BBC navigation

Америкалик ҳарбийлар Ўзбекистонга сафар қилмоқда

Сўнгги янгиланиш 3 октябр 2012 - 13:42 GMT

Америка-Ўзбекистон муносабатлари илиқлашмоқда

Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий кучларига янги тайинланган 17 нафар генерал ва адмираллар АҚШ Миллий мудофаа университетининг беш ҳафталик кучайтирилган “Кейпстоун” дастури доирасида Ўзбекистонга сафарини бошлаган.

Бу ҳақда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилган.

Анъанага кўра, Америка қуролли кучлари сафидаги барча генерал ва адмираллардан миллий хавфсизлик, ҳарбий стратегия, идоралараро муносабатлар ва асосий иттифоқдош давлатлар каби масалалар бўйича муҳим муаммоларни қамраб олувчи “Кейпстоун” дастурида қатнашиши талаб этилади.

“Кейпстоун” дастурининг барча тингловчилари чет элдаги танишув сафарларида иштирок этиб, АҚШ бирлашган қўмондонлиги ҳарбий қўмондонлари, Америка элчилари, элчихона ходимлари ва чет эл ҳукуматларининг сиёсий ва ҳарбий етакчилари билан танишмоғи ва суҳбатда бўлиши тақозо этилади.

Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси тарқатган матбуот ахборотномасига кўра, мамлакатга сафар қилаётган Америка генерал ва адмираллари Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори лавозимли мулозимлар, шунингдек, мамлакатдаги етакчи ҳарбий ва тарих институтларидаги мутахассислар билан учрашиши кўзда тутилган.

Америка-Ўзбекистон муносабатларидаги “музлар эриши”

Андижон хунрезлигидан кейин нима ўзгарди?..

Гарчанд, Америка ҳарбийларининг бу сафари “ маърифий-ўқув” дея таърифланаётган бўлса ҳам, Вашингтонлик мулозимларнинг Тошкентга серқатнов бўлиб қолгани икки мамлакат ўртасида Андижон қирғинидан кейин совуқлашган муносабатлар сўнгги уч-тўрт йил ичида яна илиқлаша бошлаганига яна бир далилдир.

Бу илиқлик Андижон хунрезлигидан кейин Америка Ўзбекистондан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақириқлари Тошкент томонидан бажара бошланганидан эмас, балки Вашингтон Афғонистондан ўз кучларини олиб чиқишда ёрдамчи давлатларга эҳтиёжи ортгани билан изоҳланмоқда.

2014 йилда минглаб Америка қўшинлари ўз ҳарбий аслаҳалари билан Афғонистонни тарк этиши керак.

Ўзбекистоннинг стратегик жойлашиши Вашингтон учун айни мақсад йўлида ҳаётий муҳим аҳамият касб этади.

Фергана.ру ахборот агентлиги билан суҳбатда Американинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Крол икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни анчайин силлиқ изоҳлаган эди.

Элчи жаноблари Ўзбекистонда “демократия бошқача тараққий топиши ва кўриниши эҳтимолини” тан олиши инсон ҳуқуқлари ва мустақил журналистлар орасида баҳсу мунозара бошлаб, Вашинтон ўз манфаатлари йўлида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор вазиятга кўз юммоқда деган танқидларни урчитган эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.