BBC navigation

Россия: ўзбек муҳожирини ўлдирган милиционерларнинг жазо муддати камайтирилди

Сўнгги янгиланиш 4 октябр 2012 - 15:15 GMT

Муҳожирлар Россия милициясининг ноқонуний ҳаракатларидан шикоят қилиб келишган

Россия маҳкамаси ўзбекистонлик Акбар Сапаевнинг ўлимида айбдор, деб топилган икки собиқ милиция ходимининг жазо муддатларини қисқартирган.

Александр Телешин ҳамда Владимиру Масловлар ўтган йил декабрида қотиллик ва хизмат ваколатларини суистеъимол қилишда айбдор, деб топилиб, 11 йил ва 3 йилу 3 ойлик қамоқ жазоларига маҳкум этилганди.

Россия Тергов қўмитасининг билдиришича, Хабаровск маҳкамаси чиқарган янги ҳукмга кўра, Александр Телешинга 8 йил, Владимиру Маслов эса 3 йиллик янги қамоқ жазолари тайинланган.

Тунги қотиллик

Маълум бўлишича, 2010 йилнинг 15 августида 33 ёшли Телешин ва 27 ёшли Маслов Хабаровск темир йўл вокзали олдидаги майдонда патруллик қилаётган пайт Ўзбекистон фуқароси Қаҳрамон Сапаевни ҳибсга олишади.

Орадан бироз вақт ўтиб, милиция бўлимига маҳбуснинг акаси Акбар Сапаев келади ва укасининг қаердалигини суриштиради.

Гарчи маҳбуснинг акаси милиционерларга қўполлик қилмаган бўлса-да, Маслов уни электрошокер билан уради.

Кейин унга Телешин ҳам қўшилиб, ўзбекни дўппослашади.

Тергов ва маҳкама кўрсатмаларида айтилишича, қийноқларга чидолмаган Акбар Сапаев шиша банкани бошига уриб ёради ва шиша синиғини томоғига қадаб, ўзини ўлдириш билан таҳдид қилади.

Шунда Телешин Сапаевнинг кўкси ва қорнига қарата уч марта ўқ узади.

Акасининг оғир яраланганини кўрган маҳбус панжарага уриб, тез ёрдам чақиришни талаб қилади.

Шунда Маслов ҳибсхона эшигини очиб, маҳбуснинг тепкилайди.

Яраланган ўзбекни кейинроқ шифохонага олиб боришади, аммо орадан 3 соат ўтиб, у ҳаётдан кўз юмади.

Тергов қўмитасига кўра, ҳодиса видео кузатиш камерасига қайд этилган.

Қотиллик ортидан Хабаровск Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Константин Носков ҳодисада омон қолган Қаҳрамон Сапаев ва унинг яқинларидан қўл остидагиларнинг ҳаракати учун расман кечирим сўраган.

Ўқувчилармиз фикрлари:

Рафиқжон:

Rasman kechirim so'rash oson, "juda afsusdamiz" deb, ammo o'sha yigitlarni otasi yoki onasini o'rniga o'zini qo'yib ko'rsin birinchi o'sha boshqarma boshlig'i. Bu bir oshkora bo'lib ketgan voqea, ochilmagani qancha. Bunday yovuzlik qilayotgan "qaxramon" lar xorijda bir kun musofirlikda yashab ko'rganda bilar edi, insoniylik nima ekanligini. Bunday yovuzlik qaytarilmasligi uchun jazo ayovsiz bo'lishi kerak, bu davlatni kelajagi, fuqorolarini tinchligi uchun ham foydali bo'lar edi.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.