BBC navigation

Ucell эгаси TeliaSonera Ўзбекистондаги лицензияси учун президент оиласига яқин шахсга миллионлаб доллар тўлаган

Сўнгги янгиланиш 19 сентябр 2012 - 10:16 GMT

Швеция телевидениесида 19 сентябр куни "Вазифа: Текшириш" номи остида ҳужжатли филм эфирга узатилади.

Ушбу филмда Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган аёлга TeliaSonera ширкати миллионлаб доллар тўлагани даъво қилинган.

Шунингдек, гўёки айни аёл Швецария расмийлари томонидан ноқонунуий пулларни қонунлаштириш борасида очилган йирик текширув жараёни марказида ҳамдир.

Филмда айтилишича, Швеция ҳукумати энг йирик ҳиссадори бўлган TeliaSonera ширкати 2007 йили Ўзбекистонда бизнес бошлаган вақти "маҳаллий ҳамкор" билан алоқа ўрнатган.

Ширкат Ўзбекистонда 3G мобил телефон алоқа хизматини йўлга қўйиш учун рухсат олиш эвазига Гибралтарда қайд қилинган Takilant Ltd ширкатига 320 миллион долларга тенг пул ўтказган.

Филм муаллифларининг тадқиқотлари шуни кўрсатганки, Takilant Ltd нинг эгаси Гулнора Каримовага яқин бўлган аёлдир.

Филмда таъкидланишича, Швецария расмийлари 2012 йил июл ойида Женевадаги Lombard Odier банкида Гулнора Каримовага яқин икки шахснинг ҳибсга олиниши ортидан жиноиий иш очганлар.

Takilant Ltdнинг эгаси ҳам ҳудди ана шу жиноий иш марказида бўлган шахс экан.

Айтилишича, ушбу жиноий иш бошланиши билан Гулнора Каримовага тегишли, дея тахмин қилинган банк ҳисоблари музлатиб қўйилган.

Филм муаллифлари TeliaSonera расмийларини нима учун лицензиялар сотилиши қонунга қарши бўлишига қарамай ушбу амалга қўл урганлиги ҳақида саволга тутган. Ширкат расмийлари бу каби жараён нормал ҳолат эканлигини билдиришган.

TeliaSonera нинг таъкидлашча, маҳаллий ҳамкор Takilant Ltd билан унинг эгаси бўлган аёл орқали иш юритишдан аввал уларни синчиковлик билан текширганлар ва уларнинг Каримовлар оиласига ҳеч қандай алоқалари йўқлигини аниқлашган.

Журналист тадқиқотчилар Takilant Ltd молияларини текширган вақтлари, TeliaSonera тўлаган пуллардан ҳеч вақо қолмаганлигини кўрганлар.

Йирик халқаро иқтсиодий жиноятлар бўйича мутахассис Ларс Ҳаммарнинг филм муаллифларига айтишича, бу каби олди-берди албатта хавотирга солиши керак.

"Пуллар Президентнинг қизига бориб етганга ўхшаб кўриняпти. Ҳар бир швед бу иш очиқ-ойдин келишув эмаслигини кўра олади", дейди Ларс Ҳаммар.

Филм муаллифлари TeliaSonera вакилини Takilant Ltd ва унинг эгаси Швецариядаги йирик жиноий иш марказида турибди, ушбу ширкатга пул тўлган ширкат сифатида сизнинг ширкатингиз ҳам текширувчилар эътиборини ўзига тортган, сиз Гулнора Каримова ё ўзбек ҳукуматига пора берганмисиз, дея саволга туганлар.

TeliaSonera вакили "биз Ўзбекистондаги ҳамма қонун-қоидаларга мувофиқ иш тутиб, мобил телефон хизмати учун лицензия олишга эришганмиз" қабилида жавоб берган.

Бир неча ой аввал эса швед матбуотида Ўзбекистонда Uсell шўъба корхонасига эга Швециянинг энг йирик телекоммуникация ширкати TeliaSonera ни Ўзбекистон дохил қатор собиқ совет давлатларининг махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилиши ҳақида айбловлар пайдо бўлганди.

Швециянинг ТТ хабар агентлигига кўра, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Беларусда жосуслик хизматлари овоз ёзувчи жиҳозларни жойлаштиришда TeliaSonera тармоғидан фойдаланишмоқда.

Хабарда айтилишича, SORM ёки Тезкор Текширув Ишлари Тизими, жумладан, Ўзбекистон расмийларига Швециянинг телекоммуникация тизимига тўла ва узлуксиз боғланиш имконини беради.

Бу тизим воситасида улар абонентларнинг қўнғироқлари, дата ва СМС ларини назорат қила оладилар.

Швед хабар агентлигининг ёзишича, TeliaSonera абонентларининг телефон мулоқотларини тинглаш йўли билан бир неча ҳибсга олишлар амалга оширилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.