BBC navigation

Швед матбуоти: Обидхон қорига суиқасдда гумонланган шахс 'қўлга олинди'

Сўнгги янгиланиш 12 октябр 2012 - 11:44 GMT

Яқинларининг айтишича, Обидхон қори кома ҳолатидан чиққан ва соғлиги яхши томонга ўзгара бошлаган

Швеция матбуотига кўра, таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаров жонига қасд қилишга уринишда гумонланган шахс бир неча кун муқаддам Россияда қўлга олинган.

Хабарларда айтилишича, ушбу шахс Швеция полицияси рўйхатида бўлган телефон аппаратидан қўнғироқ қилган пайти Россия хавфсизлик хизмати томонидан ушланган.

Ҳозирда уни Россиядан Швецияга экстрадиция қилиш масаласи муҳокама этилмоқда.

54 ёшли Обидхон қори Назаров шу йил феврал ойида Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи дахлизида отиб кетилганди.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танкидчиларидан булган имом олти йил илгари Швецияда сиёсий бошпана олган.

Швед маҳкамаси Обидхон қорига суиқасд уринишини амалга оширишда ёрдам берганликда айбланган ўзбекистонлик эр-хотинни оқлаган.

'Ижобий ўзгариш'

Обидхон қори Назаровнинг ўғли Довудхон отасининг ҳаётига суиқасдда гумон қилинган шахснинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни жума куни эрталаб швед матбоутидан олишгани ва бу оилалари учун "хурсандчилик хабари" бўлганини айтди.

Унинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, швед ҳуқуқ-тартибот идоралари Обидхон қорининг оиласини гумондорнинг ушлангани ҳақида хали расман хабардор қилишмаган.

Швед полицияси қотиллик уринишидан кўп ўтмай, гумондорнинг шахсни аниқлаган ва уни халқаро қидирувга берган.

Гумондорнинг Россияда яширинаётгани айтилганди.

Довудхоннинг айтишича, 8 ойдан буён шифохонада оғир аҳволда қолаётгани айтилган Обидхон қорининг аҳволи ҳозирда "ижобий томонга ўзгара бошлаган".

"Дадам кома ҳолатидан чиқдилар ва ҳозирда шифокорларнинг умидлари қатъийлаша бошлади", - деб айтди Довудхон Обидхон ўғли Би-би-си билан суҳбатда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.