Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си текшируви: Усмон Ҳақназаров ким?

Image caption Айрим фаразларга кўра, "Усмон Ҳақназаров"нинг Россия махсус хизматларига алоқаси бўлиши мумкин

Интернетда Президент Ислом Каримовнинг АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк билан шу йил августида олиб борган музокаралари матни экани даъво қилинган мақола пайдо бўлган.

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати нашрида эълон қилинган матндан англашилишича, Президент Каримов Оқ Уйдан ҳокимиятни ўзининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага топшириш режасини қўллаб-қувватлашни сўраган.

Усмон Ҳақназаров номи остида чоп этилган мақолада Давлат Департаменти мулозими гўёки Ўзбекистон президентлигига у ёки бу номзодни очиқ дастаклай олмасликлари, аммо Вашингтон бу борада сукут сақлашини айтади.

Би-би-си "стенограмма" экани иддао қилинган матннинг ҳаққоний ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилди ва ҳозирда Америка расмийларининг жавобини кутмоқда.

uzxalqharakati.com веб саҳифасида чоп этилган мақолада шунингдек, Ўзбекистон куч тизимлари шу йил январидан бошлаб мамлакатда эҳтимолий оммавий норозилик чиқишларини бостиришга қаратишган махсус тадбирлар режасини амалга ошираётгани даъво қилинади.

Мақола муаллифи махфий қарордан иқтибослар келтирган.

'Муаллифлар жамоаси'

"Каримов Ўзбекистонда халқ ғалаёнларига тайёрланмоқда" деб номланган мақола Ўзбекистондаги тузум ва Президент Каримов оиласини фош этишга қаратилган чиқишларнинг навбатдагисидир.

Мақола муаллифи экани айтилган Усмон Ҳақназаров ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Сўнгги мақолалар биринчи бўлиб Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг расмий веб саҳифасида пайдо бўлган.

Image caption "Усмон Ҳақназаров" махсус хизматлар 7 йилдирки ўзларини қидираётганини айтган

Ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳ Би-би-сига тақдим қилган ва "Усмон Ҳақназаров" имзоси билан ёзилган мактубда Ҳақназаровнинг "муаллифлар жамоаси" экани айтилади.

"Усмон Ҳақназаров- Ўзбекистон куч тизимлари (ИИВ, МХХ, Мудофаа вазирлиги ва Хавфсизлик кенгаши), шунингдек, бир қатор журналистлардан иборат гуруҳ бўлиб, улар куч тизимларидан олинган маълумотларни мақола шаклида кенг омма эътиборига ҳавола қиладилар", дейилади мактубда.

Унда ёзилишича, ушбу муаллифлар гуруҳи "И.Каримов бошчилигидаги Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти олиб бораётган сиёсатдан жуда ҳам норози".

Мухолифат раҳбарига йўлланган номада "Усмон Ҳақназаров" муаллифлар ҳақида "бошқа ҳеч қандай маълумот бера олмасликлари", уларнинг телефон рақамлари ёки электрон почта манзилларини ошкор этиш гуруҳнинг фош бўлишига олиб келиши мумкинлигини айтган.

Мактуб муаллифи "7 йилдирки, нафақат Ўзбекистон махсус хизматлари, балки бошқа давлатлар, жумладан, Россия ва Исроил махсус хизматлари ҳам уларнинг гуруҳини қидираётганини" иддао қилган.

Муҳаммад Солиҳ гуруҳнинг Россия махсус хизматлари билан ҳам алоқаси бўлиши мумкинлигини истисно этмайди.

"Гуруҳда Россиянинг Ўзбекистондаги манфаатларини илгари сураётган одамлар бўлиши мумкин", - дейди у.

Бу маълумотларнинг қанчалик холис ва ҳаққонийлиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан, жаноб Солиҳ буни текширишнинг имкони йўқлиги, аммо Ҳақназаровнинг аввалги мақолаларидаги даъволар кейинчалик ўз тасдиғини топганини айтди.

"Усмон Ҳақназаров айтаётган фаразларни биз ҳам айтаяпмиз. . Фақат Усмон Ҳақназаров буни ичкаридан далиллар билан тасдиқлашга уринаяпти", дейди Муҳаммад Солиҳ.

2003-2004 йилларда Усмон Ҳақназаров номи остида интернетда эълон қилинган туркум мақолалар катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

АҚШ дипломатларининг Викиликс веб саҳифасига сизган ёзишмаларида ҳам бу мақолалардан айрим иқтибослар келтирилган.