BBC navigation

Ўзбекистонлик насроний руҳоний Қозоғистонда ҳибсда қолмоқда

Сўнгги янгиланиш 18 сентябр 2012 - 12:42 GMT
Максет Жаббарберганов

Ўзбекистондаги хона черковларининг пасторларидан бири Қозоғистонда қамоқда қолмоқда.

Максет Жаббарбергановнинг ишини Олий маҳкама кўриши ва уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш-қилмасликка доир қарор бериши керак.

Бу руҳоний Ўзбекистондаги таъқиблардан қочиб келганини айтмоқда.

32 ёшли Максет Жаббарберганов 5 сентябр куни Олма ота шаҳрида ҳибсга олинган.

Би-би-сининг Олма отадаги идорасидан Абдужалил Абдурасуловнинг айтишича, Максет Жаббарберганов Қозоғистонга 2007 йил қочиб ўтган.

"Максет Жаббарберганов насроний динининг протестант оқимига мансуб. У Нукус шаҳрида худди шу жамоатга раҳбарлик қилган. Жаббарбергановни 2007 йил Нукус шаҳрида ноқонуний диний йиғинлар ўтказишда айблаб ҳибсга олишган, аммо кўп ўтмай у қўйиб юборилган. Ва ана шу ҳодисадан сўнг у Қозоғистонга қочиб келган", дейди Абдужалил Абдурасулов.

Айтилишича, Жаббарберганов Қозоғистонда БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигидан сиёсий қочқин мақомини олган.

Бироқ, 2010 йил 21 апрелидан Қозоғистон ҳукумати билан БМТ Қочқинлар агентлиги ўртасидаги битим кучга кириб, масъулият тўла Қозоқ расмийлари ихтиёрига ўтиши ортидан Жаббарбергановнинг иши қайта кўриб чиқилган ва унинг қочқинлик мақоми бекор қилинган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистондан Максет Жаббарбергановни қайтаришни талаб қилган.

"Айтиб кетилганидек, унга ноқонуний диний йиғинлар ўтказиш ва ноқонуний диний адабиётлардан фойдаланиш айбловлари қўйилган. 7-сентябр куни Максет Жаббарбергановни 40 кунгача қамоқда ушлаб туришга оид буйруқ берилган. Мана шу 40 ичида Бош прократура уни экстрадиция қилиш-қилмасликка доир қарор чиқариши керак", дейди Абдужалил Абдурасулов.

Минтақадаги айрим ахборот воситалари Максет Жаббарбергановнинг ҳибсга олинишини Президент Ислом Каримовнинг Қозоғистонга сафари билан боғлашган.

Ҳозирги пайтда Қорақалпоғистонда протестант черкови расман рўйхатдан ўтмаган ва улар ноқонуний ҳисобланади.

'Қозоғистон қочқинлар учун хатарли жойми?'

2010 йил апрелидан бери яқин хориждан Қозоғистонга борган қочқинлар масаласи билан бевосита Қозоғистон ҳукумати шуғулланади.

Ўзбекистон каби давлатлардан Қозоғистонга бошпана излаб борувчилар беш кун давомида Қозоғистон Меҳнат вазирлигига қарашли Миграция департаментига мурожаат қилишлари шарт бўлади.

Республика миграцион хизмати лозим деб топилган одамларга қочқин мақоми беради. БМТ эса бу ерда фақатгина кузатувчи ва маслаҳат берувчи ролни бажаради.

Бунгача БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги яқин хориждан мамлакатга келган қочқинларга бошпана изловчи деган ҳужжат берар ва мана шу ҳужжат қочқинларга Қозоғистонда эркин юриш ҳуқуқини берган.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирув эълон қилинган шахслар ҳам мана шу сертификат кучи билан ортга қайтариб юборилмаган.

Аммо, янги қабул қилинган қонун бўйича ушбу сертификатлар ўз кучини йўқотаркан, Қозоғистон ҳукумати қидирувдаги одамларни ортга қайтариб юбориши мумкин бўлиб қолган.

2010 йилнинг июн ойида Қозоғистон Бош прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг сўровига асосан 29 нафар бошпана изловчини ҳибсга олганди. Бир йиллик ҳибсдан сўнг 2011 йилнинг 9 июн куни Қозоғистон Бош прокуратураси уларни Тошкентга экстрадиция қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси уларга қарши "диний экстремистик ташкилотларга аъзолик ва конституцион тузумга тажовуз қилиш қилиш" каби айбларни илгари сурган ва уларнинг барчалари турли муддатга озодликдан маҳрум этилганлар.

Шу боис, кузатувчилар Қозоғистон ўзбекистонлик қочқинлар учун хавфсиз жой бўлмай қолганини урғулашади.

Яқинда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси 2011 йили Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қочқинларни ортга қайтариш ва уларга товон пули тўлаш талаби билан чиққанди.

Қўмита маҳбусларга нисбатан қийноқлар мунтазам қўлланилувчи Ўзбекистонга бошпана изловчиларнинг қайтарилишини ҳам қоралаганди.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.