтон ва Нью-Йоркка уюштирилган ҳужумларнинг 11 йиллиги санасида, яъни 11 сентябр куни пайдо бўлганди.

Аксилисломий мазкур фильм юзасидан илк зўравон намойишлар худди ўша куни Ливиянинг Бенғози шаҳрида келиб чиққан ва АҚШ элчисининг ўлими билан якунланганди.

Ушбу фильмга қарши норозилик намойишлари эса, МДҲ ҳудудида ҳозирча фақат Озарбайжонда кузатилган.

Кеча пойтахт Бакуда ўнлаб кишилар АҚШ элчихонаси биноси яқинида норозилик намойиши уюштирмоқчи бўлишган.

Улар элчихона биносига яқинлашиб, фильм усталарига қарши шиорлар айтиб қичқиришган, "Аллоҳу Акбар", "Аллоҳу Акбар", дея хитоб этишган.

Аммо ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларни куч билан тарқатиб юборишган, намойишчилардан бир нечтасини ҳибсга олишган.

Намойишни ким уюштиргани маълум эмас. Озарбайжондаги исломий партиялар норозилик акциясига ҳеч бир алоқалари йўқлигини айтиб чиқишган.

Марказий Осиёда-чи?

Аксилисломий фильмни қораловчи баёнот минтақа давлатлари орасидан биринчи бўлиб кеча Қозоғистон, бугун Қирғизистон ва Тожикистонда янграган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мусулмон идоралари ушбу фильмни қораловчи баёнотлар билан чиқишган.

Мусулмон идораларининг қўшма баёнотида халқаро ҳамжамиятдан аксилисломий фильмнинг интернетда намойиш этилишининг олди олиниши сўралади.

Улар ўз баёнотларида, бу хусусда, дунё давлатлари раҳбарларига ҳам мурожаат этишган.

Марказий Осиёдаги ягона исломий партия бўлган Тожикистон Исломий Уйғониш партияси ҳам бугун ушбу фильм юзасидан ўз баёнотини эълон қилган.

Партия ўз баёнотида ушбу фильм ижодкорлари ва тарқатувчиларини кескин қоралаган.

Тожикистон Исломий Уйғониш партияси сиёсий кенгаши барча давлатлар ва халқаро ташкилотларни бу каби фильмлар яратилишига қарши бир ёқадан бош чиқаришга даъват этган.

Диний мансублигидан қатъиназар, барча айбдорларни эса, жиноий жавобгарликка тортишга чақирган.

Баёнотда айтилишича, жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида Ислом динини хавф ва таҳдид сифатида кўрсатувчи материалларнинг илк бор ишланиши эмас.

Партияга кўра, бу каби ҳолатлар Ислом динига нисбатан адоватнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган.

Душанбедаги мухбиримиз Искандар Фируз Хоруғдаги ҳодисалар ортидан, мамлакатда Youtube интернет тармоғига ҳануз имкониятнинг йўқлиги боис ҳали деярли ҳеч ким бу фильмни кўришга муваффақ бўлмаганини айтади.

Мухбиримизга кўра, кеча Тожикистондаги АҚШ элчилиги ҳам ўз фуқароларига махсус мурожаат билан чиқиб, оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, кўчада ёлғиз юрмасликлари маслаҳат берилган.

Дунёнинг қолган давлатларида бўлгани каби, Тожикистондаги АҚШ элчилиги биноси атрофида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ва қўриқчилар сони оширилгани кузатилади, дейди мухбиримиз.

Ўз ўрнида, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, "Мусулмонларнинг кўнгилларини оғритувчи мазкур фильм усталарининг ишларини қоралаши"ни баён қилган.

Вазирлик баёнотида айтилишича, ҳар қандай фикр эркинлигида масъулият бўлиши керак.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги, яна шунингдек, дунёнинг қатор давлатларида дипломатик ваколатхоналарга қилинган ҳужумларни ҳам кескин қоралашини билдирган.

Сўнгги пайтларда Америка билан қайта яқинлашишга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё давлатларининг бу хусусдаги расмий баёнотлари эса, ҳозирча кузатилгани йўқ.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.