BBC navigation

Россия ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига нима беради?

Сўнгги янгиланиш 19 октябр 2012 - 10:11 GMT

Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида олиб борилган сўров натижаларидан аён бўлишича, ҳар уч ўзбекистонликдан биттаси ортга қайтишни истамайди.

Устига устак, улар иложи бўлса, фуқаролигини олиб, Россияда доимий яшаб қолишни ҳам хоҳлашар экан.

Бундан ҳам қизиғи, фикрлари сўралган ҳар икки тожикистонлик ва деярли айни шу сондаги қирғизистонлик меҳнат муҳожири ҳам худди шундай деб жавоб беришган.

Бу каби сўров натижалари Россия ҳукумати муҳожирларга нисбатан сиёсатини кескинлаштираётган ва меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари топталаётганига оид хабарлар кунда-шундалик тус олган бир манзарада кузатилмоқда.

Маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотларининг ҳисоботларида эса, меҳнат муҳожирларига қарши миллатчилик заминидаги ҳужумларнинг сони ҳам ортиб бораётгани айтилади.

Агар айрим маълумотларга таянилса, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд марказий осиёликларнинг сони тахминан 8 миллионга тенг.

Улар Россияда асосан қурилиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилиб келишади.

Агар Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик фуқароларнинг ўз сўзларига қаралса, "Ўзбекларнинг кириб бормаган жойлари фақатгина Россия Думаси ва ҳокимият идоралари бўлиб қолмоқда".

Россиянинг оҳанрабоси нима?

Россияда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаол Баҳром Ҳамроев сўров натижаларини ўтган 20 йил ичида Ўзбекистон ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида вужудга келган аҳвол билан изоҳлайди.

"Унинг ҳуқуқлари ҳимоя этилишнинг ўрнига бузилса, коррупциялашиб кетган Ўзбекистон ҳукумати имкон бермаса, Ўзбекистон халқи нима қилиши керак?", дейди фаол:

Баҳром Ҳамроев

Россияда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаол

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, Ўзбекистон фуқаролари бу ерга келиб, ҳаётларини ҳам иқтисодий жиҳатдан йўлга қўйишга уринишмоқда. Ҳам ўз хавфсизликларини таъминлашга уринишмоқда.

"Келажагини ўйлаб, бир йўл ахтараяпти одамлар. Ўтган 10-12 йил ичида ўзбекистонлик ишбилармон одамлар Россиянинг турли шаҳарлари, жумладан, пойтахт Москвадан ҳам уй-жой олиб, тижоратларини бошлаб, оёққа туриб олишган. Бу ерда асосан иш қилаётганлар қолишяпти", дейди у.

Фаолга кўра, давлат бераётган нафақани олишдан тортиб, транспорт тизимию ишчи ва иш берувчи орасидаги муносабатларгача Россиядаги шарт-шароитлар Ўзбекистондагисидан фарқли.

Унинг айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида Россия фуқаролигини, ҳаттоки, пора бериб олаётганлари ҳам озмунча эмас.

"Бу ерда мисол, Россия фуқаролигини олгач, бир ой, икки ой ичида хорижий паспорт олиб, бемалол бошқа хорижий давлатларга чиқиб кетаётганлари ҳам бор", дейди у.

Россияда бир неча йилдан бери меҳнат муҳожирлигида банд суҳбатдошимизнинг тахминий ҳисоб-китобларига қаралса, ойига ўртача даромад қилувчи ўзбекистонлик йилига 4-5 минг АҚШ доллари миқдорида пул топиши мумкин.

У ўзбекистонлик аксарият уй олиш учун, машина харид қилиш учун, рўзғорини ўтказиш ёки болаларини ўқитиш учун келишади, дейди.

Суҳбатдошимиз бунинг сабабини Ўзбекистонда саноатнинг деярли ривожланмагани, коррупция ҳоллари, коммунал тўловлари, солиқлар миқдорининг юқорилигида кўради.

Кимга йўқотиш бўлади?

Агар ўзбекистонлик маҳаллий кузатувчиларнинг кузатувларига таянилса, меҳнат муҳожирлигига юз тутаётган фуқароларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда.

Улар сўнгги йилларда бу каби анъананинг, айниқса, ёшлар орасида кучайиб бораётганига алоҳида диққат қилишади.

Ҳозир Россияда жаъми 10 миллионга яқин меҳнат муҳожири бўлса, мамлакат матбуоти ҳар иккинчи қонуний муҳожир - ўзбек, деб ёзади.

Фаол Баҳром Ҳамроев Ўзбекистон ҳукумати учун мамлакатда вужудга келган бу каби вазиятнинг ҳеч бир қизиғи йўқлиги, қизиқтирганида, "унинг ҳуқуқларини поймол этиш билан шуғулланмаган бўлиши"ни айтади.

"Мана, Россияда қанча ўзбеклар ўлади. Ўзбекистоннинг тасарруфида ўшалар. Мана шу ердан билса бўлади-ку, оддий нарса", дейди фаол.

Ўзбекистонлик экспертларга кўра эса, муҳожирлик ва унинг ортидан келаётган даромад - айнан шунча катта сондаги меҳнат муҳожирлари, Ўзбекистоннинг ижтимоий оғир қатламларидан чиқаётган фуқароларни ижтимоий хавфсизлик камари сифатида қутқариб турибди.

Улар айнан меҳнат муҳожирлиги ортидан келаётган даромад бошқа давлатлар мисолида мамлакатлар иқтисодиётларини жадаллаштириш, улардан келаётган оз миқдорда бўлсин, сармоялар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга хизмат қилаётган бўлса, Ўзбекистон мисолида бундай деб бўлмаслигини таъкидлашади.

Ўзбекистонлик экспертлар бунинг энг асосий сабабини Ўзбекистонда иқтисодиёт эркин эмаслиги, порахўрлик ҳолларининг кўплиги, давлат ва суд тизимларининг бизнес ҳимоясига кафолат бермаслиги ва банклар тизимининг яхши ишламаслиги каби қатор омилларда кўришади.

Россиядаги фаол Баҳром Ҳамроевга кўра, ҳозир Ўзбекистон халқи ўзининг тақдирини ўзи ҳал этишга ҳаракат қилаяпти.

Фаол, бошқа томондан, ҳозир ҳам, яқину узоқ келажак назарда тутилганда ҳам, Россия ҳукумати ўз ҳудудидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари воситасида Ўзбекистонга ўзининг таъсирини ўтказишга ҳаракат қилишини айтади.

"Меҳнат муҳожирлари Россия жамиятига кириш арафасида" номли сўров эса, шу йил ёз мавсумида "Среда" нотужжорий тадқиқот маркази томонидан олиб борилган.

Сўровда Россия Федерал Муҳожирлик Хизматининг пойтахт Москвадаги идораларига мурожаат этган 400 га яқин меҳнат муҳожирининг фикри ўрганилгани айтилади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.