BBC navigation

Google.co.uz деб ёзиб Гулшан Қораеванинг 'жиноят'ини топишган

Сўнгги янгиланиш 11 октябр 2012 - 15:20 GMT

Гулшан Қораева ўзи ва оиласига нисбатан босимлар бўлиб келаётгани, жиноий иш ўзига қарши кампаниянинг бир қисми эканига ишонишини айтади.

Қаршилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулшан Қораевага нисбатан расман айблов илгари сурилган, Гулшан Қораевани Интернетда ёзган мақолалари учун айблашга уринилган дастлабки тергов хулосасининг ўзининг Ўзбекистон қонунчилигига қанчалар мос келиши ҳақидаги саволлар юзага келган.

Бундан олдин ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг бўйнига сохта айблар қўйилганини инобатга оладиган уларнинг маҳаллий ва хориждаги ҳамкасблари Гулшан Қораевани ҳам Ўзбекистон ҳукумати бировга туҳмат қилишда айблаб, аслида уни инсон ҳақлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун жазоламоқчи бўлаётганига ишонишларини айтишади.

Қарши шаҳар милицияси терговчисининг қаламига мансуб ва Қарши шаҳрининг прокурори тасдиқлаган айблов хулосаси "2012 йил 05 сентябр куни "google.co.uz" сайти орқали "Караева Гулшан" сўрови орқали мазкур логин билан боғлиқ маълумотлар қидириб кўрилганда" деб бошланади.

Бу эса қаршилик ҳуқуқ-тартибот органларининг Гулшан Қораевага нисбатан жиноят иши қўзғатишларига кимнингдир Гулшан Қораева устидан ёзган ва ўзларига келиб тушган шикоят аризаси сабаб бўлмаганини англатади.

Шу билан бирга айблов хулосасида мақоласи интернетда эълон қилинган шахс бу мақолага муносабат билдириб форумда қолдирилган изоҳ ёки шарҳ учун ҳам жавобгарми ёки йўқлиги очиқланмайди.

Қаршилик милиция лейтенант ва полковниги ва бу матннинг Ўзбекистон қонунчилигига тўла мос келишини тасдиқлаган прокурорга кўра, айблов илгари сурилган шахс аллақачон бўйнига қўйилган айбларга тўла иқрор бўлиб улгурган.

Айблов хулосаси матни билан танишган фаолларга кўра, бу айбдорлиги исботланса-исботланмаса ҳам ҳукумат танқидчиси бўлган фаолни жазолаш ҳаракатидан бошқа нарса эмас.

Гулшан Қораева Қарши шаҳри ва Қашқадарё вилоятидаги инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, вилоят ва республика миқёсидаги мансабдорларнинг ноқонуний амалларини танқид қилиб келадиган фаолдир.

У ўзига Миллий Хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилиш таклифини илгари сурганлари, бунга рад жавоби берганидан кейин ўзига нисбатан босимлар янада кучайгани ҳақида хабар тарқатган.

Ушбу хабар тарқалганидан кўп ўтмай, Гулшан Қораева яшайдиган уй деворига уятсиз, ҳақоратли ёзувлар ёзиб кетилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Гулшан Қорева билан боғлиқ ҳолатга бефарқ қарамасликка чақирган.

Сўнгги айблов хулосасига ҳам Гулшан Қораевани жазолаш амали сифатида қаралмоқда.

Гулшан Қораева ўзи ва оиласига нисбатан босимлар бўлиб келаётгани, жиноий иш ўзига қарши кампаниянинг бир қисми эканига ишонишини айтади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.