BBC navigation

‘Тожикистон Роғун ГЭСини қуришга тўла ҳақли’

Сўнгги янгиланиш 2 октябр 2012 - 11:09 GMT

Роғун ГЭСи мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги энг қизғин тортишувга сабаб бўлиб келмоқда

‘Тожикистон Роғун ГЭСини қуришга тўла ҳақли’

Ўзбекистонлик ҳамкасби ортидан БМТ Бош Ассамблеясининг 67-сессиясида чиқиш қилган Тожикистон Ташқи ишлар вазири ана шундай баёнот билан чиққан.

Ҳамрохон Зарифийнинг юқори минбардан туриб айтишича, минтақада етарлича ҳамфикрлилик ва ҳамкорликнинг йўқлиги, ўзларининг қонуний ва ҳаётий муҳим манфаатлари инобатга олинмай келинаётган боис, мамлакати қиш мавсумида жуда кескин электр таъминоти тақчиллигига юз тутиб келмоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирига кўра, бошқа энергия манбаси йўқлиги боис, улкан гидроэнергетик потенциалга эга мамлакати учун ушбу соҳани изчил ва ҳар томонлама ривожлантириш ҳаётий муҳим масаладир.

“Бу хусусдаги халқаро ҳужжатларга мувофиқ, Тожикистон табиий захираларидан ўз халқининг фаровонлиги йўлида фойдаланишга тўла ҳақли”, деб айтган жаноб Зарифий.

Тожикистонлик ҳамкасбидан аввалроқ чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов эса, қурилишидан аввал, Қирғизистондаги Қамбарота дохил Тожикистоннинг Роғун ГЭСи лойиҳаси юзасида ҳам халқаро экспертиза ўтказилишига чақирганди.

Жаноб Комилов, “Асосий сув захиралари ва миллионлаб одамлар учун ҳаёт манбаи Амударё ва Сирдарё каби чегаралароша дарёлар бўлган минтақадаги барча гидроэнергетик муаммолар халқаро ҳуқуқларда белгилаб қўйилган меъёрлар доирасида ҳал этилиши лозим”лигини таъкидлаганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирига кўра, ушбу халқаро ҳужжатлар теварак-муҳит ва чегаралароша дарёлардан фойдаланганда қўшни давлатларнинг манфаатларига зиён етказмасликни тақозо этади.

Муаммо нимада?

Таҳлилчиларга кўра, Тожикистон қуриш ҳаракатида бўлган Роғун ГЭСи иқтисодида деҳқончилик катта ўрин тутувчи ва аҳолиси зич яшайдиган Ўзбекистонда суғориш сувлари тақчиллигини юзага келтириши мумкин.

Тожикистон ва қирғизистонлик мутахассисларнинг айтишларича эса, ўзларининг янги ГЭСлар қуриш режалари Ўзбекистон, шу жумладан, Қозоғистоннинг ҳам манфаатларига зид эмас.

Бироқ Ўзбекистоннинг асосий даромад манбаси ва зироат экини бўлмиш пахта кўп сув талаб қилади. Аҳолисининг сони эса, қолган минтақа давлатлариникини бир ерга жамланганига тенг.

Шунингдек, зилзила тез-тез рўй бериб турадиган ҳудудда баланд сув омборлари тўғонларини тиклаш ҳаракатлари ҳам пастда жойлашган Ўзбекистондаги мутахассисларни қўрқитади.

Бироқ, Тожикистон ташқи ишлар вазирининг юқори минбардан туриб таъкидлашича, мамлакати ўзининг гидроэнергетик потенциалидан кимнингдир манфаатларига дахл қилган ҳолда фақат ўзини ўйлаб фойдаланмоқчи эмас.

“Билъакс, биз бу масалада чин дилдан ўзаро манфаатли ҳамкорлик тарафдоримиз”, деб айтган жаноб Зарифий.

Масалан...

Тожикистон Ташқи ишлар вазири бунга мисол қилиб, Роғун ГЭСининг техник, иқтисодий, ижтимоий ва экологик оқибатларини ўрганаётган Жаҳон Банки мутахассислари билан фаол ҳамкорликларини келтирган.

Жаноб Зарифий, ўз ўрнида, “Жаҳон Банки мутахассислари фаолияти давомида минтақадаги манфаатдор томонлар эришилган халқаро келишувлар ва дўстлик, ҳамкорлик, яхши қўшничилик руҳига тамом зид тушиши мумкин бўлган шошилинч ва пухта ўйланмаган баёнотлару амаллардан ўзларини тийишларига кўз тикиб қолишлари”ни ҳам билдирган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса, шу ой бошида Қозоғистонга қилган расмий сафари чоғида, “Сув билан боғлиқ вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши мумкин”, дея огоҳлантирганди.

Ўзбекистон раҳбари ҳам бу гапларини Роғун ва Қамбарота Гэсларини назарда тутиб айтган, чегаралароша дарёлар масаласида жаҳон ва халқаро ҳамжамиятга қулоқ солиниши лозим”лигини таъкидлаганди.

Ҳозир минтақа давлатлари ўз ораларидаги сув муамммоларини ҳал этиш учун баҳамжиҳат ҳаракат қилишлари зарурати хусусида тобора кўпроқ гапирилмоқда.

Чунки Шўро давридаги марказлашган сув таъминоти ва суғориш тизимлари, яна шунингдек, минтақа мамлакатларининг жўғрофий жойлашуви уларни ўзаро боғлаб қўйган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.