BBC navigation

Мардикорларни ёқлаган ҳуқуқбонларга йирик миқдорда жарима белгиланган

Сўнгги янгиланиш 24 сентябр 2012 - 08:35 GMT

Ҳуқуқ фаоллари мардикорлар Ўзбекистондаги энг ҳимоясиз қатлам бўлиб қолганини айтишади

23 сентябр куни Тошкентда мардикорлар ҳимоясига отланган инсон ҳақлари фаоллари Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ҳамда Абдулла Тожибой ўғли устидан маҳкама бўлиб ўтган.

Улар Ўзбекистон Маъмурий кодексининг 202 моддаси бўйича айбдор деб топилган.

Ҳар бир ҳуқуқ фаоли энг кам иш ҳақининг 100 баравар миқдорида, яъни 7 миллион 235 минг 500 сўм жаримага тортилганлар.

22 сенябр куни Қўйлиқ бозорида "Мардикорлар мустақил касаба уюшмаси"ни тузиш учун мардикорларга анкета тарқатаётган икки ҳуқуқ фаоли милиция томонидан ушланади.

Инсон ҳақлари фаоллари мардикорларни йиғиб, уларга ўз ҳақлари борасида тушунтириш ишлари олиб бораётган бўлишган.

Улар ўзларини ушлашганини ҳуқуқбон Абдулла Тожибой ўғлига телефонда хабар беришга улгурганлар.

Ҳамкасбларининг ҳимоясига етиб келган Абдулла Тожибой ўғли ҳам Ҳамза туман ИИБга олиб кетилади. Учала ҳуқуқбон сўроқ қилингач, Абдулла Тожибой ўғлига рухсат берилади.

Кеча биз билан суҳбатлашган бошқа ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, 23 сентябрда Абдулла Тожибой ўғли ҳам ИИБга чақириб, қайтадан сўроқ қилинган.

"Бироқ Ўзбекистон Конституциясининг 34 - моддасига биноан ҳар бир фуқаро касаба ушмасига аъзо бўлиши мумкин. Бу қонунда кўрсатилган ва биз қонунга хилоф иш қилмаганмиз. Абдулла аканинг менга айтишларича, уларга "Маъмурий жавобгарлик кодекси"нинг 201-моддаси бўйича маълумот тўплашяпти, маҳкамага оширишса керак, деб ҳозир кириб кетдилар",-деган эди фаол Шуҳрат Рустамов.

Абдулла Тожибоев ўғли ва бошқа бир қанча фаолларга илгари ҳам бир неча марта маъмурий жазолар берилган.

Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, уларнинг ҳаракатларига нисбатан катта миқдордаги пул жарималари белгиланишининг ўзи Конституцияга хилоф.

Ҳуқуқ фаоллари таъкидлашича, улар қонун доирасида, Конституциянинг 34-моддасига асосан фаолият олиб боришган.

"Энди мардикор бечора энг ҳимоясиз қатлам бўлиб қолди. Ушлаб олиб кетишади, чўнтагида пули бўлса бериб қутулади, бўлмаса обориб тиқиб қўйишади Панельнийга. Мана куни кеча ҳам иккита йигитни Абдулла Тожибой билан аралашиб, чиқариб келдик. Бу энди келиб-келиб ўзимизнинг юртимизда тағин. Уларнинг энг сўрайдигани: Ҳа, қаердансан? -Қашқадарёдан, нима қилиб юрибсан? Мана шундан бошланади саволи. Паспортни очиб ўқимайдики, Ўзбекистон фуқароси бўлгандан кейин Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида юришга ҳаққи борку буларнинг?"-дейди биз билан суҳбатлашган Шуҳрат Рустамов.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.