BBC navigation

Швед журналисти: 'TeliaSonera ва Гулнора Каримова саволларга жавоб бериши керак'

Сўнгги янгиланиш 19 сентябр 2012 - 12:47 GMT

Филм Швейцарияда Гулнора Каримовага яқин экани айтилган икки кишининг ҳибсга олиниши ортидан намойиш этилмоқда

Швеция телевидениеси бугун кечроқ Ўзбекистондаги Ucell ширкатининг эгаси бўлган TeliaSonera Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин экани айтилган шахсга миллионлаб доллар тўлагани иддао қилинган филмни намойиш қилади.

Швед журналистларига кўра, ўзбекистонлик бу аёл Швейцария расмийлари томонидан ноқонуний пулларни ўзлаштиришга доир йирик тергов жараёни марказида ҳамдир.

Швециянинг Жамоатчилик телеканали орқали намойиш этилиши кутилаётган филм муаллифларининг Би-би-сига айтишларича, ушбу филм сўнгги олти ойда олиб борилган журналистик суриштирув натижаларини ўз ичига олади.

Би-би-си швед журналисти Фредрик Лорендан бу аёл Гулнора Каримовага яқинлигини тасдиқловчи қандай далиллар бор, деб сўраган.

Ҳуқуқий сабабларга кўра Би-би-си бу аёл ва филмда номи тилга олинадиган бошқа шахсларнинг исм-шарифларини атай олмайди.

Фредрик Лорен: Далиллар қуйидагича: TeliaSonera бу ширкатнинг ҳисобига Ўзбекистондаги лицензияси учун икки миллиард икки юз минг швед крони ўтказган. Бу рақам ҳаводан эмас, балки TeliaSonera нинг йиллик молиявий ҳисботидан олинган. Ўз навбатида Takilant Ltd ширкати Лондонда ўзининг шўъба корхонасига эга бўлиб, унинг директори Тошкентдаги "Модалар Уйи" нинг ҳам мудирасидир. "Модалар Уйи" эса 2003 йилда Гулнора Каримова томонидан ташкил этилган. Бундан ташқари, Лондонда Odenton Management Ltd номи билан яна бир ширкат бўлиб, унинг котибаси Takilant Ltd ширкатининг ҳам котибаси сифатида рўйхатда туради. Бу ширкат Гулнора Каримовага яқин экани айтиладиган яна бир шахсга тегишли.

Би-би-си: Яъни сиз бу пулларнинг бир учи алал-оқибат Президент Каримовнинг хонадонига олиб бораяпти, демоқчимисиз?

Фредрик Лорен: Йўқ, мен бундай деб айтолмайман. Чунки мен хали 2.2 миллиард швед кронининг қаерга бориб тушганини кўрганим йўқ. Мен Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant Ltd ширкатининг молиявий ҳисоботини кўрдим. Ушбу ҳисоботда TeliaSonera бу маблағларни Takilant га ўтказгани қайд этилмаган. Уч йиллик ҳисоботдан кўриладиган бўлса, Takilant ҳозирда Ucell нинг 26 фоизига эгалик қилаётган бўлиши керак эди. Бу ҳиссалар эса 1 миллиард швед кронига тенг. Аммо Takilant нинг молиявий ҳисоботларида бу маблағларнинг изи йўқ.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистонда Телеком лицензияларини фақат ҳукумат бериши ва учинчи томонга сотилмаслиги ҳақида ўзбекистонлик ҳуқуқий экспертларнинг сўзларини келтиргансиз. Аммо TeliaSonera буни ҳукуматдан эмас, Гибралтардаги бир ширкатдан сотиб олганини тан олаяпти. TeliaSonera мулозимлари буни қандай тушунтиришди?

Фредрик Лорен: Улар оффшор ҳудудидаги хусусий ширкатга пул тўлаш нормал бир процедура, дейишаяпти. TeliaSoneraнинг айтишича, бу ширкат кейин лицензияни ҳукуматга беради, ҳукумат эса мобил ширкатига. Менга бу жуда ҳам ғалати туюлди. Чунки, масалан Швециядаги тажриба бўйича сиз лицензияни швед ҳукуматидан оласиз ва унинг пулини ҳам ҳукуматга тўлайсиз.

Би-би-си: Аммо сиз TeliaSonera ҳам Takilant ҳам бу ерда қонунни бузган, деб айта оласизми?

Фредрик Лорен: Мен ҳозирча бундай деб айтолмайман. Аммо мен 2.2 миллиард швед крони миқдоридаги пулни олган шахс билан Президент Каримовнинг қизи ўртасида алоқа борлигини айта оламан. Булар ҳам шахсий алоқалар ва ҳам расмий, юридик алоқалар...

Би-би-си: Томонлардан биронтаси халқаро қонунларни бузган, деб айта оласизми?

Фредрик Лорен: Агар пуллар ҳақиқатан ҳам Гулнора Каримова ёхуд Каримов хонадонига борган бўлса, у ҳолда бу пора ҳисобланади. Аммо буни хали исботлаш керак. Шунинг учун ҳам биз TeliaSonera дан пул тўланган шахс ким,у билан ким учрашгани, бу пулларни қаерда, қайси мамлакатда, қачон ва кимнинг ҳисобига тўлангани, ким билан музокара олиб борилгани ҳақидаги саволларга жавоб беришни сўраяпмиз. Аммо TeliaSonera бу саволларнинг биронтасига ҳам жавоб берганича йўқ.

Фредрик Лорен: Ишончим комилки, барча ҳиссадорлар TeliaSoneraнинг Авросиё томон кенгайиш стратегиясидан хабардор қилинган. Аммо Ўзбекистондаги келишувнинг тафсилотлари ҳақида уларга қанчалик маълумот берилган, буниси менга қоронғу. Биз бу масалада Швеция ҳукуматига ҳам мурожаат қилганмиз ва ҳозирда жавоб кутаяпмиз.

Би-би-си: Бу даъволар юзасидан Гулнора Каримова ёки Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам шарҳ олишга уриниб кўрдингизми?

Фредрик Лорен: Биз Каримова хонимнинг матбуот котибига ёзма равишда мурожаат қилиб, Каримова хоним биз бугун эфирга узатадиган иддаоларга жавоб беришини сўрадик.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.