BBC navigation

Ўзбекистонда мактаб болалари яна пахтага олиб чиқилмоқда

Сўнгги янгиланиш 23 октябр 2012 - 15:28 GMT

Қашқадарёлик қизалоқ пахта даласида

Ўзбекистонлик фаоллар хабар тарқатишларича, бу йил мамлакатда пахта йиғиш режаси бажарилгани эълон қилинганига қарамасдан, Қашқадарё вилояти далаларидан мактаб ўқувчилари ўқишга қайтарилмаганлар.

Бу ҳақида мухолифатдаги "Бирдамлик" ҳаракати фаоли Малоҳат Эшонқулова, ҳамда норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси раҳбари Елена Урлаева маълумот беришди.

Фаолларнинг кузатувларига милиция ходимлари халақит беришган, ҳамда уларнинг фото ва видеожиҳозларини тортиб олишга уринган.

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида кузатувларини олиб бораётган Малоҳат Эшонқуловада

"Бугун Яккабоғ, Шаҳрисабз, Қамаши туман далаларини кезаётганимизда бир нарсага гувоҳ бўлдик, йўл четидаги пахта далаларида асосан ёш болалар пахта термоқда. Биз қизиқиб, далага тушиб суҳбатлашдик, улар ўндан ортиқ болалар эди. Улардан бири, 5-синфда ўқийдиган қиз менга пахта бошланганидан бери мактабдан жавоб берилганини ва шундан бери пахта териб келишаётганларини айтди", - дейди Эшонқулова.

Аввалроқ ҳукуматга яқин веб саҳифа болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини рад қилганди.

Фаолга бошқа яна бир ўқувчи пахта теримига 20 сентябрдан бери чиқаётганлари, кун бўйи далада бўлишлари ва "обедга макарон" беришларини айтган.

Фаоллар олдига келган ва юзларини тўсиб олган ўқитувчи аёллар улардан ҳужжатларини талаб қилишган. Ўқитувчининг ўзи адабиётдан дарс беришини билдирган, лекин исм-шарифини очиқлашни истамаган.

"Ўқитувчи мендан "бу маълумотни нима қиласиз, чиқармоқчимисиз?" деб сўради. "Ҳа, чиқармоқчиман" десам, "Чиқаринг, бизнинг ҳам жонимизга тегиб кетди. Пахта териш ўқитувчининг вазифасими, тўйиб кетдик биз, ёзсангиз ёзаверинг, фақат бизга ва мактаб болаларимизга гап тегмаса, бўлди", деди" - дейди Эшонқулова Би-би-си билан телефон орқали суҳбатда.

Фаол ўқитувчидан нега пахта режаси бажарилгани байрам қилинаётган бўлса ҳам, болалар далага олиб чиқилаётганини сўраганида, ўқитувчи бундан хабари йўқлиги, лекин уларга зарбдор ўн кунлик эълон қилингани учун 5 ва 9-синф орасидаги ўқувчилари далага олиб чиқилаётганини айтган.

Жорий йил Ўзбекистон Бош Вазири Шавкат Мирзиёевнинг мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этмаслик борасидаги қарори қабул қилиниши ортидан, бу йил ҳосил асосан коллеж ва университетлар ўқитувчилари, ҳамда шифокор ва имомлар доҳил барча катта ёшдагилар қўли билан териб олинаётгани хабар қилинганди.

Аммо, Эшонқулова ҳукумат қарори "кўзбўямачилик" эканини айтади.

Фаоллар болалар меҳнатини ҳужжатлаштиргани учун таъқибга учраганлар.

Унинг айтишича, Яккабоғдан Қамашига сафар қилаётганларида, улар сафар қилаётган такси ДАН ходимлари томонидан тўхтатилган ва такси ҳайдовчисининг ҳужжатлари тортиб олинган.

Сўнгра яна олти машинада ДАН ходимлари етиб келишган ва фаолларнинг видео ва фото олувчи жиҳозларини тортиб олишга уринганлар, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаганлар.

ДАН ходимлари фаолларга фото ва видео олишга рухсатлари йўқлигини рўкач қилишган, бироқ фаоллар бу масала ДАН ходимларининг ваколатига кирмаслигини айтганлар.

"Болалар чиқмаётгани ҳақидаги мақолаларга биз ҳам ишонган эдик, токи буни ўз кўзимиз билан кўриб гувоҳи бўлмагунимизча. Энди бу кўзбўямачалик сиёсатини исбот қилувчи материалларни қўлимиздан тортиб олиб қўймоқчи зўрлик ишлатиб, шу бизни ташвишга солмоқда", - дейди Эшонқулова хоним.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар



BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.