BBC navigation

Мишель Платини: 'Ўзбекистон бизнинг ёрдамимизга муҳтож эмас'

Сўнгги янгиланиш 12 октябр 2012 - 07:58 GMT

Маълум бўлишича, Мишель Платини биргина Ўзбекистон Футбол Федерацияси биносини кўрибоқ, "Ўзбекистон - футбол мамлакати", деган хулосага келган

Ўзбекистонга икки кунлик сафар билан ташриф буюрган УЕФА президентининг айтишича, Ўзбекистон - футбол мамлакати ва минтақадаги футболи энг ривожланган давлатдир.

Мишель Платини Марказий Осиё ва Қофқозга сафари доирасида кеча пайшанба куни илк бор Тошкентга келганди.

Тошкентдан олинган хабарлардан аён бўлишича, жаноб Платини кечанинг ўзидаёқ Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов ва мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёевлар билан учрашган.

УЕФА президенти ўтган йили Ўзбекистонга боришга ваъда бергани ва орадан бир йил ўтиб, уни адо этолганидан жуда хурсанд эканлигини билдирган.

Маълум бўлишича, Мишель Платини биргина Ўзбекистон Футбол Федерацияси биносини кўрибоқ, "Ўзбекистон - футбол мамлакати", деган хулосага келган.

УЕФА президенти Ўзбекистон футболи ҳақида анча тасаввурга эга экани, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун кураш олиб бораётганини назарда тутиб, Ўзбекистон минтақадаги футболи энг ривожланган давлат эканини айтган.

Айни ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш учун ўз курашини давом эттираётган ва Осиё қитъасига берилган 4.5 та йўлланманинг тақдирини ҳал этувчи сўнгги босқич саралаш учрашувларида иштирок этаётган ягона Марказий Осиё давлатидир.

Ўзбекистон миллий терма жамоасига бу каби шараф ҳалича насиб этмаган эса-да, қатор футбол мутахассислари бу гал жамоанинг илк бор ўз тарихида анчайин қулай мавқеъда эканини айтишади.

Ўзбекистонлик футболчилар навбатдаги учрашувларини сафарда 16 октябр куни Қатарга қарши ўтказишади. Агар ушбу ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қўлида баланд келса, ўз олдига қўйган мақсадига анча яқинлашади.

'Сизлар ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмассизлар'

УЕФА президентининг Мираброр Усмонов билан учрашуви тафсилотларидан маълум бўлишича, жаноб Платини Ўзбекистон ўзларининг ҳеч қандай ёрдамларига муҳтож эмаслигини баён қилган.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси расмий веб саҳифаси айни ўринда Мишель Платинининг, "Биз сизларга эмас, айрим масалаларда сизлар бизга ёрдам бера олишингиз мумкинлигини айтишим мумкин. Масалан, ҳакамлик масаласида", деган сўзларидан иқтибос келтиради.

УЕФА президенти "Ўзбекистонда жаҳоннинг энг яхши ҳакамлари борлигидан яхши бохабар экани, бу эса бутун мамлакат учун катта ютуқ эканини ҳам таъкидлаган".

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳали дунёда ҳеч бир ҳакам ўзбекистонлик Равшан Эрматовдек кетма-кет тўрт бор "Осиёнинг энг зўр ҳаками" мақомини қўлга киритмаган.

Яқинда жаҳоннинг энг зўр иккита ҳакамидан биттаси ҳам деб топилган Равшан Эрматов бор-йўғи 35 ёшда эканига қарамай, клублар ўртасидаги жаҳон биринчилиги, Жаҳон чемпионати ва Олимпиада Ўйинлари каби кўплаб нуфузли беллашувларда ҳакамлик қилиб келади.

Расмий хабарлардан аён бўлишича, УЕФА президенти ЎФФ раҳбари Мираброр Усмоновнинг Ўзбекистон жаҳон чемпионатига йўлланма олган тақдирда, Оврўпо давлатлари миллий терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш таклифини албатта инобатга олишини айтган.

Мишель Платини, "Оврўпода тақвим жуда тиғиз ва терма жамоалар билан бу масалада бир тўхтамга келиш бироз қийинроқ бўлгани учун, Оврўпода йиғин ўтказадиган бирор бир Лотин Америкаси терма жамоаси билан гаплашиб кўришга ҳаракат қилишлари"ни билдирган.

УЕФА президенти шундан сўнг Тошкентнинг марказий "Пахтакор", яқинда қуриб битказилган ва Ўзбекистон тарихидаги энг йириги экани айтилган "Бунёдкор" спорт мажмуасини бориб кўрган.

Мишель Платини "Бунёдкор" спорт иншооти, "Жаҳон андазаларига тўла жавоб бериши ва Оврўпо мамлакатларидаги машҳур стадионлардан асло қолишмаслиги"ни таъкидлаган.

Янги мажмуа 56 гектар майдонни эгаллаган 34 минг ўринлиси дохил 7 та замонавий стадион, болалар-ўсмирлар футбол академияси, бассейн, ресторанлар ва бошқа замонавий иншоотларни ўз ичига олади.

Дастлаб 45 минг томошабинга мўлжаллангани айтилган спорт мажмуаси Олмониянинг GMР ширкати томонидан лойиҳалаштирилган ва унинг қиймати 150 миллион АҚШ долларига баҳоланганди.

Қирғизистон ва Тожикистонга сафари чоғида ушбу мамлакатлар президентлари қабулида бўлган УЕФА раҳбари Ўзбекистонда фақат Бош вазир Шавкат Мирзиёев билан учрашган ва бугун - жума куни Туркманистон пойтахти Ашхободга учиб кетган.

Мишель Платинига минтақага сафари давомида УЕФА ижроий қўмитаси аъзоси, ўзининг маслаҳатчиси ва муовини, яна шунингдек, Озарбайжон Футбол Федерацияси Президенти Элхон Мамадов ҳамроҳлик қилмоқда.

УЕФА президентининг Марказий Осиё ва Қофқозга сафаридан мақсади - бу давлатлардаги футболнинг бугунги аҳволи билан танишиш экани айтилмоқда.

Мишель Платини 2007 йил илк бор УЕФА президенти курсисига келган, ўтган йил эса, яна ўз лавозимига қайта сайланганди.

Шу йил май ойида Ўзбекистонга учинчи бор ташриф буюрган ФИФА Президенти Зепп Блаттер ҳам мамлакатда футбол ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор эканини урғулаганди.

ФИФА Президенти Зепп Блаттер Президент Ислом Каримов қабулида бўлган ва ундек футболсевар давлат раҳбарини кўрмаганлигини айтганди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.