BBC navigation

Рифат Гумеров Ўзбекистонда тақиқланган шоирлар ва саводсиз амалдорлар ҳақида

Сўнгги янгиланиш 22 октябр 2012 - 15:00 GMT

Рифат Гумеров Ўзбекистондаги фаол ижод қилаётган русийзабон адиблардан бири

Ўзбекистонлик русийзабон адиб Рифат Гумеровга савол беринг.

Рифат Гумеров 1958 йилда Қозоғистоннинг Жамбул вилояти, Талас туманидаги Уч орол қишлоғида дунёга келган.

Фарғона ва Тошкентда яшаб, ижод қилади.

Адабий тахаллуси-Умар Рифат Бек Мансур Ал-Фарғоний.

Шоир, ёзувчи, ношир ва файласуф Рифат Гумеров Австрия Маънавий анъаналар академиясининг ҳақиқий аъзосидир.

У Фарғона Давлат Университети, Москвадаги Горький номли адабиёт институти ҳамда Тошкент Давлат Университети аспирантурасида таҳсил олган.

Россия Ёзувчилар уюшмаси Москва бўлими бошқаруви ҳамда “Ёш Гвардия” нашриётларида ишлаган.

Рифат Гумеровнинг асарлари "Дружба народов", "Юность", "Звезда Востока", "Литературная газета" ва бошқа кўплаб нашрларда чоп этилган.

У рус тилидаги “Кабиса ёз” (1989), “Садониннг сурати” (1990) ҳамда "Dixi" китоблари муаллифи.

“ARK” адабий-бадиий алманахи бош муҳаррири, шунингдек, "Мир. R" халқаро лойиҳаси раҳбари ва ҳаммуаллифларидан.

Рифат Гумеров ҳозирда беш жилди дунё юзини кўрган 50 жилдлик “Марказий Осиё замонавий рус адабиёти антологияси”нинг асосчиси ва ношири ҳамдир.

Унинг шеърлари ўзбек тилига Мақсуд Бекжон, Сирожиддин Саййид ва Абдул Жалил каби шоирлар томонидан ўгирилган.

Рифат Гумеровнинг ўзи Рауф Парфи, Баҳром Рўзимуҳаммад, Яҳё Тоға ва бошқа ўзбек шоирларининг шеърларини рус тилига таржима қилган.

Би-би-си: Ойбек Ғаффор исмли веб саҳифамиз ўқувчиси савол йўллабди: “Муҳтарам Рифат Гумеров. Мен сизнинг замонавий ўзбек шоири (ва сиёсатчиси) Муҳаммад Солиҳ шеърияти ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Ва сиз бугунги кунда Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳнинг шеърий китоблари тақиқланганига қандай қарайсиз? Раҳмат”.

Рифат Гумеров: Муҳаммад Солиҳ атоқли ўзбек шоиридир.

Муҳаммад Солиҳ, Хуршид Даврон ва Усмон Азим- ўзбек шеъриятида “янги тўлқин”ни намоён қилган уч исмдир. Ушбу “янги тўлқин”нинг даракчиси эса Рауф Парфи ҳисобланади. Мен адабиётнинг дарвиши бўлган бу инсон билан дўстлашиш шарафига муяссар бўлганман. 80-йилларнинг иккинчи ярми-шеъриятнинг олтин даври саналади. Мен Муҳаммад Солиҳнинг 1989 йилда “Ёш гавардия” нашриётида чоп этилган "Прозрачный дом" (“Шаффоф уй”-Би-би-си) китобига муҳаррирлик қилганман. Бу китобдаги шеърларни менинг икки дўстим-Виктор Соснора ва Алексей Парщиковлар таржима қилишган. Бу икки таржимон Муҳаммад Солиҳ шеърларининг таржимаси учун энг кўп мос келадиган шоирлар, деб биламан. Улар рус шеъриятининг буюк вакиллари эди. Таржимон эса таржима қилинаётган муаллифнинг даражасига тўғри келиши керак. Ўша пайтлар Алеша Паршиков Тошкентга келган ва биз у билан жуда кўп суҳбатда бўлган эдик. Мен уни сўнгги марта ҳам Тошкентда кўрганман. Фикримча, “Прозрачный дом“ Муҳаммад Солиҳнинг Тошкентда чоп этилган сўнгги китоби эди. Минг афсуслар бўлсинкиим, бу сўнгги китоблар ва сўнгги учрашувлар эди...

Тақиқларга келсак, шоирларнинг отилгани, уларнинг китоблари ёқилгани ва тақиқланганига тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин: Осип Мандельштам, Николай Гумилев, Усмон Носир, Чўлпон, Фитрат... Бу рўйхатни чексиз давом эттириш мумкин. Аммо вақти келиб, тарих ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Китоблар ва шеърлар халққа қайтади...

Мен ўз жавобимга Муҳаммад Солиҳнинг "Ночные пожелания С.М." ("М.С.нинг тунги тилаги"-Би-би-си) шеърини илова қилмоқчиман. Шеърни Алексей Парщиков рус тилига ўгирган.

Хочу, чтоб в ночь приснилось Вам
Два длинных узеньких кошмара:
Два шумных ангела, мадам,
Как два (воскресшие) шумера.

На стул, где я робел и чах,
Пусть прыгнет ангел вероломный,
Бесцеремонно выпив чай,
Он молвит стих, себе подобный:

"Зачем обидела С.М.,
Зачем красу во злость пустила?
С.М. не прост, не прост совсем,
Чтобы с небес дарить светила.

Храни его мужскую честь,
С.М. раним, спугнешь – навеки…
И помни: имя его есть
В секретной нашей картотеке!".

Би-би-си: Раҳмат. Динора “Cиз Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтилишига қандай қарайсиз?” деб сўрабди.

"Давлат ёзувчига қандай ёзишни ўргатади. Яна буни адабиёт ва санъатдан йироқ саводсиз амалдорларнинг қўли билан қилади..."

Рифат Гумеров: Мен бунга бир воқеълик сифатида қарайман. Лотинлаштириш ўзбек ёзувини пичоқ билан қоқ иккига бўлиб ташлади. Кекса авлод ҳануз кирил ёзувидан фойдаланади ва лотиндан ажраб қолган, ва аксинча- ёш авлод кирилчадан узилиб қолган ва лотинчани ҳам яхши ўзлаштира олмаяпти. Бунда халқ таълими тизимининг қулаши ва вайрон бўлиши ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Ўқитувчи талабаларга дарс бериш ўрнига ҳужжат тайёрлаш билан овора-раҳбар ва назоратчи идораларнинг текширувлари-ю, статистик маълумотлар. Энди бунинг устига арзимас маош, ўқув биноси ва атроф ҳудудларни тозалаш, пахтага чиқиш, ҳеч кимга кераксиз газета ва журналларга обуна-ю, мудир ва директорларга пул йиғиб беришни ҳам қўшинг. Шундан саводсиз, гўзал ҳаёт ҳақида орзу қиладиган, бунинг учун меҳнат ва ўқишдан бошқа ҳамма нарсага тайёр бўлган ёш авлод пайдо бўлган...

Агар ўқиш ва меҳнатга пул тўланмаса, давлат буни рағбатлантирмаса, унда ўқиш ва ишлаш кимга зарур?. Ўқишнинг ўрнига – ўқитувчиларга пора бериш ва ўзи ҳам пора олиш имконига эга бўлиш учун назоратчи, текширувчи идораларга ишга жойлашиб олиш...

Би-би-си: Алберто деб исм қўйган тингловчимиз сўрабди: “Мустақиллик йилларида тарихимиз фақат оқ ва қорага бўялди. Яъни ҳамма шўро давридаги нарсалар ёмон ва ҳамма мустакиллик давридаги нарсалар яхши қабилида. Мен шўро даврида зиёлилар, шу жумладан, ёзувчи ва шоирларнинг яхши яшашгани, кўпроқ чоп этилганини яхши биламан. Сиз яқин ўтмишимиз ҳақида қандай фикрдасиз?”.

Рифат Гумеров: Мен 80-йилларда москвалик дўстларимизга қандай ҳазил қилганимиз, Муҳаммад Солиҳнинг хали ўша даврларда уларга “хали вақти келиб сизлар Ўзбекистонга бориш учун виза олишингиз керак бўлади”, деганини яхши эслайман. Ўшанда унинг сўзлари доҳиёна бўлиб чиқишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз...
Ҳа, биз тоталитар тузум, коммунистик партиянинг зўравонлигига қарши эдик. Аммо Совет Иттифоқининг фақат ёмон эмас, балки яхши томонлари ҳам бор эди. Яхши томонларини олиб қолиб, ёмон жиҳатларидан воз кечиш керак эди. Ҳозир эса, бунинг том тескариси бўлаяпти-яхши томонларидан воз кечиб, ёмон томонларини қолдирдик ва унга яна бошқа ёмон жиҳатлар қўшилаяпти...
Авваллари мен чоп этилган шеърларим учун қалам ҳақи олган бўлсам, ҳозир китоб чиқариш учун нафақат қалам ҳақи олмайман, балки қоғознинг ҳаққини, таҳририят ва нашриёт ҳақларини қоплашим керак бўлади. Бу нима дегани? Ёзувчи роман ёздими-бу унинг меҳнати. Бунинг учун моддий рағбат кўрмагани етмаганидай, яна қоғоз ва нашриётга ҳам тўлаши керак. Давлат қўлини ювиб қўйган ва бу жараёнда иштирок этмайди. Аммо ёзувчига нима ёзишни, қандай қилиб “тўғри ёзиш”ни ўргатади. Яна буни адабиёт ва санъатдан йироқ саводсиз амалдорларнинг қўли билан қилади...

Ўзининг ноқобиллиги ёки майлсизлигини оқлаш учун эса ҳамма нарсага балогардон бўладиган душман керак. Совет ҳокимиятига қарши курашни тўхтатиш вақти келди-ахир биз мустақилликнинг 21-йилидамиз. Яратиш ва бунёд қилиш вақти келди. Айнан ўз ҳаракати учун жавоб бериш фурсати етди...

Шундай ибора бор-агар сен ўтмишга тўппончадан отсанг, ўтмиш сенга замбарак билан жавоб қайтаради...

Би-би-си: Абдуҳаким исмли тингловчимиз сўрабди: salom. uzingizga malum, Uzbek fuqorolari chet elga borishsa asosan rus yoki usha davlatni tilida gaplashishadi. Bu birinchidan, usha davlat tiliga hurmat, ikkinchidan majburyat. nega Uzbekistonga kegan Rassiya yoki boshqa davlat fuqorolari Uzbek tilida gaplashishmidi?(turistlar bundan mustasno) Rossiyada, Ukrainada talab qiladiku? nega bizni halqimiz Uzbekistonga ish bian kelgan chet el fuqorolari Uzbek tilida gaplashishni talаb qilishmidi. oldindan rahmat.

Рифат Гумеров: Менга бу маълум. Яна менга шу ҳам маълумки, Англия ёки АҚШда яшайдиган ўзбеклар инглиз тилида, Кореядагилар корейс тилида, Олмонияда эса олмон тилида гаплашишга мажбурлар. Буни ҳурмат ёки қоида деб ҳам бўлмайди. Бу ҳаётнинг шафқатсиз зарурати.

Бутун собиқ шўро ҳудудида рус тилининг аҳамияти ўн йиллар, юз йиллар давомида қарор топган. Ва Чор Россияси ҳамда ундан кейинги совет империяси даврида рус тили нафақат давлат тили, балки миллатлараро мулоқот тили ҳам бўлиб келди. Мен шундай бир воқеани эслайман. 1980-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига Эстониядан, эстон тилида бир мактуб келди. Ва унга жавоб бериш у ёқда турсин, ҳеч ким ўқий олмади. Ўшанда кимдир ўзбек тилида жавоб ёзиш таклифини ўртага ташлади. “Сизнинг мактубингизни олдик-ҳеч нарса тушунмадик. Сиздан илтимос, бундан кейин бизга ўзбек тилида ёзсангиз...”. Бу воқеа рус тилининг миллатлараро алоқа воситаси сифатидаги аҳамиятини яна бир марта кўрсатади.
Ҳозирги пайтда Марказий Осиёда рус тили ўз ўрнини бой бермоқда...

Мен Ўзбекистонда яшаётган кўплаб хорижликларни биламан-улар ўзбек тилини жон деб ўрганишаяпти.
Умуман олганда, тил билиш-бу бойлик. Инсон қанча кўп тил билса, унинг имкониятлари шунча кўпаяди.

Би-би-си: Швециядан Тўлқин Қораев: “Ҳурматли адиб ва шоирга менинг шундай саволим бор: 1990 йилларда бутун собиқ Совет Иттифоқида "буюк рус шоввинисзми" атамаси тарқалди. Ҳақиқатдан ҳам мана шу иллат бўлганлигини тасдиқлай оласизми? Агар рус шоввинизми бўлган бўлса ундан нима мақсад кўзланганди? Ва бу ҳол бўлмаган бир афсона бўлса, унда бундан нима мақсад кўзланганди? Жавобингиз учун олдиндан ўз миннадорлигимни билдириб қоламан”.

Рифат Гумеров: Мен “улуғ рус шовинистлари” кимлигини билмайман, мен фақат улуғ рус ёзувчиларини биламан. Менинг “улуғ рус шовинизми” деган иборадан ҳам хабарим йўқ, мен фақат “улуғ рус адабиёти”нигина биламан...

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.