BBC navigation

Санкт-Петербургми ва ё "Питеристон"

Сўнгги янгиланиш 3 октябр 2012 - 07:36 GMT

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони ортмоқда

Норасмий маълумотларга қараганда, Россиянинг биргина Санкт-Питербург шаҳрида беш юз мингдан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири яшайди.

Меҳнат муҳожирлари масалалари билан шуғулланадиганларга кўра, Россиянинг иккинчи пойтахтидаги ўзбекистонликларнинг аксарияти ёшлар экан.

Сўнгги беш йил ичида Санкт-Петербургга келаётган ўзбекистонликлар сони ошгани ҳам урғуланади.

Маҳаллий аҳоли табиийки, муҳожирларни қучоқ олиб кутиб олаётгани йўқ. Ўтган ҳафта Санкт-Петербургда " этник жиноятларга қарши намойиш" бўлиб ўтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати "Аргументи Факти"нинг собиқ Ленинграддаги мухбири Евгений Колесниковдан шаҳардаги ўзбекистонликлар ҳаёти ҳақида сўради.

Евгений Колесников: Сўнгги йилларда ўзбекистонлик муҳожирлар орасида ёшлари кўпроқ кўзга ташланади. Уларнинг ёши 18 дан 25 гача... Бу ёшларнинг Россия ҳаётига мослашиши қийин кечмоқда, чунки улар Шўролар иттифоқи ҳақида ҳеч нарса билишмайди. СССРда яшашмаган ва улар рус тилида ҳам гаплаша олмайди... Менимча, улар асосан Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидан келишган. Петербургдаги ўзбек ёшларини таниш осон, улар орасида орқасига RUSSIA деб ёзилган спорт кийимларини кийиб юриш удум бўлган. Петербург аҳолисининг умумий сонига нисбатан олсак, ҳар бешинчи шаҳарлик ўзбек деб айтишимиз мумкин. Шу кунлар Петербург аҳоси беш миллионга етиши кутилмоқда ва шу бешинчи миллион маррасини урадиган ҳам ўзбек бўлиши мумкин деган тахминлар бор.

Би-би-си: Маҳаллий аҳолининг ўзбекистонликларга муносабати қандай бўлмоқда? Ҳамма ҳам хурсанд бўлмаса керак?

"Аксарият меҳнат муҳожирлари қуллардай яшашади"

Россия журналисти

Евгений Колесников: Маҳаллий аҳолини бир неча ҳолат ташвишга солади. Биринчидан ўзбеклар ростдан ҳам маҳаллий аҳолидан ишларни олиб қўймоқда. Авваллари масалан, Петербургдаги қариялар ва талабалар фаррошлик билан ўзларига икки уч танга чойчақа ишлашарди. Ҳозирда эса, бу каби ишларни асосан ўзбекистонликлар қилишади. Иккинчи масала, муҳожирларнинг ўзларини тутиши, кийим кечаклари - масалан Невский проспектида муҳожирлар тапочкаларда ҳам, шалварларда, миллий кийимларда ҳам кезиб юраверишади. Бу асл петербургликларнинг ғашига тегмоқда. Менинг бир неча танишларим полицияда ишлашади, уларга қонунбузарликлар ва жиноятлар ҳақида статистик маълумотларни жиноятчиларнинг келиб чиқишига қараб тартиблаш ман қилинган. Бунга маҳаллий аҳоли томонидан жавобий амаллар чиқишининг олдини олиш сабаб қилиб кўрсатилади.

Би-би-си: Сизнинг назарингизда, нима учун мулозимлар бу масалага, айниқса муҳожирлар орасида жиноятчиликка юмшоқроқ ва ё панжа орасидан қарашмоқда?

Евгений Колесников:Чунки ҳокимиятдагилар ва мулозимларга бу фойдали...Меҳнат муҳожирларига маҳаллий аҳолига тўлаган каби катта ойлик тўламаслик мумкин. Аксарият меҳнат муҳожирлари қуллардай яшашади. Полициячилар ҳам бошқа мулозимлар ҳам улардан пора олишади. Шунинг учун ҳам муҳожирларни қонуний бир фазога олиб киришдан улар манфаатдор эмас.

Би-би-си: Меҳнат муҳожирларичи? Улар қайсидир маънода Россия ҳаётига уйғунлашиб боришмоқдами ва ё ўз анъаналарию одатлари бўйича яшашни афзал билишадими?

Евгений Колесников:Одатда улар ўз ҳолларича яшашади. Петербургда ҳозир ўзбеклар ва ё бошқа муҳожирлар яшайдиган маҳаллалар бор. Бу ердаги барча коммунал хўжаликларда ўзбекистонликлар ишлашади. Уларнинг яшаш жойлари одатда эски ва кўчириш эҳтимоли бўлган ва ё ҳатто ўта абгор ҳолатда бўлган уйлардадир. Ёки улар бир хонада ўн ўн икки киши бўлиб квартираларни ижарага олишади. Вақт ўтиши билан муҳожирлар ўзлари жойлашиб оилаларини олиб келишади. Хотинлари, бола чақалари уларга қўшилади. Шундай қилиб аста секинлик билан улар ўз турар жойларини, ҳудудларини кенгайтириб олишади.

Би-би-си: Муҳожирларнинг болалари боғчаларга, мактабларга бориши керак...Айтингчи, мана шу йўл билан ёшроқ авлод Россия ҳаётига уйғунлашиб бормоқда дейиш мумкинми?

Евгений Колесников:Буни вақт кўрсатади, аммо ҳозирги пайтда Россиялик ўқитувчилар муҳожирларнинг болалари умуман рус тилида гапирмаслигидан шикоят қилишади. Энди тасаввур қилинг, қандай қилиб рус тилини билмаган бола рус тилида математикани ўрганиши мумкин. Бу осон бўлмаса керак. Ўқитувчиларга кўра, бундан маҳаллий аҳоли болалари анча қийналишаётган экан, чунки ўқув жараёни ўз ўзидан сустлашади. Эҳтимол, меҳнат муҳожирларининг фарзандлари маҳаллий болалар билан кўпроқ гаплашишса, дўстлашишса ўртада уйғунлашиш рўй берар. Аммо ҳозирги кунда аксарият меҳнат муҳожирларининг фарзандлари мактабга боришмайди, ўз ота оналарининг иш жойларига келиб уларга ёрдам беришади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.