BBC navigation

Чингиз Айтматовнинг янги қўлёзмаси топилди

Сўнгги янгиланиш 26 сентябр 2012 - 07:52 GMT

Таниқли адиб қизи Ширин Айтматованинг айтишича, отасининг ижодхонасидан ҳали ҳеч қачон чоп этилмаган ва ишқ-муҳаббат ҳақидаги романини топиб олишган.

Марҳум турмуш ўртоғининг архивини тартибга солишга уринаркан, унинг рафиқаси Мария Айтматова вақт ўтиши билан сарғайиб кетган қўлёзмасига дуч келади.

"Менимча, романнинг бир нечта саҳифаси йўқ, аммо матн 99 фоиз сақланиб қолган", деб айтган унинг қизи Би-би-сига берган суҳбатида.

Аён бўлишича, Чингиз Айтматов ҳали ҳеч қачон дунё юзини кўрмаган романини "Ер ва най", деб номлаган.

Асар бош қаҳрамони қурилиши 1940 йилда бошланган ва бутун Иккинчи Жаҳон уруши йилларида ҳам давом этган Катта Чўй канали қурилиши иштирокчиси.

Роман унинг ана шу қурилиш йилларидаги хотираларидан ҳикоя қилади.

Қирғизистондаги энг катта канални қуриш ишларига Бишкек аҳолисининг қарийб 40 мингги сафарбар этилади.

Канал қадим Буюк Ипак Йўлидан ўтгани боис, уни қуриш пайтида археологик қазиш ишлари ҳам олиб борилади.

Чингиз Айтматовнинг бош қаҳрамони эса, ана шу пайт Чўй Буддасининг улкан ҳайкалини топиб олади.

"Соцреализм усулида ёзилган роман Чингиз Айтматовнинг мумтоз ижод намуналаридан бири. Унда Катта Чўй канали қурилишидан ташқари, ишқ-муҳаббат ҳақида жуда ошкора ва жўшиб ҳикоя қилинади", дейди унинг Қирғизистон парламенти депутати бўлган қизи Ширин Айтматова.

Унинг айтишича, "ўша пайтдаги Шўро Қирғизистони ҳақида кўп нарса ҳам маълум бўлмагани учун", романни ўқиш жараёнида китобхон жуда кўп тарихий воқеаларни ҳам билиб олади.

Қоғозлар уюми

Чингиз Айтматов нега бу романини чоп этишга қарор қилмагани сабаби маълум эмас.

Қизи эса, айнан ишқ-муҳаббат ҳақида сўз кетган ўринлари бор бўёғи билан акс эттирилгани учун ҳам отам бунга ботинолмаган бўлса керак, дейди.

Романнинг қачонлар ёзилгани санаси ҳам аниқ эмас. Агар яқинларининг сўзларига қаралса, тахминан 70-йилларда қораланган бўлиши мумкин.

Қизининг айтишича, отасининг ижодхонасидан яна "бир уюм қоғозлар", шу жумладан, ҳали босмахона юзини кўрмаган яна бир қиссасига ҳам дуч келишган.

Пойтахт Бишкекда ёзувчи отасининг музейини очишга ҳозирлик кўришаркан, икковлон унинг архивини тартибга келтираётган бўлишган.

"Ер ва най"нинг тез орада рус, кейин эса, инглиз тилида чоп этиш режаланмоқда.

Қизининг айтишича, "асарни нашрга тайёрлашда кўмак беришлари учун аввал отаси билан бирга ишлаган одамларни топиш, унинг бадиий қимматини ўрганиш зарур. Бунинг учун эса, камида бир йил керак бўлиши мумкин".

Ленин ва қатор Давлат мукофотлари соҳиби, Социалистик Меҳнат қаҳрамони бўлган марҳум Чингиз Айтматов "Асрга татигулик кун", "Оқ кема", "Кунда" ва "Соҳил бўйлаб чопаётган олапар" каби бутун дунёда қўлма-қўл бўлиб кетган қатор асарлар муаллифидир.

Ёзувчи, ўз навбатида, сиёсий фаолиятда ҳам банд, СССР Олий Кенгаши депутати, аввал СССР, кейин эса, Қирғизистоннинг турли давлатлардаги элчилари бўлиб ҳам фаолият олиб борган.

Чингиз Айтматов ўзининг 80 ёшини нишонлашга улгурмай, 2008 йилнинг 10 июн куни Олмониянинг Нюрнберг шаҳридаги касалхонада ҳаётдан кўз юмганди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.