BBC navigation

Зепп Блаттер ортидан Мишель Платини ҳам Ўзбекистонга келмоқда

Сўнгги янгиланиш 10 октябр 2012 - 10:51 GMT

Бу - Мишель Платинининг Тошкентга илк сафари бўлади

УЕФА Президенти ўзининг Марказий Осиёга сафарини пайшанба куни Ўзбекистонда давом эттиради.

Бу - Мишель Платинининг Тошкентга илк сафари бўлади.

Аввалроқ ФИФА раҳбари Зепп Блаттер ҳам Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қабулида бўлганди.

Расмий хабарлардан аён бўлишича, УЕФА президенти Ўзбекистонда 11-12 октябр кунлари бўлади.

Платини жанобларининг эртага куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Футбол Уюшмаси Президенти Мираброр Усмонов билан учрашиши кутилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, УЕФА президенти худди шу куни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан ҳам кўришади.

УЕФА Президентининг яқинда очилган ва Ўзбекистон тарихидаги энг йириги, деб тан олинган "Бунёдкор" спорт мажмуаси ҳамда "Пахтакор" стадионини кўздан кечириши ҳам айтилмоқда.

Ўзбекистон сўнгги йилларда жаҳон миқёсидаги футбол турнирларини ўзларида ўтказиш истагида эканини изҳор этиб келади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда қурилаётган ва янгитдан таъмирланаётган йигирмага яқин стадион қаторига "Бунёдкор"нинг ҳам қўшилиши эса, мамлакатнинг халқаро миқёсдаги футбол беллашувларига мезбонлик қилиш имкониятларини янада яхшилаши айтилганди.

УЕФА Президентининг сафари Ўзбекистонда Ўзбек футболининг 100 йиллиги байрам қилинаётган бир йилга тўғри келмоқда.

Устига устак, жаноб Платинининг Тошкентга ташрифи ўзбекистонлик футболчилар қитъа миқёсида қўлга киритган жиддий ютуқлари ортидан кузатилмоқда.

Куни-кеча Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мамлакат тарихида илк бор Осиё чемпионлигини қўлга киритган ва Ўзбекистон чемпиони "Бунёдкор" жамоаси эса, ўзининг қисқа тарихида иккинчи бор Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Хабарларга кўра, Мишель Платини бошчилигидаги ҳайъат 12 октябр куни Туркманистон пойтахти Ашхободга учиб кетади.

Мишель Платинига минтақага сафари давомида УЕФА ижроий қўмитаси аъзоси, ўзининг маслаҳатчиси ва муовини, яна шунингдек, Озарбайжон Футбол Федерацияси Президенти Элхон Мамадов ҳамроҳлик қилмоқда.

Мишель Платини 2007 йил илк бор УЕФА президенти курсисига келган, ўтган йил эса, яна ўз лавозимига қайта сайланганди.

Зепп Блаттер ҳам Тошкентда бўлганди

Шу йил йил май ойида Ўзбекистонга қилган икки кунлик сафари чоғида ФИФА Президенти Зепп Блаттер Президент Ислом Каримов қабулида бўлган ва ундек футболсевар давлат раҳбарини кўрмаганлигини айтганди.

Зепп Блаттернинг ташрифи ФИФАнинг Ўзбекистондан 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида шу йилга режаланган Жаҳон чемпионатига мезбонлик ҳуқуқининг олиб қўйилиши ва Тожикистон билан 2014 йилги Жаҳон биринчилигининг саралаш босқич учрашувидаги қоидабузарликлар учун Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва миллий терма жамоанинг беш сара футболчисини жазолаш қарори ортидан кузатилганди.

ФИФА раҳбари президент Каримовдан қизлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати билан боғлиқ ҳодиса юзасидан шахсан узр ҳам сўраганди.

Жаноб Блаттер, ўз ўрнида, Ўзбекистонда футбол ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор эканини урғулаганди.

Унга кўра, Ўзбекистон ФИФА тасарруфидаги катта мусобақаларни ўтказишга тайёр.

Аммо ФИФА раҳбари, "2022 йилгача бўлган барча муҳим Жаҳон чемпионатлари тақдири аллақачон ҳал бўлгани учун, Ўзбекистон Осиё чемпионатларига мезбонлик қилиш имкониятларидан фойдаланиши мумкин"лигини айтганди.

Зепп Блаттер Ўзбекистон ФИФАнинг 2013 йилги конгрессини қабул қилиши мумкинлиги эҳтимоллари ҳақида ҳам сўз юритганди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.