Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбек имомлари Араб баҳоридан 'ташвишда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси жойлардаги имомларга мусулмонлар ва кенг жамоатчиликни Араб баҳорининг ортида турган омиллар ва унинг салбий оқибатларидан огоҳ этиш ҳақида топшириқ берган.

Ҳукуматга яқин 12.uz нашрининг диний идорага иқтибосан хабар беришича, Тошкент Ислом Университетида ўтган семинарда мамлакат муфтийси Усмонхон Олимов бошчилигида имомлар Араб баҳори мавзусини муҳокама этишган.

Тошкентдан журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, ўзбек имомларининг ўзлари араб дунёсидаги халқ исёнларининг сабабларидан яхши хабардор, деб айтиш қийин.

"Улар ҳукумат, махфий хизматлар "Араб баҳори ортида ваҳҳобийлар турибди" деса, шунга ишонишади ва мусулмонларга ҳам шуни айтишади", - дейди ўзбекистонлик журналист.

Унга кўра, ҳукумат имомлар, диний уламоларнинг ўзбек жамиятидаги нуфузи ва эътиборини яхши тушунади ва улардан ўзининг тарғибот ишларида фойдаланмоқда.

Аввалроқ, Президент Каримов диний уламоларга хитоб қилиб, уларни фаолроқ бўлиш, хусусан, араб дунёсидаги воқеаларнинг "асл сабаблари"дан ёшларни огоҳ қилишга чақирганди.

"Бу муаммоларга бизнинг муносабатимизни халқимизга етказишимиз зарур. Имом-хатиблар жума намозларида бизнинг қарашимиз мана бундай, деб тушунтириб берсак, ўз тинчлигимизга тинчлик қўшамиз" - деган аввалроқ Тошкент марказида диний уламолар билан учрашган Ислом Каримов.

Таҳлилчилар араб дунёси билан Марказий Осиёнинг якка шахслар томонидан бошқариладиган Ўзбекистон каби давлатларидаги вазиятнинг ўхшашлигига эътибор қаратишади.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада юз берган халқ ғалаёнлари узоқ йиллик яккаҳоким ҳукмдорларнинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган.

-------------------------------------------------------

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

-----------------------------------------------------------

Ўқувчиларимиз фикрлари

Ворис Усмонли, Ўзбекистон

Qo'g'irchoq imomlar ishga kirishibdi-da. Lekin, shu imomlarning 80% i umuman ilmsiz va siyosiy saviyasi haminqadar bo'lgan kishilar. Hukumatdagilar nimani buyruq bersa o'ylamasdan bajaradigan kishilardir. Afsus, bu xalqning boshida shunday kun ham bor ekan...