BBC navigation

Ўзбекистонда Ўқитувчилар куни қандай нишонланади?

Сўнгги янгиланиш 26 сентябр 2012 - 10:16 GMT

Ўзбекистонда 1 октябр ҳар йили Ўқитувчилар ва мураббийлар байрами сифатида нишонланиши маълум.

Бу сана расмий тарзда байрам қилиниши ва малакали ўқитувчиларга давлат томонидан мукофотлар бериб рағбатлантирилишидан ташқари, ота-оналар ва ўқитувчилар орасида ўзига хос тарзда нишонлаш қоидалари мавжудлиги, ўқувчилар устозлар байрамига атаб турли совғалар олиб боришлари айтилади.

Ўзбекистоннинг "Узметроном" интернет сайти ҳам ёзишича, Тошкентдаги Чилонзор туманининг 280 -мактаб ўқувчиларидан пахтакорларга ва ўқитувчилар байрамига деб уч минг сўмдан пул олиб келиш буюрилган.

"Мактабда уч мингга яқин ўқувчи ўқишини ҳисобга олинса, бу қанча пул бўлишини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас. Ўқувчилар ота-оналарининг ҳар ойда синф фонди учун 5 минг сўмдан, мактаб фондига деб йилига 30 мингдан йиғилган пуллар қаёққа кетаётганлиги номаълум. Мактаб кўриниши эса совет даврида қандай бўлса ўзгармай қолаверган",- дейилади мақолада.

Аҳолининг аксарияти фақат ойлик маошга яшашини ҳисобга олсак, камида учта фарзанди бўлган оилалар учун мактаб сўраган пулларни бериш катта муаммоларни туғдириши табиий.

Ўзбекистоннинг бошқа жойларида бу борада аҳвол қандайлиги борасида қизиқиб кўрганимизда, жанубий вилоятлардан бирида яшовчи суҳбатдошимиз бу йилги аҳвол ҳар йилгидан фарқ қилмаслигини айтади. Унга кўра, мактаб ва синф фондлари учун ўқувчилардан пул тўпланишидан ташқари, ўқитувчиларга қимматбаҳо совғалар бериш одатга айланган.

"Ўқитувчиларга совға-салом улашиш баъзи синфларда табақаланишларни ҳам юзага келтирган. Яхшироқ, қимматбаҳо совға қилган ўқувчига совға бермаган болага нисбатан алоҳида муносабат мавжуд", дейишади биз билан гаплашган ота-оналар.

Қаршилик Моҳира исмли аёлнинг айтишича, оилада мактабга борувчи тўртта боласи бор. Уларнинг ҳар бирига совға олиб беришга унинг қурби етмайди. Ким қандай совға бергани унга қандай билим берилишига ҳам сабаб бўлади. Унинг сўзларига кўра, ўқитувчи сўраган тўртта бўёқнинг ўрнига қимматлиги боис битта бўёқ олиб бергани учун, боласи ўқитувчининг танбеҳларини эшитишга мажбур бўлмоқда экан.

Бошқа бир суҳбатдошимизга биноан, совға муаммоси билан у ўқув йили бошидаёқ дуч келган:

"Иқтидорли болалар мактабида сўралган пул ва совғани беролмаганим учун болаларимни оддий мактабга олишга мажбур бўлдим. Пулни яхшироқ берсангиз тажрибали, билимли ўқитувчи биркитилган синфга болангизни жойлаштиришингиз мумкин. Акс ҳолда, яна репетитор олиб уйда шуғулланишингизга тўғри келади. Бундан ташқари мактабга деб ҳар ой пул йиғилади. Бунга эса ҳамманинг қурби етавермайди. Масалан, менинг бунга имкониятим йўқ. Агар ҳамма репетитор олиб боласини ўқитаверса, мактабларнинг нима кераги бор? " - дейди у.

Ўзбекистондаги мактаб ва бошқа ўқув юртларида порахўрликка қарши ислоҳотлар ўтказиш узоқ йиллардан бери айтиб келинсада, кузатувчиларга кўра, айни пайтда аҳвол шу даражага етганки, кўзланган натижаларга эришиш учун бутун маориф тизимини қайта қуриш лозим.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.