BBC navigation

Бутун дунё мусулмонлари Қурбон Ҳайитини нишонлашмоқда

Сўнгги янгиланиш 26 октябр 2012 - 08:16 GMT

Москвада мусулмонлар кўчаларда ҳам Ҳайит намозини ўқишган

Эрта тонгдан дунё мусулмонлари Ислом динининг асосий байрамларидан бўлган Ийд ал-Адҳа(Қурбон Ҳайити)ни нишонлашни бошладилар.

Макка шаҳрида мусулмонлар Ҳайит намозини адо этишди.

Ҳар йили икки миллионга яқин мусулмонлар Саудия Арабистонидаги Макка шаҳрига муқаддас Ҳаж сафарини адо қилиш учун йўл оладилар.

Саудия расмийларига кўра, 1,7 миллион мусулмон бутун дунёдан бу йилги Ҳаж зиёратини адо этишга йиғилганлар.

Бу йил Ўзбекистондан беш минг зиёратчи ҳаж зиёратига боришган.

Ҳаж ибодатларидаги муҳим кунлардан бири Арафада зиёратчилар Арофот тоғида ибодат қилгач, жума куни жонлиқ қурбонлик келтиришган.

Ўзбекистоннинг ҳам барча масжидларда Ҳайит намозлари ўқилган.

Байрам куни Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани айтилмоқда.

26 октябр Қурбон Ҳайити муносабати билан Ўзбекистонда дам олиш куни деб эълон қилинган.

Россия Президенти Владимир Путин россиялик мусулмонларга табрик йўллаган.

Россияда Ҳайит намози

Россиядаги минглаб мусулмонлар, жумладан Марказий Осиёдан борган муҳожир ишчилар Ҳайит намозини масжид ва кўчаларда ўқишган.

Москвадаги кўчаларда Ҳайит намозини ўқишга келганлар кўплиги транспорт ҳаракатига таъсир қилган.

Масжидларга яқин ва атрофидаги кўчалар полиция томонидан тўсиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилгани хабар қилинади.

Москвада ҳаво совуқлиги ва ёмғир ёғаётганига қарамасдан, 150 мингга яқин киши Қурбон Ҳайити намозини ўқишга йиғилган.

"Ҳа биз шундоқ рельслар ва йўлкаларда турибмиз. Машина юрмаяпти. Йўллар ёпилган. Лекин ҳаммамизни сиғдирадиган масжид бўлганида кўчага чиқмас эдик. Одамлар бу ерга фақат намоз ўқиш учун йиғилишди, бошқа ҳеч нарса учун эмас",-деган Москва Жоме масжидига келувчи Абдутолиб Шайхов исмли йигит.

Россия пойтахтидаги бешта масжид 10 мингга яқин кишини сиғдириши мумкин. Кузатувчиларга кўра, Москвада икки миллионга яқин мусулмон яшайди.

"Россияда мусулмонлар борган сари ошиб бормоқда. Уларни масжидларга сиғдириш қийин бўлмоқда. Ҳозир одамлар бозорлар, қурилишларда намозларини ўқишгани ҳақида хабарлар бор. Уларни ҳаммасини назорат қилишнинг имкони йўқ", - деб айтган Россия муфтийлар кенгаши раиси Равшан Аббосов.

Муфтийлар Кенгаши Москвада яна 10та масжид қурилиши кераклигини айтган. Бироқ бу ҳаракатлар пойтахт аҳолисининг норозиликларига сабаб бўлиб келмоқда.

"Москвада рўйхатга олинган мусулмонлар учун мавжуд масжидлар бемалол етади. Масжидларнинг тиқилинчлилиги муҳожир ишчилар ҳисобига туғилмоқда ",- дейди Би-би-си билан суҳбатда Москва ҳукуматининг диний ташкилотлар масалалари бошқармаси раиси Константин Блаженов.

Жаноб Блаженов Москвада янги масжидлар қурилиши масаласи кўриб чиқилаётганини айтган. Бироқ аниқ санаси ҳақида ҳеч нарса демаган.

Ҳайитдаги "келин кўрди"

Ўзбекистонда Ҳайит кунлари марҳумларни ёдга олиш, таъзияли хонадонларга бориш ҳам одат ҳисобланади.

Шунингдек, янги келин тушган хонадонларда "келин салом"лар бўлади.

Бу маросим кўп исрофгарчиликка сабаб бўлгани туфайли пойтахт Тошкентда бу йил тақиқлангани айтилган.

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Косон шаҳрида эса "келин салом" маросими узоқ вақтлардан бери алоҳида тайёргарлик билан ўтқазиб келинади.

"Бу бизнинг қадимдан келаётган маросимиз",- дейди косонлик Бибиражаб момо. "Келинларнинг ҳусну-одоби шу икки Ҳайитда кўринади-да. Мен ҳам бундан 45 йил олдин келин салом қилганман. Олтита келиним бор. Худога шукур ҳозир мана невара келинимнинг саломини қиляпмиз", деб ўз хурсандчилиги билан ўртоқлашади момо.

Косонда бу маросим янги келин тушган хонадонларда Рамазон ва Қурбон Ҳайитларида ўтказилади.

Маросимга фақат аёллар ташриф буюриб, кекса момолардан тортиб қўлларига хино қўйилган жажжи қизалоқлар келиннинг деворларга осилган сарпоси, пиширган ширинликлари ва қилган таъзимига баҳо беришади.

Янги келини бор хонадон эгалари эрта тонгдан дарвозаларини очиб қўйиб, меҳмон кутишади.

Қизиғи "келин кўрди" маросими маросими вилоятнинг бошқа жойларида ўтказилмаслиги боис, келиннинг бошқа шаҳарларда бўлган қариндошлари атайлабдан "келин кўрди"га келишади.

"Мен бугун 12 та келин кўрдим. Ҳали бошқа маҳаллаларда ҳам келинлар бор. Билган келинларимизни кўриб чиқишга кечгача улгурмасак керак", - дейди келин кўришга чиққан косонлик Лобар исмли қиз.

Косонликларга кўра, Ҳайит байрами ўтганларни ёдлаш, ибодатларни адо этишдан ташқари, келинлар учун ҳам ажойиб маросим.

Оташкесим

Айни пайтда дунёнинг нотинч нуқталарида Ислом байрами муносабати билан зўравонликлар тўхтатилган.

Жумладан, Сурияда Ийд ал-Адҳа кунларида вақтинчалик оташкесим эълон қилинган.

Исроил ва Ҳамас Ғазо бўлгасида келишувга биноан ҳужум қилиш тўхтатилган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.