BBC navigation

Осиё Олимпия Кенгаши ҳам Артур Таймазовни тақдирламоқчи

Сўнгги янгиланиш 22 октябр 2012 - 09:18 GMT

Ўзбекистонлик кураш афсонаси сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида эришган оламшумул ютуғи учун Осиё Олимпия Кенгашининг махсус мукофотига лойиқ деб топилди.

Артур Таймазов эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасида кетма-кет уч - Афина, Пекин ва Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медаллари соҳибига айланиб, кураш афсонаси сифатида тарихга кирганди.

Ўзбекистонлик донгдор курашчи ўзининг сўнгги ютуғи билан 33 ёшида юнон-рум кураши бўйича собиқ Шўро курашчиси Александр Карелин ва эркин курашчиси Александр Медведлар билан тарихдаги учта буюк курашчидан бирига айланди.

Кенгаш осиёлик спортчиларнинг Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида эришган юксак ютуқларини муносиб тақдирлаш учун ўзининг “ООК Олимпия мукофоти”ни таъсис этган.

Хабарлардан аён бўлишича, ушбу мукофот Ўйинларнинг олтин медалини олган, дунёнинг энг йирик спорт тадбирида жаҳон ёки Олимпиада рекордини ўрнатган 20 нафар спортчига берилади.

Марказий Осиё давлатлари орасидан ўзбекистонлик донгдор курашчи Артур Таймазовдан ташқари, қозоғистонлик штангачи Зулфия Чиншаҳло ҳам ушбу мукофотга лойиқ, деб топилган.

Зулфия Чиншаҳло 53 кг вазн тоифасида нафақат Лондон Олимпиада Ўйинларининг олтин медалини қўлга киритган, балки силтаб кўтаришда 131 кг натижа кўрсатиб, янги жаҳон рекордини ҳам ўрнатганди.

Жаҳоннинг энг кучлилари сафларидан жой олган осиёлик спортчиларга мукофотлар шу йилнинг 8 ноябр куни Хитойнинг Макао шаҳрида уюштирилажак махсус зиёфат чоғида топширилади.

Артур Таймазов

Артур Таймазов катта спортдаги фаолияти давомида Ўзбекистон ва жаҳоннинг энг кўп медал олган спортчиларидан бири саналади.

У кетма-кет уч Олимпиада Ўйинларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган дунёдаги саноқли спортчилардан бири.

2000 йилги Сидней Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медали соҳиби.

Устига устак, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси сўнгги икки Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган олтин медаллар ҳам фақат Артур Таймазовга тегишли.

Артур Таймазов ўз вазн тоифасида бир неча бор Жаҳон рекорди ҳам ўрнатган.

Ўзбекистонлик афсонавий курашчи, бундан ташқари, уч карра Осиё Ўйинлари чемпиони ва турли нуфузли халқаро турнирлар ғолиби ҳам саналади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси шу йил июл-август ойларида бўлиб ўтган Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларини битта олтин ва учта бронза медали билан якунлаганди.

Аммо Ўйинлар Ўзбекистон учун донгдор курашчиси Артур Таймазов эришган оламшумул ва тарихий ютуқ билан ёдда қолганди.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.