BBC navigation

Марказий Осиёдаги сув урушлари

Сўнгги янгиланиш 28 сентябр 2012 - 08:25 GMT

Лондонда нашр этилувчи "Экономист" ҳафталигининг ёзишича, сув устидан бўлаётган ғиж-ғижлар минтақадаги шундоқ ҳам қалтис вазиятни издан чиқариб юбориши мумкин

Лондонда нашр этилувчи "Экономист" ҳафталигининг ёзишича, сув устидан бўлаётган ғижжиллашлар минтақадаги шундоқ ҳам қалтис вазиятни издан чиқариб юбориши мумкин.

Ҳафталикда чоп этилган мақола Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг қанчалик улкан нарсаларни хуш кўриши билан бошланади.

"Президент Раҳмон дунёдаги энг баланд байроқни қурдиртирди. Ўтган йил эса, ичидаги китоблари саноқли бўлса-да, минтақадаги энг йирик кутубхонани очди. Аммо унинг жаҳондаги энг юксак сув тўғонини қуриш лойиҳаси қўшнилари билан сан-манга сабаб бўлмоқда", деб ёзилади мақолада.

Қуйи оқимда жойлашган Ўзбекистоннинг қудратли раҳбари Ислом Каримовнинг наздида Роғун ГЭСининг 335 метрлик тўғони Тожикистонга минтақадаги сув захиралари устидан адолатсиз назорат бериб юборади ва зилзила эҳтимолида миллионлаб одамларнинг ҳаётларини хавф остига қўяди.

Ҳафталик худди шу ўринда президент Ислом Каримовнинг шу ой бошида Қозоғистонга қилган сафари чоғида, "бу каби лойиҳалар нафақат жиддий зиддиятлар, балки урушга ҳам олиб келиши мумкин"лигига оид сўзларини эслатади.

Ҳафталик худди шу ўринда президент Ислом Каримовнинг шу ой бошида Қозоғистонга қилган сафари чоғида, "бу каби лойиҳалар нафақат жиддий зиддиятлар, балки урушга ҳам олиб келиши мумкин"лигига оид сўзларини эслатади

Мақолада ёзилишича, жаноб Каримов биргина Тожикистон ҳақида сўз юритмаяпти. Ўзбекистон қуйи оқимида жойлашган минтақадаги яна бир йирик дарё - Сирдарёда қўшни Қирғизистон ҳам ҳозир ўзининг Қамбарота ГЭСи лойиҳасига сармоячи қидириш билан оворадир.

Аён бўлишича, агар бу икки тўғон лойиҳаси амалга ошадиган бўлса, Қирғизистон ва Тожикистонда электр таъминотидаги одатий тус олиб қолган тақчилликлар барҳам топиб, икковлонга электр токини четга экспорт қилиб, пул ишлаш имконини ҳам беради.

Ҳафталикдаги мақола бу икки давлатнинг коммунистлар даврида хаёлпарастларча барпо этилгани ва собиқ Шўролар Иттифоқи парчаланиши ортидан, марказдан келаётган ёрдамлар тўхтаб, иқтисодлари ўтириб қолганига оид сўзлар билан давом этади.

Шўро раҳбарлари минтақадаги сув захиралари, энергия савдоси ва бошқа рақобатли масалаларни марказдан туриб, ўзлари ҳал этиб келишган. Уларнинг издошлари эса, ҳозир ҳам минтақада ўз қизиқишларига эга, деб ёзади муаллиф.

Россия Президенти Владимир Путин 20 сентябр куни Бишкекка қилган сафари чоғида Қирғизистондаги ҳарбий иншоотларидан фойдаланиш муддатини узайтириш эвазига Қамбарота ГЭСини қуришга ёрдам беришга ваъда берганди

Мақолада бунга мисол қилиб, Россия Президенти Владимир Путиннинг 20 сентябр куни Бишкекка қилган сафари чоғида Қирғизистондаги ҳарбий иншоотларидан фойдаланиш муддатини узайтириш эвазига Қамбарота ГЭСини қуришга ёрдам беришга оид ваъдаси тилга олинади.

Ўз ўрнида, Тожикистоннинг ҳам Роғун ГЭСини қуришда Тожикистондан кўмак сўрагани эслатиб ўтилади.

"2004 йилда жаноб Путин тўғонни қуриш ишлари учун 2 миллиард АҚШ доллари беришни ваъда қилганди. Бироқ икки давлат унинг узунлиги масаласида бир тўхтамга келишолмагач, битим чиппакка чиққанди", дейилади мақолада.

Мақолада ёзилишича, бу икки лойиҳанинг ўртага ташланишига Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшниларининг жиғига тегиш даражасидаги хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

"Ўзбекистондан фарқли тарзда, минтақадаги икки қашшоқ давлат саналмиш Тожикистон ва Қирғизистоннинг ишончли нефт ва газ таъминотига имкониятлари йўқ. Расмий Тошкент эса, совуқ қиш ойларида газ нархини ўзгартириш ва таъминотини кесиб қўйишни одат қилган. Шўро давридаги ягона тизимдан чиқиб, минтақа давлатлари орасидаги электр таъминотига ҳам ҳалақит қилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон юқори оқимда жойлашган қўшнилари билан ўзаро чегарадаги аксарият назорат нуқталарини ёпиб қўйган, Тожикистон билан чегараларида мина ўрнатган ва қўшни давлатларга мўлжалланган юкларни ўтказмай қўйиш одати ҳам бор", деб давом этилади мақолада.

Муаллифнинг ёзишича, "ўтган йил кузда Ўзбекистон жанубида темирйўл шохобчаси сирли равишда портлаб кетиб, Тожикистон жануби темирйўл тармоғига имконсиз қолган бир пайтда унча-мунча одам Ўзбек томонининг бунинг террорчилик ҳужуми бўлганига оид даъволарига ишонмаган".

"Вайрон бўлган темирйўлни тузатишнинг ўрнига Ўзбекистон томони уни йиғиштириб ташлади. Тожикистон тарафи эса, буни қамал, деб баҳолади", деб давом этилади мақолада.

Мақолада ёзилишича, қашшоқлашиб қолган Тожикистоннинг ўз кучи билан ГЭСни қура олишига фақат бармоқ билан санарли киши ишониши мумкин

Мақола сўнггида муаллиф жаноб Каримовнинг ҳозирнинг ўзида танкларини чегарага қараб ҳайдаб солмаса-да, зиддиятли чегара ҳудудларида отишмаларнинг тез-тез учраб туришини эслатиб ўтади.

Муаллифга кўра, мавжуд вазият Нато мулозимларини ташвишга солмай қўймаган. Чунки минтақадаги уч давлат Афғонистондаги халқаро иттифоқ кучларининг таъминотида муҳим ўрин тутишади ва Натонинг Афғонистондан ортга сафарбарлигида ҳам катта роль ўйнашлари кутилмоқда.

Ҳафталик энг сўнггида яна бир бор Тожикистоннинг Роғун ГЭСини қуриш имкониятларига назар ташлайди.

Мақолада ёзилишича, қашшоқлашиб қолган Тожикистоннинг ўз кучи билан ГЭСни қура олишига фақат бармоқ билан санарли киши ишониши мумкин.

Аён бўлишича, Тожикистон Ялпи Йиллик Ички Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3 миллиард АҚШ долларини ташкил этса, ГЭСни қуриш учун шунинг ярмига яқин маблағ керак бўлади.

2010 йилда президент Раҳмон аҳолини ГЭС ҳиссаларини сотиб олишга мажбур қилган бўлса ҳам, бор-йўғи 200 миллион АҚШ долларига етар-етмас пул топишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилишига тиш-тирноғи билан қарши экани эса, Хитой ва Россия каби асосий ётиримчиларни ҳам чўчитиб қўйган.

Фақат Тожикистон президенти энг баландидан кўра бундайроғига рози бўлса, ўз туғонини қуриб битказа олиши ва халқини қоронғуликдан олиб чиқа олиши мумкин, дея якунланади "Экономист" ҳафталигида чиққан мақола.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.