BBC navigation

Сув дипломатияси: Каримов Ашхободга бормоқда

Сўнгги янгиланиш 1 октябр 2012 - 11:26 GMT

Аввалроқ Президент Каримов сув масаласида Президент Назарбоевнинг дастагини олишга уринган

Президент Ислом Каримов Ашхободга расмий сафар билан бормоқда. Таҳлилчиларга кўра, у сув масаласида Амударёнинг қуйи оқимидаги қўшниларнинг дастагига эришмоқчи.

Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, жаноб Каримов туркманистонлик ҳамкасби билан "долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар" юзасидан фикр алмашади.

Икки давлат раҳбарлари Ашхободда Қўшма баёнот имзолаши кутилмоқда.

Жаноб Каримовнинг ташрифи минтақада сув заҳиралари борасида тортишувлар кучайган пайтга тўғри келмоқда.

Аввалроқ Қозоғистонга сафар қилган Ўзбекистон раҳбари сув можароси минтақада урушга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Жаноб Каримов Тожикистон ва Қирғизистонни Қамбарота ва Роғун каби йирик гидроиншоот лойиҳаларини амалга оширишдан тийилишга чақирган.

Унга кўра, шўро даврида режалаштирилган ушбу лойиҳалар минтақада сув тизимини издан чиқаради ва Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимидаги Ўзбекистон ҳамда Қозоғистонга таҳдид солади.

Аммо тожик ва қирғиз расмийлари бу даъволарни рад этадилар.

Жаноб Каримов Остонада экан, Президент Назарбоевнинг сув масаласи юзасидан дастагини олишга урингани хабар қилинган.

Тошкент ва Ашхобод сув ва энергетика борасида айни мавқеъда эканликларини айтиб келишади.

'Дипломатик ҳужум'

Президент Каримовнинг Туркманистонга сафари Россия Президенти Путиннинг минтақадаги ташрифи ортидан юз бермоқда.

21 сентябр куни Бишкекка сафар қилган Президент Путин Қирғизистоннинг юқори Норин ва Қамбарота ГЭСлари қурилишига доир битимни имзолаган.

Битимга мувофиқ, Россия томони қирғиз сув иншоотларини этиш учун бир неча миллиард доллар маблағ ажратади.

Жаноб Путин Ўзбекистон ва Қозоғистонни қирғиз ГЭСларини барпо этиш ва ундан кейинги бошқарув лойиҳаларида қатнашишга чақирган.

"Биз Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг лойиҳаларга қўшилишини истаймиз. Қирғиз томони бу каби ёндошувни қўллаб-қувватлайди", - деган Президент Путин.

Россия раҳбарининг Қирғизистонга сафаридан бир неча кун ўтиб, Президент Назарбоев ва Президент Каримов сув масаласини яна бир марта телефонда муҳокама этишгани хабар қилинган.

Оқўрда тарқатган расмий хабарда "президентлар Сирдарёнинг юқори оқимида гидротехник иншоотлар қурилиши юзасидан аввал изҳор қилинган мавқъеларини яна бир марта тасдиқлашгани" айтилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Россиянинг сув лойиҳаларида иштирок этиш ҳақидаги таклифига ҳозирча жавоб бермаган.

Президент Путин шу ой Тожикистонга сафар қилииш кутилмоқда.

Сафар мобайнида у Тожикистоннинг зиддиятли Роғун лойиҳасини қўллаб-қувватлаши тахмин этилмоқда.

Расмий Тошкентнинг сув борасида сўнги "дипломатик ҳужуми" айнан Россиянинг зиддиятли қирғиз ва тожик гидроиншоот лойиҳаларини қўлаб-қувватлаши билан боғлиқ, деб ишонилади.

Ўтган ҳафта Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 67-сессиясида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Комилов Роғун ва Қамбарота юзасидан халқаро экспертиза ўтказишга чақирган.

"Биз Сирдарё ва Амударёнинг юқори оқимларида қурилиши режаланган барча ГЭС лойиҳалари юзасидан БМТ ҳомийлиги остида халқаро экспертиза ўтказилиши ва уларнинг, албатта, қуйи оқимда жойлашган давлатлар билан бамаслаҳат қилиниши тарафдоримиз", - деб айтган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Ўзбекистон минтақада сувни энг кўп истеъмол қиладиган давлат ва гидроиншоотлар қурилишидан энг кўп Ўзбекистоннинг зарар кўриши айтилади.

Кузатувчиларга кўра, Россиянинг қирғиз ва тожик гидроиншоотлари қурилишларини молиялаш шартлари минтақада сув бошқарувининг маълум маънода Кремл қўлига ўтишини англатади.

Бу эса Кремлга Ўзбекистон каби Москвадан мустақил сиёсат юритишга уринаётган давлатларга қўшимча босим ўтказиш имконини бериши мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.