BBC navigation

Марказий Осиёда узоқ йиллик яхши қўшничилик нимага боғлиқ?

Сўнгги янгиланиш 18 сентябр 2012 - 12:46 GMT

Аммо минтақа давлатлари ва раҳбарлари орасидаги муносабатларни назарда тутиб, минтақавий таҳлилчилар янги келишувнинг амалда қанчалик самарали бўлиши борасида некбин эмаслар

Ўзбекистон узоқ ва яқин қўшниларидан иборат Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар билан узоқ йиллик яхши қўшничиликка оид битимни ратификация этган.

Расмий Тошкент имзолаган янги келишув Ўзбекистон сув, чегара ва этник муаммолар боис, айримлари билан зиддиятли муносабатда бўлган бу мамлакатлар билан узоқ йиллик дўстлик ва ҳамкорликни ҳам кўзда тутади.

Мазкур келишув, ўз ўрнида, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар орасидаги бу каби алоқаларни халқаро меъёрлар асосида ҳуқуқий шаклга ҳам солади.

Битим, яна шунингдек, бу мамлакатлар орасидаги низоларга тинч йўл билан барҳам бериш, ҳар бир давлатнинг миллий ўзига хосликларини назарда тутиб, уларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланиш йўлига оид танловларини ўзаро ҳурмат қилишни ҳам кўзда тутади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг ушбу келишуви аъзо давлатлар томонидан 2007 йилда Қирғизистон пойтахти Бишкекда имзоланганди.

Аммо минтақа давлатлари ва раҳбарлари орасидаги муносабатларни назарда тутиб, минтақавий таҳлилчилар янги келишувнинг амалда қанчалик самарали бўлиши борасида некбин эмаслар.

Ортиқча эътиборга ҳожат йўқ

Улар Ўзбекистон ўтган 20 йил давомида бундай шартнома ва келишувларнинг кўпларини имзолагани, уларнинг ҳаммасига ҳам ортиқча эътибор қаратиб ўтиришнинг ҳожати йўқлигини айтишади.

"Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари билан муносабатда ташқи сиёсатининг қутблари анчайин тез-тез ўзгариб туради. Афсуслар бўлсин, Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсатини аксаран субъектив факторлар, яъни раҳбарларининг қанчалик бир-бирларини ёқтиришлари ёки ёқтирмасликлари белгилайди", дейди минтақавий таҳлилчи Дўсум Сатпаев.

Таҳлилчи бунга яққол мисол ўлароқ Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг яқинда Қозоғистонга сафари чоғида қилган чиқишини тилга олиб ўтади.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, минтақа давлатлари орасидаги яхши қўшничилик энг аввало улар раҳбарларининг сиёсий хоҳиш-иродаларига боғлиқ

"Ўзбекистон раҳбари яна бир бор ўз қўшнилари, жумладан, Тожикистон ва Қирғизистонни сув муаммоси юзасидан кескин танқид остига олди", дейди у.

Унинг айтишича, айниқса, Тошкент билан Душанбе ва Бишкек орасидаги танг муносабатлар бу давлатларнинг ўзаро муаммоларини ҳали-ҳануз дипломатик йўл билан ечиш даражасига етиб бормаганликларини кўрсатади.

Таҳлилчига кўра, Тожикистон ва Қирғизистоннинг ҳам Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти таркибига кириши назарда тутилса, Ўзбекистон ратификация этган янги битимнинг амалда қанчалик иш бериши масаласида ортиқча изоҳга ҳожат қолмайди.

У ҳукуматлар даражасида эканига қарамай, Ўзбекистон имзолаётган ёки ратификация этаётган кўплаб келишувларнинг номига эканини айтади.

"Масалан, Қозоғистон билан ҳам ўз вақтида сиёсий ва иқтисодий соҳаларда яқиндан ҳамкорликка оид келишув имзоланганди. Аммо ўтган йигирма йил давомида келишувнинг давлат раҳбарлари даражасида маъқулланган кўплаб бандлари амалга ошмай қолиб кетди".

Дўсум Сатпаевга кўра, Ўзбекистоннинг бу каби аксаран дипломатик амаллари Марказий Осиёдаги қўшнилари эмас, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида етакчи мавқеъга эга ва ўзи ниҳоятда яқин алоқаларда бўлган Хитой билан боғлиқ.

Яхши қўшничилик нимага боғлиқ?

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, минтақа давлатлари орасидаги яхши қўшничилик энг аввало улар раҳбарларининг сиёсий хоҳиш-иродаларига боғлиқ.

"Кўп ҳолларда ана шу субъектив омиллар уларнинг ривожланиш йўлидаги объектив эҳтиёжларига зид келади. Шунинг учун ҳам, бу сиёсий иродага боғлиқ масала", дейди, жумладан, Дўсум Сатпаев.

Унинг таъкидлашича, агар минтақа давлатлари раҳбарларида яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатишга сиёсий истак бўлса, мавжуд барча муаммолар буткул бўлмаса-да, қисман барҳам топади.

Таҳлилчига кўра, сиёсий хоҳиш-ирода бўлмас экан, қандай битим имзоланмасин ёки ратификация этилмасин, иш бермайди.

Объектив омиллар ҳам бор

Таҳлилчилар минтақа давлатларининг ўтган йигирма йилдан буён яхши қўшничилик алоқаларини ўрната олмаётганликларида этник, сув ва чегара муаммолари каби объектив факторлар ҳам муҳим ўрин тутишини урғулашади.

Уларга кўра, мавжуд муаммоларни зудлик билан ечишда йигирма йил, балким, озлик қилса-да, орада кечган вақт Марказий Осиё мамлакатларининг яқинлашиш ўрнига бир-бирларидан узоқлашиб бораётганликларини кўрсатган.

"Масалан, Қозоғистон Божхона Иттифоқи доирасида Россия ва Беларус билан яқинлашиб бормоқда. Яна Оврўпога йўл дастурини ишлаб чиққан. Яъни Марказий Осиёдаги қўшниларига тобора камроқ эътибор бераяпти. Буларнинг барчаси эса, расмий Остона учун минтақа муҳим эса-да, энг устивор йўналиш эканини кўрсатмайди", дейди Дўсум Сатпаев.

Вазият қаерга қараб кетмоқда?

Таҳлилчилар минтақа давлатларининг ўтган йигирма йилдан буён яхши қўшничилик алоқаларини ўрната олмаётганликларида этник, сув ва чегара муаммолари каби объектив факторлар ҳам муҳим ўрин тутишини урғулашади

Таҳлилчилар минтақа давлатлари орасида вужудга келган бу каби вазиятни назарда тутиб, келажакда бундан-да ёмонроқ ҳолат пайдо бўлиши эҳтимолини назардан соқит этишмайди.

"Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Остонада эҳтимолий сценарийлардан биттасини тилга олиб ўтди. Жумладан, сув масаласи юзасидан минтақада уруш келиб чиқиши мумкинлиги эҳтимоли билан огоҳлантирди. Агар давлат раҳбарлари бу каби кескин эҳтимоллар ҳақида сўз юритишаркан, бу жуда, жуда ёмон. Чунки минтақада ҳеч ким кенг миқёсли жиддий тўқнашувни истамаса керак", дейди таҳлилчи Дўсум Сатпаев.

Таҳлилчига кўра, бу каби можаролар оқибатлари жиддий бўлиши ва уларни бартараф этиш йилларга чўзилиши мумкин.

"Марказий Осиё истиқболида бу каби бадбин сценарийларни ҳам назардан соқит этиб бўлмаса-да, вақт борида бунинг олдини олган маъқул", дейди Дўсум Сатпаев.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.