BBC navigation

Ўзбекистонликларнинг Туркияга кириши қийинлашдими?

Сўнгги янгиланиш 25 сентябр 2012 - 14:25 GMT

Туркияга кириш тартиб қоидалари барча учун ва азалдан бир хил

Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси расмий сайти Туркияга учувчи йўловчилар учун бир қатор тартиб қоидаларни келтирган.

Веб саҳифада ёзилишича, Туркия иммиграцион қоидаларига кўра йўловчилар ўзлари билан қайтиш ёки транзит чиптасига эга бўлиш каби бир қатор талабларга амал қилиши лозим.

Маълум бўлишича ушбу қоидалар олдин ҳам мавжуд бўлган, аммо авиакомпания талабларни бугунга келиб ёйишга қарор қилган.

Ўзбекистон ҳаво йўллари сайтида ёзилишича, йўловчилар қайтиш чиптасидан ташқари ёнларида нақд 2 минг АҚШ доллари олиб юриши, меҳмонхонадан хона брон қилгани ҳақида маълумотнома кўрсатиши лозим.

Ўзбекистон ҳаво йўлларининг огоҳлантиршича, ушбу талабларнинг бирортаси бажарилмаган тақдирда фуқаролар Туркияга киритилмаслиги мумкин.

Туркиянинг Ўзбекистондаги консуллигидан ходимнинг билдиришича, бу каби талаблар олдин ҳам бўлган. Бироқ ҳаво йўллари нима учун бугунга келиб уларни ошкор қилаётгани сабаблари номаълум.

Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпаниясидан исмини ошкор қилишни истамаган ходимнинг Би-би-сига айтишича, ушбу талаблар барча давлатлар учун бирдай қўлланилади ва бугунга келиб пайдо бўлгани йўқ.

Ходим нима сабабдан бугунга келиб ушбу талаблар матбуот орқали ёйилаётганини қуйидагича изоҳлади.

“Бу пайтгача талабларни авиакомпания ва авиакасса ходимларига етказган эдик. Аммо сўнгги вақтларда депортация қилиш каби муаммолар кўпайгани учун фуқароларга ҳам етказишга қарор қилдик”, - дейди авиакомпания вакили.

Ўзбекистон ҳаво йўллари авикомпанияси ходими Туркиядан қанча фуқаро депортация қилингани борасида маълумот беролмаслигини билдирди.

Туркиянинг Тошкентдаги консуллиги ходими бу каби талаблар бўлишига қарамасдан Ўзбекистон фуқаролари Туркияга шу вақтгача муаммосиз кириб чиққанлигини билдирди.

Унинг айтишича, назоратчилар йўловчиларнинг ташқи кўриниши ва кийимига қараб қўшимча саволлар бериши мумкин. Аммо аксар ҳолларда юқорида айтилган талаблар сўралмайди.

Ўзбекистон фуқаролари Туркияда визасиз бир ой юришлари мумкин.

Ўзбекистоннинг Туркия билан алоқалари мустақилликка энди эришилган вақтдагидек яқин эмаслиги айтилади.

Туркияда Ўзбекистоннинг таниқли мухолифат вакиллари истиқомат қилади. Сўнгги вақтларда бошқа қочқинларнинг ҳам Туркиядан бошпана топаётгани маълум.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.